Жаҳон | 22:55 / 13.01.2023
4105
2 дақиқада ўқилади

Трамп компаниялари солиқ тўламагани учун 1,6 миллион доллар жаримага тортилди 

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга тегишли компаниялар катта миқдорда жаримага тортилди. 

Фото: AP

Доналд Трампнинг Trump Organization ташкилотига кирувчи икки компания солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун 1,6 миллион доллар миқдорида жаримага тортилди. Бу максимал жарима бўлиб, компаниялар томонидан тўланмаган солиқлар миқдоридан икки баравар кўпдир. Бу ҳақда Associated Press хабар берди. 

Суд қарори билан Trump Corp. 810 минг доллар, Trump Payroll Corp. эса 800 минг доллар жаримага тортилди. Суд қарорига изоҳ берар экан, Trump Organization вакили ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймаганини, шу сабабли жарималар устидан шикоят қилишини айтди. 

«Нью-Йорк шаҳри дунёнинг жиноят ва қотиллик пойтахтига айланди ва бу сиёсий мотивли прокурорлар Трампни қўлга олиш учун ҳеч нарсадан тўхтамайдилар. У ўз президентлигини эълон қилган куниданоқ таъқибларга учрамоқда», дейилади баёнотда. 

Trump Organization ва унинг собиқ молия директори Аллен Вайсселбергга 2022 йил июл ойида айблов эълон қилинган эди. Айблов ҳукми 17 та бандни ўз ичига олади, жумладан, солиққа оид фирибгарлик, хўжалик юритувчи субъект ҳужжатларини қалбакилаштириш, банк ва суғурта операцияларида фирибгарлик, фойда олиш мақсадида кўчмас мулк қийматини ошириб юбориш ёки паст баҳолаш. 

2023 йилнинг 11 январида Trump Organization собиқ молия директори солиқ фирибгарлиги учун беш ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 

Мавзуга оид