Жаҳон | 19:42 / 17.01.2023
50557
9 дақиқада ўқилади

Энди ғалаба кимники экани баҳси. Россия армиясидаги бўлиниш тобора кўпроқ намоён бўлмоқда

Россия мудофаа вазирлиги ўз қўшинлари Соледарни қўлга киритганини эълон қилгач, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари ҳарбийларни бировнинг ютуғини ўғирлашда айблади. Украина эса бу ерда ҳамон жанглар бораётганини маълум қилган.

Russian Defense Ministry/EPA, via Shutterstock

Россиянинг 13 январ куни Украина шарқидаги Соледар шаҳрини эгаллагани ҳақидаги баёноти Москванинг ҳарбий амалиётларида тобора кучайиб бораётган зиддиятларни ошкор қилди. Айнан шу ғалаба хабаридан сўнг рус ҳарбийлари ва бир гуруҳ хусусий ёлланма аскарлар ушбу муваффақият сабабчиси ким эканлиги бўйича очидан очиқ тортишувга киришди.

Россия мудофаа вазирлиги ўз баёнотида ўз кучлари Соледар шаҳри устидан назоратни қўлга олгани, бу Россиянинг сўнгги бир неча ой ичида эришган энг катта жанговар муваффақияти бўлиши мумкинлигини айтган. Бироқ баёнотда жангларда қатнашган, Кремль билан боғлиқ бўлган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ғалабадаги ўрни ҳақида умуман тилга олмаган.

Бу баёнотдан кўп ўтмай, «Вагнер»нинг катта қўмондони Андрей Трошев РФ мудофаа вазирлигини «бировнинг ютуқларини ўғирлаш»да айблади. 14 январ куни «Вагнер» Соледар унинг жангчилари томонидан қулатилгани, Россия армияси бу амалиётда иштирок этмагани, фақат Кремлгина бу даъвога қарши чиқишини қатъий таъкидлади.

Бир неча ойдан бери давом этаётган шиддатли жанглар ва оғир талaфoтлардан сўнг, ҳозирда Соледарни аслида ким назорат қилаётгани номаълумлигича қолмоқда. Украина ҳарбийларининг айтишича, уларнинг қўшинлари шаҳарнинг бир қисмини ҳамон ўз назоратида сақлаб турибди, бироқ Россия ушбу ҳудудга катта миқдордаги кучларни ташлаган ва вазият ўзгарувчан.

Соледарни эгаллаш Россия учун, бир неча ойлардан бери жанглар давом этаётган Бахмут шаҳри атрофида янги артиллерия позицияларини яратади. Аммо таҳлилчилар фикрига кўра, Соледарнинг ўзи унчалик муҳим стратегик аҳамиятга эга эмас ва унинг босиб олиниши Украина шарқи учун курашни жиддий ўзгартириши даргумон.

Вашингтонда жойлашган Урушларни ўрганиш институти 12 январ куни географик кадрларга асосланиб, рус қўшинлари Соледар шаҳрининг катта қисмини назорат қилаётганини тасдиқлади. Шунингдек, шаҳарнинг қўлга киритилиши «энг яхши ҳолатда ҳам русларнинг катта харажатлар эвазига эришган пиррик (мағлубиятга тенг ғалаба) тактик ғалабаси» бўлиши қўшимча қилинди.

Соледарнинг катта қисмида бинолар вайрон бўлган, кўплаб иншоотлар снарядлар тушиши оқибатида жиддий шикастланган. Шаҳарнинг урушдан олдинги 10 минг аҳолисининг катта қисми қочиб кетган. Россия армиясининг бир неча ойлик муваффақиятсизликлари, хусусан, сентябр ойида Харкивда жиддий зарбага учраб, тартибсиз чекиниши, ноябр ойида Херсонни ташлаб чиқиши ва шарқда оғриқли мағлубиятга учрашидан кейин Россия ҳарбий раҳбарияти Соледар шаҳрини ўзи учун рағбат сифатида кўрди. Ва мукофот рамзига айланган бу шаҳарни эгаллаш учун қаттиқ ҳаракат қилишни бошлади.

«Вагнер» ва рус ҳарбийлари ўртасидаги ошкора зиддият Россия Украинага бостириб киргандан бери давом этаётган чуқур бўлиниш ва тартибсизликни кўрсатади. 13 январ куни кечга яқин Россия ҳарбийлари вазиятни илиқлаштиришга ҳаракат қилди. Мудофаа вазирлиги иккинчи марта баёнот бериб, бу сафар «Вагнер» жангчиларининг хизматларини эътироф этди.

Вазирлик янги баёнотида Соледарни эгаллашда турли гуруҳлар биргаликда ҳаракат қилганини таъкидлаган. Шунингдек, кейинги баёнотда, шаҳар кварталларига тўғридан тўғри ҳужум «Вагнер» компаниясининг кўнгилли ҳужум отрядларининг «жасоратли ва фидокорона ҳаракатлари билан амалга оширилгани» қўшимча қилинган.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин бир неча ой ичида Россиянинг урушдаги ҳаракатларида муҳим ўрин эгаллади. У ўз компаниясига қамоқхоналардаги маҳкумларни ёллади, ўзининг қирувчи самолётлари ва танкларига эга бўлди, рус генералларини очиқчасига ҳақорат ва мазах қилди.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Пригожин Россия ҳарбийларининг Украинадаги муваффақиятсизликларидан фойдаланиб, ​​«Вагнер»нинг урушдаги ролини таъкидлаган ҳолда, президент Владимир Путин олдида ўз обрўсини оширишга ҳаракат қилган.

Вагнерчилар бир неча ойдан бери эгаллашга ҳаракат қилаётган Бахмут ва Соледар учун жанглар орқали Пригожин ўзини Россиянинг ягона муваффақиятли ҳужум операцияси раҳбари сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди. У гўёки фронтдан узоқ бўлмаган ерда жойлашган аскарлари билан шахсан учрашгани тасвирланган видеони тарқатди ва ҳарбий раҳбарларни жанговар ҳаракатлар зонасига бормаётгани учун танқид қилди.

13 январ куни Пригожин жамоасига мансуб бўлган Телеграм-каналлардан бирида унинг сўзларидан иқтибос келтирилди. Хабарда «Вагнер» раҳбари унинг компанияси «коррупция, бюрократия ва ўз жойида қолишни истайдиган амалдорлар» билан курашаётганини айтган ва булар «Вагнер» учун АҚШдан ҳам «жиддийроқ таҳдид» эканини таъкидлаган. Пригожин гап қайси амалдорлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.

Соледар атрофида ракеталардан сақланиш учун «оловли тузоқ»дан фойдаланаётган украин самолёти. Фото: Libkos/Associated Press

13 январ куни Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг доимий кечки мурожаатида руслар ўртасидаги зиддиятдан хурсандлигини кўрсатди ва Украина қўшинлари Соледарда ҳали ҳам жанг қилаётганини айтди.

«Улар қандайдир тактик силжиш кимнинг хизмати экани устида бир-бири билан жанжаллашмоқда. Бу душман муваффақиятсизлигининг аниқ белгиси. Ва бу Украинага Россияга босимни ошириш учун мотивация», деган Зеленский.

Кремлдаги ўзгарувчан куч динамикасини акс эттирган ҳолда, Путин 11 январ куни Пригожин томонидан мақталган генерал Суровикинни Украинадаги бирлашган кучлар қўмондони лавозимидан бўшатди. Унинг ўрнига узоқ йиллардан бери Россия ҳарбий элитаси аъзоси бўлиб келаётган Герасимов тайинланди.

Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов «улуғвор» рус армиясининг тартибсизлиги, кучсизлигини бутун дунёга очиб берган босқиннинг меъмори эди. Россиянинг мағлубиятлари ва муваффақиятсизликлари ортидан россиялик миллатчилар ва ҳарбий мутахассислар унинг армиядаги бошқарувини тобора кўпроқ танқид қилмоқда.

У ўрнини эгаллаган генерал Сергей Суровикин кўпчилик томонидан малакали қўмондон сифатида эътироф этилган эди. Ҳарбий амалиётларга қўмондонлик қилган уч ой давомида у Украина жанубидаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Херсондан чекинишга буйруқ берди, мудофаани кучайтириш учун рус қўшинларини қайта жойлаштирди ва Шарқий Украинага эътибор қаратди. Суровикин 11 январ куни генерал Герасимовнинг ўринбосарларидан бири этиб тайинланди.

Валерий Герасимов Россия армиясидаги энг қудратли иккинчи шахс ҳисобланади.
Фото: Mikhail Klimentyev/Sputnik, via Agence France-Presse — Getty Images

«Бу ўзгариш, эҳтимол, рус армиясидаги тизимли муаммоларни кўрсатади», деди 12 январ куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер.

У бунга мисол сифатида «логистика билан боғлиқ муаммолар, қўмондонлик ва бошқарув билан боғлиқ муаммолар, таъминот муаммолари, жанговар руҳ ва ўз олдига қўйган стратегик мақсадларга эришишда катта муваффақиятсизлик»ни келтирган.

Ғарб расмийларига айтишича, Россия, «Вагнер» ва Украина Соледарда катта талафот кўрган, айниқса, Россия ва «Вагнер» Украина қўшинларини йўқ қилиш учун шаҳарга янгидан янги бўлинмалар юбормоқда.

Шарқий Донбасснинг Украина томонидаги вазиятдан хабардор одамларнинг сўзларига кўра, бу ҳудуддаги Россия кучлари сон жиҳатдан Украина қўшинларидан анча кўп. Уларнинг таъкидлашича, жанглар шиддатли кечган ва позицияларни қайта таъмирлаш ҳаракатларига Россия танкларининг кучли ўқ ёмғирлари тўсқинлик қилган.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг айтишича, Соледар қулаган тақдирда ҳам бу Бахмут ёки бутун Донбасс бой берилишини англатмайди.

12 январ куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича вакили Жон Кирбидан Соледарнинг мақоми ҳақида сўралганда, у вазиятни диққат билан «кузатиш» муҳимлигини таъкидлаган.

«Биз ҳаммаси қандай кетаётганини билмаймиз, шунинг учун мен бу ерда муваффақият ёки муваффақиятсизликни башорат қилмоқчи эмасман. Аммо Бахмут ва Соледар руслар қўлига ўтган тақдирда ҳам бу урушнинг боришига стратегик таъсир кўрсатмайди», деган у журналистларга.

«Агар сўнгги ўн ярим ойдаги воқеаларга, айниқса Донбассдаги жараёнларга назар ташласангиз шаҳар ва қишлоқлар тез-тез қўлдан қўлга ўтиб туришини кўришингиз мумкин», дея қўшимча қилган у.

Мавзуга оид