Ўзбекистон | 22:11 / 16.03.2026
3841
4 дақиқада ўқилади

Депутат Тошкентда тадбиркорларга тегишли реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилинишини қоралади

Бобур Бекмуродов сўзларига кўра, бу тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик қўмитаси раиси, депутат Бобур Бекмуродов Тошкентда тадбиркорларга тегишли реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилишга ундаш ҳолатлари бўйича фикр билдирди.

Унинг сўзларига кўра, бу тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

«Албатта, Тошкентнинг эстетик қиёфаси замонавий ва чиройли бўлиши керак. Бироқ бу жараён қонун устуворлиги доирасида амалга оширилиши лозим. Бу борада қуйидаги принципиал масалаларга эътибор қаратиш шарт деб ҳисоблайман:

Биринчидан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори расман эълон қилингандан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Бироқ мажбурий демонтаж ишлари ушбу қарор қабул қилинмасдан бир неча ой олдин бошланган эди. Қонун ҳужжатларининг орқага қайтиш кучи йўқ. Илгари ўрнатилган ва ўша давр талабларига жавоб берган пешлавҳаларнинг дахлсизлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим.

Иккинчидан, Давлатимиз раҳбари томонидан бизнес учун янги мажбуриятларни юклашга мораторий жорий этилган. Дизайн-код талаблари шаҳарсозлик қоидалари сифатида талқин қилинса-да, амалда тадбиркор учун янги стандартдаги воситаларни сотиб олиш — бу қўшимча молиявий юкламадир.

Учинчидан, ҳар қандай мажбурлов чораси, айниқса хусусий мулкка оид бўлса, фақатгина қонуний кучга кирган суд қарори асосида бўлиши шарт. Тадбиркорга «икки кун ичида демонтаж қил» деб талаб қўйиш — бу маъмурий буйруқбозликнинг кўринишидир. Бундай ёндашув бизнес муҳитига ва инвесторларнинг ишончига салбий таъсир ўтказади.

Тўртинчидан, ривожланган давлатларда дизайн-код кескин ўзгарган тақдирда, маҳаллий ҳокимият тадбиркорларга мослашиш учун муддат - «ўтиш даври» беради ёки харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплайди. Бизда эса барча юклама фақат тадбиркор зиммасига тушмоқда», деб ёзди депутат.

Бобур Бекмуродов масъул идораларни ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишга ва қонунийликни таъминлашга чақирди.

«Пойтахтимиз эстетикаси тадбиркорнинг «белини синдириш» эвазига бўлмаслиги керак. Шаҳар маъмурияти бизнес билан «буйруқбозлик» тилида эмас, балки тенг ҳуқуқли шериклик ва очиқ мулоқот асосида ишлаши лозим», деб қўшимча қилди у.

Тошкент шаҳрида ўтган йилдан бери ҳокимликлар томонидан ноқонуний ташқи реклама ва пешлавҳаларга қарши рейдлар ўтказилмоқда. Баннерлар ва реклама конструкциялари демонтаж қилинмоқда, бу реклама бозорида тартиб ўрнатиш ва пойтахтнинг ташқи қиёфасини ягона меъморий кўринишга келтириш зарурати билан изоҳланмоқда.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги талабига кўра, 1 квадрат метрдан катта бўлган пешлавҳалар, ҳатто уларда компания ёки бренд номи кўрсатилмаган бўлса ҳам, реклама ҳисобланади. Бундай рекламани қонуний расмийлаштириш учун реклама жойининг паспортига эга бўлиш керак. Уни ЯИДХП портали орқали расмийлаштириш мумкин. Расмийлаштириш бўйича йўриқнома ҳокимлик томонидан 2025 йил декабр ойида эълон қилинган эди.

Текширувлар Тошкент дизайн-кодини жорий этишга тайёргарлик кўриш билан ҳам боғлиқ. Ҳужжат фасадлар, пешлавҳалар ва шаҳар муҳитини безатишга қўйиладиган ягона талабларни белгилайди. Бироқ рейдлар ўтказилаётган вақтда дизайн-код ҳақидаги талаб ҳали кучга кирмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид