Жаҳон | 23:48 / 14.01.2023
13229
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Германияга нефт етказиб бериш учун рухсат олди 

2023 йилнинг дастлабки 3 ойида қувурлар орқали 300 минг тонна нефт етказилади. 

Фото: REUTERS/Shamil Zhumatov

Қозоғистоннинг магистрал нефт қувурлари бўйича миллий оператори 2023 йилнинг биринчи чорагида Россиянинг «Транснефт» компанияси қувурлари орқали Германияга 300 минг тонна «қора олтин»ни етказиб беришини маълум қилди. Бу ҳақда Centralasian хабар берди. 

«КазТрансОил» компаниясининг маълум қилишича, тегишли рухсатнома Россия Энергетика вазирлиги томонидан берилган. 

«КазТрансОил» ОАЖ Россия Федерацияси Энергетика вазирлигидан 2023 йилнинг биринчи чорагида 300 минг тонна Қозоғистон нефтини «Транснефт» магистрал қувурлари орқали «Адамова Застава» пункти йўналиши бўйича Германияга етказиш учун рухсат олди», дейилади компания хабарида. 

«КазМунайГаз» нефт-газ компаниясининг хабар беришича, Қозоғистон ўз нефтининг биринчи партиясини 2023 йилнинг январида Атирау-Самара нефт қувури орқали, кейин эса «Дружба» қувури орқали Германияга етказмоқчи.  

Қозоғистон 2023 йилда Германияга 1,5 миллион тонна нефт экспорт қилишни режалаштирмоқда ва бу ҳажмни олти миллион тоннагача ошириши мумкин. 

Аввалроқ, Германия Россия нефтидан бутунлай воз кечганини эълон қилган эди. «Коммерсантъ» маълумотларига кўра, Россия Германияга йилига 19-20 миллион тонна нефт етказиб берган. 

Қозоғистон 2023 йилда 90,5 миллион тонна нефт қазиб олишни режалаштирмоқда, шундан 71 миллион тоннаси экспорт қилинади.  

Мавзуга оид