“Ечим дори рекламасини тўлиқ тақиқлаш ва суғуртали тиббиётда” – экспертлар билан фармацевтика муаммолари ҳақида суҳбат
Шу кунларда об-ҳаво кескин совиб кетиб, барчанинг эътибори уйни қандай иситиш-у, жонни қандай омон сақлаб қолиш ҳақидаги хаёллар билан банд бўлиб қолди.
Афсуски, бу хаёллар жамоатчилик эътиборини совуқ тушишидан аввалроқ рўй берган катта фожиа – Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компаниясига тегишли «Док-1 Макс» сиропидан камида 21 нафар ўзбекистонлик боланинг вафот этиши воқеаларидан чалғитаётгандек.
Аммо, бир нарсани эсдан чиқармайлик. Ўзбекистонда дори воситалари билан боғлиқ фожиа бу билан тугамайди. Чунки дори-дармон соҳаси мамлакатда ботқоққа шунчалик ботиб кетганки, у бугун жиддий тозалаш, ислоҳотларсиз ўнгланмайди. Бусиз ўлимлар тўхтамайди.
Kun.uz мухбири фармацевтика соҳаси, унинг бугунги муаммолари, уларни юзага келтирган сабаблар ва ечимлар ҳақида интервю ўтказди.
Интервю меҳмонлари тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев, биология фанлари доктори, профессор, фармаколог Рустам Тўлаганов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бўлди.
— Бир доридан 21 нафар бола вафот этгани фожиаси. Зарифбой ака, Рустам ака, иш доирасида ҳозир тергов кетяпти. Лекин шу билан бирга сизлар соҳа ичидаги киши сифатида бу масалани қандай таҳлил қилдингиз, нималарни ўргандингиз? У қандай содир бўлди?
Зарифбой Ибодуллаев:
— Авваламбор, вафот этган гўдакларнинг ота-оналарига таъзиямни билдираман. Билишимча, товон пули тўлаш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти экан. Бу иш қилинса яхши ва буни Ҳиндистон томонга юкласа, тўғри бўларди.
Ўзим ва касбдошларимнинг фикрича, дорининг мана шу «партия»сига кўп миқдорда этиленгликол тушиб қолган. Негаки, бу дори аввал ҳам қабул қилиб келинган, лекин бундай ҳолат бўлмаган. Яна бир савол туғилади бу ерда: балки, олдин ҳам айнан шу доридан вафот этганлар бўлгандир, эътибор берилмагандир. Чунки эпизодик типдаги ўлимлар эътибордан четда қолади доим. Аммо тергов ишлари олиб бориляпти.
Рустам Тўлаганов:
— Бу дорига этиленгликол қўшилмаслиги керак ўзи, аслида. Унинг ўрнига пропиленгликол қўшилиши керак. Бу иккиси бир-бирига ўхшаш. Фикримча, хато Ҳиндистонда ишлаб чиқариш жараёнида бўлган. Кейинчалик аниқланганда, пропиленгликол ўрнига этиленгликол бор экани маълум бўлган.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
22:51 / 26.12.2024
Қиммат сотилаётган дорилар: референт нархларга ёппасига амал қилинмаяпти
23:22 / 18.12.2024
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилади
16:10 / 03.12.2024
Қайси депутат қандай овоз бергани очиқ бўлиши керак — Бобур Бекмуродов
21:04 / 02.12.2024