Қатор саноат корхоналари газ ва электр энергиясидан узилиб, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида суткалик чекловлар ўрнатилгани ҳам вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун етарли бўлмаяпти.

Ҳозир ҳар бир ўзбекистонликнинг фикри-хаёли, тилида шу сўзлар: уй совуқ, чироқ тез-тез ўчмоқда, газ паст ёки умуман йўқ.

Kun.uz мухбири мамлакатнинг энергия инқирози, ундан чиқиш йўллари ва ҳукумат кўраётган чоралар таҳлилига бағишлаб сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан интервью ўтказди.

— Суҳбатни кеча ва бугуннинг энг қайноқ мавзуси президент иштирокида ўтган йиғилиш ва унда жазоланган амалдорлар мавзусидан бошласак. Жумладан, ишдан олинганлар орасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётгани бу – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши қарори.

Интервьюга тайёргарлик давомида ижтимоий тармоқларни кузатарканман, бу қарорга бўлган турлича муносабатларни ўқидим. Улар ичида Ортиқхўжаев ҳокимликдан олинганидан хурсанд бўлганлар ҳам, ва ниҳоят мана энди пойтахтдаги тартибсиз қурилишлар, энергетик ва экологик муаммолар камаяди деётганлар ҳам, унинг олиниши бу оғир вазиятда шунчаки “қон чиқариб юбориш” бўлгани каби экани, яъни ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги, шунчаки одамларни мавжуд муаммолардан чалғитиш эканини ёзаётганлар ҳам бор.

Хўш, сиз таҳлилчи сифатида Ортиқхўжаевнинг ишдан олинишини қандай қабул қилдингиз, яъни кечаги ўзгаришларнинг мантиғини қандай тушунмоқ керак?

Отабек Бакиров:

— Юқорида айтиб ўтганингиз икки тоифада ҳам эмасман мен. Иккаласида ҳам ҳақ гапни айтганлар бор. Умуман, коммунал соҳани оладиган бўлсак, бизда республика ташкилотларининг ваколатлари ва шаҳар ҳокимликларининг ваколатлари қаергача? Масалан, декабрь ойида давлат раҳбарининг Учтепага ташрифи чоғида «Подъезд учун ким жавобгар?» деган масалада шаҳар ҳокимлиги ҳам, тегишли вазирлик ҳам жавоб беролмаган эди. Демоқчи бўлганим шуки, бу масалада Ортиқхўжаевнинг ҳам масъуллиги бор. Лекин унинг олдига жиддий савол қўйилиши керак бўлганда, бу масала эмас, бошқа масалалар қўйилса, тўғрироқ бўларди. Масалан, мен Ортиқхўжаев ўтган беш йил ичида шаҳар учун энг керакли бўлган ижтимоий неъматларни яратишдан шаҳар мамуриятини бутунлай четлаштирди деб ҳисоблайман. Яна масалан, у маъмурият ва бизнес манфаатлари тўқнашувига амал қилмагани масаласи бўйича савол қўйилса бўларди. Ва энг кўп таъкидланадиган масала: бюджет самарадорлиги бўйича савол қўйиш керак эди.