Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонликлар АҚШда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлашга юборилади
Ўзбекистон фуқаролари учун инглиз тилини, меҳнат қонунчилиги асосларини, меҳнат маданияти ва қишлоқ хўжалиги кўникмаларини ўргатишни ўз ичига олган қисқа муддатли комплекс тайёрлов дастурлари жорий этилади.
Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов АҚШнинг “Head Honchos LLC” рекрутинг компанияси директори Тодд Миллер билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар уюшган меҳнат миграцияси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Америка томони АҚШнинг аграр секторида ички ресурслар чекланган шароитда ишчи кучига бўлган барқарор юқори талаб сақланиб қолаётганини қайд этди. Шу муносабат билан хорижлик ишчиларни жалб қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. “Head Honchos LLC” раҳбарияти Ўзбекистон фуқароларига истиқболли ва ишончли кадрлар манбаи сифатида қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунлари бўйича бир қатор келишувларга, жумладан, “H-2А” дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этиш бўйича узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилди.
Компания номзодларни танлаш ва текширишдан тортиб, ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ишга жойлаштиришгача бўлган ёллаш жараёнларини халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун инглиз тилини, меҳнат қонунчилиги асосларини, меҳнат маданияти ва қишлоқ хўжалиги кўникмаларини ўргатишни ўз ичига олган қисқа муддатли комплекс тайёрлов дастурларини жорий этиш тўғрисида келишиб олинди.
“Head Honchos LLC” АҚШ қишлоқ хўжалиги ва бошқа меҳнат талаб тармоқларига хорижий ишчи кучини жалб қилишга ихтисослашган етакчи рекрутинг ташкилотларидан бири ҳисобланади. Компания ҳар йили уч мингдан ортиқ хорижий фуқаронинг мавсумий ишларга жойлашишига кўмаклашади ва мамлакат бўйлаб 400 га яқин фермер хўжалиги билан барқарор ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.