Ўзбекистон | 20:08 / 20.01.2023
6277
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия омбудсмани қўшма қабули ташкил қилинади 

4 та давлат омбудсмани ҳуқуқлари чекланган ёки бузилган фуқароларни биргаликда қабул қиладилар. 

Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия омбудсманлари ҳамкорлигида фуқаролар қабули ташкил этилади. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Акйикатчи институти матбуот хизматига таяниб, 24.kg хабар берди. 

Хабарга кўра, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Молдова омбудсманлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. 

Омбудсманлар ўз мамлакатлари фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар, ўз ваколатлари доирасида инсон ҳуқуқларини тиклашга ҳисса қўшадилар. 

2023 йилда омбудсманлар қуйидаги тадбирларни режалаштирмоқда:

- ҳуқуқлари чекланган ёки бузилган фуқароларни биргаликда қабул қилиш;

- фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш;

- иш, таълим, даволаниш ва бошқа мақсадларда ўз давлатларидан ташқарига чиқаётган фуқаролар учун қўшма ахборот кампаниялари;

- инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги энг долзарб қийинчиликларни биргаликда муҳокама қилиш. 

Ҳамкорлик доирасида томонлар мигрантларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўз мамлакатидан ташқарида овоз берадиган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тажриба алмашишга келишиб олдилар. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид