"ФСБ" АҚШ фуқаросига қарши жосуслик бўйича иш очди
Америкалик «Россия хавфсизлигига қарши қаратилган» биологик мавзулар бўйича разведка маълумотларини йиғишда гумон қилинмоқда, дейилади "ФСБ" хабарида.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати ("ФСБ") АҚШ фуқаросига қарши жосуслик бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда 19 январь, пайшанба куни идора сайтида маълум қилинди.
«Америкалик Россия хавфсизлигига қарши қаратилган биологик мавзулар бўйича разведка маълумотларини йиғишда гумон қилинмоқда», — дейилади хабарда. Гумонланувчининг шахси ва иш тафсилотлари ошкор этилмаган. Россияда жосуслик учун 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
Қўшма Штатлар Россиянинг АҚШ фуқаросига нисбатан жосусликда гумон қилиб жиноий иш очгани ҳақидаги «тасдиқланмаган маълумотдан» хабардор. Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател журналистларга: «Биз бу масалани кўриб чиқяпмиз ва уни кузатишда давом этамиз», деди.
Унинг таъкидлашича, Россия, одатда, Америка фуқароларининг ҳибсга олиниши ҳақида зудлик билан хабардор қилиш мажбуриятини бажармайди.
Сўнгги йилларда Россияда бир қатор АҚШ фуқаролари жиноий айбловлар билан ҳибсга олинган, уларнинг баъзилари алмашинув натижасида озод қилинганди. Хусусан, декабрь ойида америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер Қўшма Штатларда қурол-яроғ савдоси билан шуғулланган Россия фуқароси Виктор Бутга алмаштирилди.
Бир неча Америка фуқаролари Россия ҳибсхоналарида қолмоқда, жумладан, собиқ АҚШ денгиз пиёда аскари Пол Уилан ҳам улар орасида. У 2018 йилда Москвада ҳибсга олинган, 2020 йилда эса жосусликда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Мавзуга оид
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
15:52 / 16.11.2024
Америкалик олимлар биоорганизмларнинг “учинчи ҳолати”ни аниқлади
15:12 / 16.11.2024
Уйқу тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради — тадқиқот
14:32 / 16.11.2024