«Бизга танклар беринг!» Зеленский Германия ва бошқа иттифоқчиларни сўздан ишга ўтишга чақирди
Украина президенти танклар сони бўйича савдолашмасликни сўради. Аммо Германия Украинага оғир техникалар етказиб берилишига розилик бермади. Полша ғазабда, бошқа иттифоқчиларнинг ҳафсаласи пир бўлган.
Киев сабот билан сўраётганига ва «Рамштейн» контакт гуруҳидаги иттифоқчиларнинг қаттиқ босимига қарамай Германия Leopard-2 танклари Украинага етказиб берилишига розилик бермади.
Шу ҳафтада Германиянинг янги мудофаа вазири этиб тайинланган Борис Писториуснинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати ҳозирча Leopard танклари бўйича қарор қабул қилмади.
«Бугун биз бу борада қарор қачон ва қандай шаклда қабул қилиниши бўйича аниқ гап айтишга тайёр эмасмиз», деган Писториус «Рамштайн» гуруҳига аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари учрашувидан кейин.
Шу билан бирга, Писториус Германияда танкларни етказиб беришни атайлаб блоклаш нияти йўқлиги ва бугун Берлин ҳеч қандай жавоб бермагани ҳукумат бу борада иш олиб бормаётганини англатмаслигини маълум қилган.
«Бу борада қарор қабул қилинганида - бу бир ёки икки ҳафтадан кейин ҳам, бир кундан кейин ҳам бўлиши мумкин - мен тезлик билан ҳаракатланиш имкониятига эга бўлишни истайман. Шу боис мен бугун эрталаб ўз вазирлигимга бизнинг қуролли кучларимиздаги, шунингдек саноатдаги Leopard типидаги танкларни инвентаризациядан ўтказиш бўйича топшириқ бердим», деган Бундесвер раҳбари.
Изоляция томон йўлми?
Айрим экспертлар фикрича, Германия канцлери Олаф Шолц ўз ўжарлиги билан иттифоқчилар лагерида яккаланиб қолмоқда.
Анчадан буён ўз ихтиёридаги немис танкларини Киевга тақдим этишга тайёрлигини билдириб келаётган Полша ҳукумати Варшава Германиянинг позициясидан ҳайратда эканини яширмаяпти.
«Украинага ёрдам - ҳозирда барчамиз учун, айниқса поляклар учун, бизнинг халқимиз ва ҳукуматимиз учун энг муҳими», деган BBC учун берган интервьюсида Полша ТИВ расмийси Лукаш Ясина ва Берлиннинг қатъиятсизлиги барча жабҳаларда вазият ривожланишига тўсқинлик қилаётганини қўшимча қилган.
Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур эса Германия Киевга ўзидаги Leopard танкларини беришга тайёр бўлган бошқа давлатларга тўсқинлик қилмаслигига ишонч билдирган.
«Танкларни жўнатиш учун рухсат олишда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди», дея ишонч билдирган у жума куни. Унинг сўзларига кўра, бу масала яқин кунларда ҳал этилиши керак.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг учрашув танаффуси вақтида журналистларга Украинага Leopard танклари етказиб бериш масаласи ҳамон ғарблик ҳамкорлар ўртасида муҳокама мавзуси бўлиб қолаётганини айтган.
«НАТО ва Ғарбнинг айни вақтдаги асосий мақсади Украина суверен, мустақил Европа давлати бўлиб қолишига ёрдам беришдир», деди Столтенберг Украинанинг Шимолий Атлантика алянси иттифоқига аъзо бўлиши истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан.
Зеленский Берлиндан илтимос қилди
«Рамштайн» саммити арафасида Украина президенти Володимир Зеленский Германияга Киев учун Leopard танклари етказиб берилишига рози бўлишини сўраб тўғридан тўғри мурожаат қилди. Унинг мурожаати Германия жамоат телевидениеси эфирида кетди.
Германия жамоатчилигида Украинага танклар етказиб бериши бўйича фикрлар, сўровларга кўра тахминан 50 га 50 нисбатида, бу эса шусиз ҳам иттифоқчилар босими остида қолаётган канцлер Шольцнинг вазиятини янада оғирлаштиради.
Роппа-роса 50 иштирокчини ўз ичига олган «Рамштайн» формати Россия тажовузи ортидан Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдамини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган.
Уруш бошланганидан буён ушбу формат доирасида Украина учун бир неча ёрдам пакети келишилган. Жума кунги учрашувда асосий эътибор - Германиянинг Leopard танклари етказиб берилиши бўйича қарорига қаратилди, экспертлар фикрича, бундай танклар Украинага айни вақтда Россия юриш қилаётган участкалардаги вазиятда бурилиш ясаш имконини беради.
Бир кун олдин АҚШ ва Европанинг қатор мамлакатлари Украинага турли қуроллар, жумладан шу вақтгача берилмаган техникаларни етказиб беришни ваъда қилишди. Аммо шу вақтгача фақат Буюк Британия Украинага оғир танклар етказиб бериш мажбуриятини олган - танклар Украинага ўз ҳудудларини озод этишда самарали кураш олиб бориш учун ўта зарур воситадир.
«Юзлаб миннатдорчилик сўзлари юзлаб танклар ўрнини боса олмайди», - деган Володимир Зеленский видеоалоқа орқали Американинг Германиядаги «Рамштайн» базасида йиғилган контакт гуруҳи иштирокчиларига қарата.
«Рамштайн»да нималар дейилди?
Анъанага кўра контакт гуруҳи учрашувини АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин очиб берди.
У нутқини Россия томонидан кўрсатилаётган бешафқатлик Ғарб Украинага ёрдам суръатларини туширишига имкон бермаётгани ҳақидаги гап билан бошлади.
«Россия қўшини ўзининг даҳшатли ҳужумларини кучайтирди, ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган украинларни ўлдирмоқда», - деди у биринчи навбатда россияликларнинг яқинда Днипродаги кўп қаватли уйга ракета зарбаси берганини назарда тутган ҳолда.
«Россияликларнинг ҳужумлари Украина руҳини синдиришга қаратилган, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмади, Украина халқи эса бутун дунёни илҳомлантирди. Айни вақтда Россияда ўқ-дорилар тугаб бормоқда, улар катта ҳарбий йўқотишларга дучор бўлмоқда. У [Путин] ўзининг қолган ҳамкорларидан ушбу фожиали босқинни давом эттира олиши учун ўз захираларини тўлдиришда ёрдам сўрамоқда», - деган Остин ва ҳамкорларни Украина атрофида янада жипслашишга чақирган.
Шундан кейин иштирокчилар қаршисида видеоалоқа орқали Володимир Зеленский чиқиш қилди.
«Россия томонидан бошланган урушда тўхтаб бўлмайди. Вақт - бизнинг умумий қуролимиз», деган у.
У иттифоқчиларни нафрат биринчи ўринда турадиган дунё тартиботи ўрнатилишига йўл қўймасликка ва Украина сўраган қуролларни, жумладан немис танкларини тезроқ беришга чақирди.
У контакт гуруҳи иштирокчиларидан танклар миқдори бўйича савдолашмасликни, Россия ваҳшийликларини тўхтатиш учун бу масалани бутунлай ҳал қилишни сўради.
Зеленский ушбу форматдаги кейинги йиғилиш тарихга Украина учун F-16 қирувчилари ва узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилингани билан киришига умид қилишини айтди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, иттифоқчилар «террорни йўқ қила оладиган артиллерия ва авиацияни кафолатлаш»га қодир.
Диққат марказида - Leopard танклари
Leopard танклари НАТОнинг қатор аъзолари, жумладан Полша, Финландия ва Канада армиялари ихтиёрида мавжуд ва бу давлатлар ўзидаги бундай танкларни Киевга беришга тайёр, аммо НАТО қоидаларига кўра қуролларни учинчи давлатга бериш учун ишлаб чиқаруви давлатнинг расмий розилиги талаб этилади. Германия канцлери Олаф Шольцга босим ортиб бораётганига қарамай, шу вақтга қадар немис ҳукумати ўз танкларини етказиб бериш бўйича ҳам, бошқа мамлакатлардаги шундай танклар Украинага берилишига ҳам рухсат бермаяпти.
«Агар сизда Leopard танклари бўлса, уларни бизга беринг! Улар Россияга кетмайди. Биз ўзимизни ҳимоя қиламиз», - деди Зеленский Германияга мурожаат қилиб.
Германия расмийлари бир неча ҳафтадан буён кучли босим остида қолган: нафақат Киев, балки НАТО бўйича барча иттифоқчилар ушбу мамлакат Leopard бўйича қарор қабул қилишини кутмоқда.
Шундай босим жорий ҳафтада Германия мудофаа вазири Кристина Ламбрехт истеъфога чиқишига олиб келди. Уни бошқа камчиликлар қатори Украинага ҳарбий ёрдам масаласидаги қатъиятсизлиги учун ҳам қаттиқ танқид қилишганди.
Энди эса «Рамштайн»да иттифоқчиларнинг бор эътибори Бундесвернинг янги раҳбари Борис Писториусга қаратилди, ундан қатъий ҳаракатларга киришиш кутилмоқда.
Полша ТИВ раҳбари ўринбосари Павел Яблонски жума куни Варшава Берлин рухсат бермаса ҳам ўзидаги немис танкларини Киевга жўнатиш йўлларини қидираётганини айтди.
«Кўрамиз. Ўйлайманки, [Германия] қаршилик қилган тақдирда, биз ностандарт қадамлар ташлашга тайёр бўламиз. Аммо келинг, воқеалар ривожидан олдинга чиқиб кетмайлик», деди у Полша радиосидаги дастурлардан бирида.
Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сака иттифоқчилар жума куни жуда мураккаб қарор қабул қилишига тўғри келишини айтган.
«Украина учун танклар - озодлик танкларидир», - деган у BBC учун интервьюсида.
У агар Украина танкларни ҳозир олмаса, бошқа давлат Москва тажовузидан ҳимояланиш учун танкларга муҳтож бўлиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Берлин нега ўжарлик қилмоқда?
Уруш бошида нафақат Германия, балки бутун НАТО блоки Украинага замонавий қуроллар етказиб берилиши Москвани сергак торттириши ва можаро янада кескинлашувига олиб келиши мумкинлигидан хавфсираётганди. Худди шу сабаб билан, масалан АҚШ анча вақтгача Киевга ўз гаубицалари ёки HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларини беришга шошилмади.
Президент Жо Байден маъмуриятини Американинг Украинага ҳарбий ёрдами эҳтиёткорлик билан дозалангани, табиатан «томчилаб» берилиши ва Киевга босиб олинган ҳудудларини қайтариб олиш учун қарши ҳужумга ўтишга ёки Украина шарқидаги Россия қўшинлари ҳаракатини тўхтатишга ҳам имкон бермаслиги учун танқид қилишади.
Ўз навбатида, Германия Украинага оғир техникалар берган илк давлат бўлишни истамаслигини ва бу қарор Қўшма Штатлар билан биргаликда қабул қилиниши кераклигини билдирмоқда.
Хусусан, Германиядаги Süddeutsche Zeitung нашри бир неча кун олдин ўз манбаларига таянган ҳолда Олаф Шолц Leopard танкларини Украинага беришга тайёр экани, аммо бунинг учун АҚШ ҳам ўзининг Abrams танкларини украинларга етказишга рози бўлишини хоҳлаётганини хабар қилди. Бу ҳақда Шолц пайшанба куни Давосдаги форумда америкалик конгрессменлар билан учрашувда ҳам айтиб ўтган.
Вашингтондагилар эса бундай ёндашувдан ҳайрон бўлишмоқда ва Abrams танкларини етказиб бериш нореаллиги, чунки бундай техникалар ҳаддан ташқари кўп ёнилғи сарфлаши, уларга техник хизмат кўрсатиш учун улкан тизим йўлга қўйиш талаб этилиши ва бу ҳаддан ташқари қимматга тушиши, шунингдек, украиналик ҳарбийлар бундай машиналарни бошқаришни ўрганиши учун жуда кўп вақт талаб этилишини айтишмоқда.
Буюк Британия Украинага ўзининг асосий жанговар танклари бўлмиш Challanger-2 машиналарини етказиб беришни ваъда қилгани ҳам ҳозирча Германияни ўз позициясини ўзгартиришга ундай олмади.
Володимир Зеленский бир неча бор Берлинни иккиланишни бас қилишга ва бошқа кимдир биринчи қадамни ташлашини кутмасликка чақирган.
Бир кун олдин Давосдаги форумда видеоалоқа орқали чиқишида бундай стратегияни нотўғри ва мақсад учун зарарли деб атаганди.
Украина қандай қуроллар кутиши мумкин?
Пайшанба куни, «Рамштайн» саммити арафасида кўплаб мамлакатлар Украина учун кейинги ҳарбий ёрдам пакетларини эълон қилишди.
АҚШнинг 2,5 млрд долларлик навбатдаги ёрдам пакети 90 дона Stryker русумли зирҳли транспортёрларни, 59 дона Bradley русумли жанговар пиёдалар машиналарини, HIMARS ва NASAMS тизимлари учун ўқ-дорилар, HARM ракеталари, артиллерия снарядлари, бошқа турдаги ўқ-дорилар, 8 та Avenger ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва 350 дона HMMWV машиналарини ўз ичига олган.
Шунингдек, Claymore пиёдаларга қарши миналари, тунги кўриш мосламалари, эҳтиёт қисмлар ва бошқа ҳарбий аслаҳалар етказиб берилади.
- Буюк Британия 600 дона Brimstone ракеталари;
- Дания - Францияга буюртма қилинган 19 дона CAESAR ўзиюрар артиллерия қурилмалари;
- Эстония - 113 миллион евролик ҳарбий техникалар, бу пакет FH-70 ва D-30 русумли ўнлаб гаубицалар ва М2 русумли танкка қарши гранатомётлар ҳамда улар учун ўқ-дориларни ўз ичига олади;
- Латвия - ўнлаб Stinger тизимлари, иккита М-17 вертолёти, ўнлаб пулемётлар, дронлар беради, шунингдек 2 минг украин аскарини тайёрлайди;
- Канада - 200 дона Senator русумли зирҳли автомобиллар.