Ўзбекистон | 12:50 / 19.01.2023
3192
2 дақиқада ўқилади

Тўқимачилик тармоғини ривожлантириш учун 200 млн доллар ажратилади

Президентнинг “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди.

Фото: ortcom.kz

Ҳужжат билан мақсад қўйилди – кейинги 5 йилда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,1 бараварга ва экспорт кўрсаткичини 2,6 бараварга ошириш. Гилам ва уй тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар 3 йил муддатга йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади. Маблағлар газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорт қилувчи корхоналарни узлуксиз айланма маблағ билан таъминлаш учун йўналтирилади.

Тижорат банкларида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида, 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада ва қолган давр учун йиллик 5 фоиз ставкада газлама, гиламчилик, бўяш-пардозлаш, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига кредит линиялари очилади.

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 100 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид