Жаҳон | 22:47 / 19.01.2023
11632
3 дақиқада ўқилади

Европарламент Путин ва Лукашенко учун махсус трибунал тузишга чақирди 

Махсус трибунал тузиш йўлидаги энг муҳим амалий қадам Украинага қарши босқинчилик жиноятини тергов қилувчи халқаро махсус прокуратура бўлиши керак. 

Фото: Getty Images

Европарламент Россия олий раҳбариятини Украинага қарши босқинчилик жиноятлари бўйича жавобгарликка тортиш учун махсус трибунал тузиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle ёзди. 

Европа Иттифоқи ва унинг аъзолари Россиянинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти томонидан Украинага нисбатан содир этилган босқинчилик жиноятини таъқиб қилиш учун махсус халқаро трибунал яратишга интилиши керак, дейилади резолюцияда. 

Иккинчи жаҳон урушидан кейин нацистлар етакчилари судланган Нюрнберг судига ўхшаш махсус трибунал Украина ва халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда, афзалроғи, БМТ орқали тузилиши керак, деб қарор қилди Европа парламенти. 

Қайд этилишича, аввалроқ, бундай трибуналлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарори билан собиқ Югославия ва Руандадаги ҳарбий жиноятларда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун тузилган. 

Ташаббус муаллифларининг асосий вазифаси судга Владимир Путинни, Россия Федерациясининг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини, шунингдек, Россияга ўз ҳудуди орқали Украина босқинида ёрдам бераётган Беларус президенти Александр Лукашенкони ва мамлакат раҳбариятини жиноий жавобгарликка тортиш ваколатига эга бўлиш ҳуқуқини беришнинг умумий қонуний асосли йўлини топишдан иборат. 

«Гап шундаки, мамлакат олий раҳбарияти босқинчилик жиноятлари учун жавобгардир, аммо у хорижий жиноий юрисдикциядан халқаро иммунитетга эга. Демак, бундай трибунал учун олдин иммунитет олиб ташланиши керак. Бунинг учун жаҳон ҳамжамиятининг кучли иродаси ва ташаббуси керак», деб ёзди нашр. 

Трибуналнинг ташкил этилиши Россия жамияти учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам Путин ва Россия Федерацияси раҳбариятини Украинадаги босқинчилик жинояти учун суд қилиш мумкинлиги ҳақида аниқ сигнал бўлади. 

Махсус трибунал яратиш йўлидаги энг муҳим амалий қадам Украинага қарши босқинчилик жиноятини тергов қилиш бўйича халқаро махсус прокуратура бўлиши керак, дейилади Европа парламенти резолюциясида. 

Халқаро махсус прокуратура Украинада содир этилган жиноятларнинг жазосиз қолишига қарши курашда биринчи қадам бўлади. Европа Иттифоқи аллақачон расмий Киев, Евроюст ва Халқаро жиноий суд (ХЖС) билан прокуратура ташкил этиш масаласини муҳокама қилмоқда. 

Мавзуга оид