“Ҳукумат режа ва хоҳишларини халқ билан бўлишиши керак” — иқтисодчи Ўзбекистоннинг газ шартномалари ёпиқ тарзда имзоланиши ҳақида
Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукумати имзолаётган халқаро шартномалар бандларини очиқламаслиги, бу ҳақда халққа ҳисоб берилмаслиги, улардан фақат саноқли амалдорлар хабардор бўлиши ҳамда шу туфайли мамлакатда мавжуд ахборот бўшлиғи ва шубҳалар ҳақида гапирди.
“Биз газ иттифоқи хақидаги хабарлар чиққандан буён Россия ёки Қозоғистон томонидангина ахборот, баёнотлар оляпмиз. Бунда бизнинг позициямиз, ҳаракатлар режамиз нималардан иборат экани ҳақида Ўзбекистон ҳукуматидан аниқ бир фикр эшитмадим. Шунинг учун узуқ-юлуқ ахборотлардан келиб чиқиб, мулоҳаза қиляпмиз. Менинг фикрларим ҳам шундай бўлади, албатта. Шахматга қиёс қиладиган бўлсак, ҳозирги холат бу энг охирги юришлар бўляпти, бу «ўйин» ўтган ўн йилликларда бошланган.
Бундаги ютқизиқларимиз шундан иборатки, биз кейинги юришларни кўрмаганмиз, кўрган бўлсак хам, эътиборга олмаганмиз. Ёки қарор қабул қилувчиларга оқибатлар тўғрисида доимий равишда тўғри ахборот етиб бормаган. Қазиб олишда активларимизни бой бердик. Хусусийлаштириш ниқоби остида «фалажлантирилдик»: етарли даражада қазиб олиш имкониятларимиз чекланди. Технологик ва молиявий жиҳатдан қарамлигимиз ошди. Биз ҳаддан ташқари ноқулай шартларда, Ўзбекистон учун оқибатлар яратадиган шартларда молиявий каналларга мурожаат қилиб келдик.
Шундай вазият юзага келдики, биз, биринчидан, конлардан; иккинчидан, бу конларда қазиб олинган маҳсулотни етказиб бериш инфраструктурасидан; учинчидан, иқтисодиётимиз кўтарса, ташқаридан импорт қилиш ва экспорт қилиш имкониятларимизни йўқотиш палласига келиб қолдик. Бу охирги палла.
Бу ерда йўқотиш ва хатоларимиз кадрлар билан ҳам, нефт-газ секторидаги нотўғри вертикални йўлга қўйганимиз билан ҳам, молиявий қарорлар билан ҳам (чуқур ўйланмаган лойиҳаларга маблағ ажратиш) боғлиқ. Буларнинг ҳаммаси биргаликда шаклланиб, биз келиб қолган ҳолатга олиб келяпти. Булар менинг мулоҳазаларим. Балки етарлича мулоҳаза қилмаётгандирман. Бунинг учун бизга халқ ва ҳукумат мулоқоти керак. Ҳукумат ўзининг режа ва хоҳишларини халқ билан бўлишиши керак”, – деди иқтисодчи Кремл таклиф қилаётган “уч томонлама газ иттифоқи” ва унга Ўзбекистоннинг жавоби қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга жавобан.
Бакировга кўра, бундан 10 йил аввал газ қазиб олиш ва потенциал жиҳатидан дунёда 37-ўринда бўлган «Uzbekneftgaz» компанияси бугун 200 таликка ҳам кирмайди. Бир пайтлар Ўзбекистондаги газ-нефт захираларининг 99 фоизини ўз назоратида сақлаган компания кўп газ қазиб ололмаяпти, асосий нефтни қайта ишлаш компанияларининг биридан мосуво бўлган. Қарзлари шу даражада ошиб кетганки, келажакдаги пул оқимлари ҳам қоплашга етарли бўлмай боряпти. Аммо компания қандай қилиб бу аҳволга келиб қолди, деган саволни бериш учун ҳам одамларда етарли маълумот йўқ.
“Айтмоқчиманки, бу масалада қандайдир хулоса қилиш учун ахборотнинг ўзи бўлиши керак. Бу қарорни ҳукумат қабул қилмаслиги керак, бу қарорга маслаҳатлашилган ҳолатда келиш керак. Иттифоққа қўшилиш қарорига келадиган бўлсак, аввало унинг ижобий ва салбий оқибатларини санаб чиқишимиз керак”, – деди блогер.
Интервьюни тўлиқ ҳолда ушбу видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:16 / 16.11.2024
5 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган корхона аниқланди
08:02 / 16.11.2024
Энергия ресурсларидан қарзни йўқ қилиб бермоқчи бўлган газчи ва ҳисобчи ушланди
18:05 / 15.11.2024
Портлашдан 2 ой ўтиб: Конда йирик ёнғин, бадбўй ҳид камайган, аммо аҳоли ҳамон сарсон
13:59 / 15.11.2024