Жаҳон | 19:30 / 23.01.2023
25697
9 дақиқада ўқилади

Киев – Ғарбга: «Сизнинг қатъиятсизлигингиз тобора кўп одамларимизни ўлдирмоқда»

«Сизнинг қатъиятсизлигингиз тобора кўпроқ одамларимизни ўлдиради. Кечиктирилган ҳар бир кун - украинлар ўлимини англатади. Тезроқ ўйлаб кўринг». Украина президенти офиси маслаҳатчисининг Ғарб давлатларига бу мурожаати бугун кўпчилик украин ва ғарблик сиёсатчилар тилидан тушмаяпти.

Фото: Getty Images

«Сиз барибир Украинага керакли қуроллар билан ёрдам берасиз ва англаб турибсиз: урушни якунлашнинг Россиянинг мағлубиятга учрашидан бошқа варианти йўқ», дея ёзган Михайло Подоляк твиттерида.

Гап Украина қуролли кучларига немислар томонидан ишлаб чиқарилган ва Европанинг кўплаб давлатлари армиясида мавжуд бўлган Leopard 2 танклари ҳақида бормоқда. Украина самарали қарши ҳужум уюштириши учун бундай танкларни имкон қадар тезроқ етказиб бериш зарурати ҳақида президент Зеленский ҳам, Россиянинг бошқа қўшнилари ҳам айтиб келишмоқда.

Полша ва Финландия ўз Leopard-2 танкларини Украинага беришга тайёрлигини билдирган, Нидерландия ташқи ишлар вазири эса мамлакат техникалар транспортировкаси (ташиш) харажатларини қоплашга тайёрлигини маълум қилган.

Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто BBC билан суҳбатда унинг мамлакатида бир неча юз дона Leopard танклари борлиги ва бу мамлакат Украинага танк етказиб бериш «экотизими»нинг бир қисми бўлишга тайёрлигини айтган.

«Бизда доим шундай мақсад бўлган - Украина танклар ҳам олиши керак. Шу билан бирга, биз биламизки, Leoprad каби танклар учун ишловчи экотизим яратишга, барчаси уйғунлаштирилиб, шахсий таркиб ўқитилгунига қадар ва бошқа ҳоказолар учун ойлар ва ҳатто йил кетиши мумкин», деган у.

«Шундай экан, бугунги кунда Украинага тезда қўллаш мумкин бўлган бошқа қуролларни етказиб бериш жуда муҳим», деган вазир.

Шунга ўхшаш баёнотлар Эстония, Латвия ва Литва ташқи ишлар вазирлари томонидан ҳам берилган. «Ўз қудрати бўйича Европадаги етакчи давлат бўлган Германияга алоҳида масъулият юкланади», дейилади уч давлат ТИВ раҳбарларининг қўшма баёнотида.

«Leopard танкларини етказиб бериш Россиянинг тажовузини тўхтатиш, Украинага ёрдам бериш ва Европада тинчликни тезроқ тиклаш учун зарурдир», дея ёзган Латвия ТИВ раҳбари Эдгар Ринкевич.

Аммо Берлинга қилинаётган босимларга қарамай, Украина ҳозирча Leopard танкларига эга бўла олмайди. Украинанинг танк етказиб бериш ҳақида расман эълон қилган ягона иттифоқчиси Буюк Британия бўлиб қолмоқда - инглизлар ўзларидаги Challenger 2 танкларини юборишади.

Жума куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников твиттердаги саҳифасида Германия мудофаа вазири Борис Писториус билан кечган «очиқ мулоқот» ҳақида ёзди.

«Биз Leopard-2 бўйича очиқ гаплашиб олдик. Буни давом эттирамиз», дея ёзди украиналик вазир Украина иттифоқчиларининг «Рамштайн» авиабазасидаги навбатдаги учрашувидан кейин.

Алексей Резников АҚШ ва Германия мудофаа вазирлари Ллойд Остино ҳамда Борис Писториус билан Рамштайнда
Фото: EPA

«Америка овози»га берган интервьюсида Резников «Рамштайн»да барибир маълум ютуқларга эришилганини айтган. «Ютуқлар бор - бу Leopard танкларига эгалик қилувчи мамлакатларнинг бизнинг танк экипажларимиз учун ўқитиш курслари бошлаши. Биз шундан бошлаймиз, кейин яна олдинга ҳаракатланамиз», деган у.

«Еримизни ҳимоя қилиш - уни деоккупация қилиш, ҳудудларимизни босқиндан озод этиш имкониятига эга бўлиш демакдир. Бунинг учун эса бизга оғир танклар ва зирҳли техникалар даркор», - деган Резников.

Leopard 2 танклари Украина можаросида кучлар мувозанатига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Унга хизмат кўрсатиш осон ва РФ армияси ўз босқинида фаол қўллаётган Т-90 танкларига қарши курашиш учун махсус ишлаб чиқарилган. Украина қуролли кучлари танк паркидаги аксар техникалар - советлар даврига мансуб машиналардир. Россия танклари эса сон жиҳатдан ҳам, ўт очиш қудрати бўйича ҳам устунлик қилади.

Европа мамлакатларида, очиқ маълумотларга кўра, ҳозирда 2000 дан ортиқ Leopard танклари бор. Украина раҳбарияти ҳисоблашича, тахминан 300 та танк урушнинг боришига ўзгартириш учун етарли бўлиши мумкин.

Германия мудофаа вазири Писториуснинг сўзларига кўра, агар иттифоқчилар Leopard 2 етказиш бўйича консенсусга эриша олса, Германия тезлик билан ҳаракатланишга тайёр. Аммо Германиянинг ўзи бир қанча омиллар, жумладан Иккинчи жаҳон уруши мероси туфайли қийин ва нозик вазиятга тушиб қолди.

Россиянинг Украинага босқинига қадар Германия можаро ҳудудларига қурол етказиб беришга тақиқ қўйган, аммо 2022 йил февралидан бу сиёсат бекор қилинди.

Ўтган йил охирида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Германия Украинага ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича етакчилардан бўлганини маълум қилди. Бу йил эса бундесвер Франция ортидан Украинага Marder жанговар пиёдалар машиналари етказиб беришини маълум қилди.

Аммо Германия ўз Leopard танкларини фақат НАТОнинг барча мамлакатларининг умумий ёрдам пакети таркибида юборишга рози бўлади. ОАВ маълумотига кўра, немислар бундай пакетга америкаликларнинг Abrams танклари ҳам киришини исташмоқда.

Шу билан бирга, Leopard танклари юборилиши учун Abrams танклари ҳам юборилиши талаб этилиши ҳақидаги хабарлар Германия ва АҚШ мудофаа вазирлари томонидан рад этилди. Борис Писториус бундай шарт ҳақида бехабар эканини айтди, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин эса жума куни «Рамштайн» саммитидан кейин танклар етказиб бериш масаласидаги муаммо ҳал бўлишига ишончи комил эканини билдирди.

Бу борада дебатлар бутун Европа бўйлаб ва Германиянинг ўзида ҳам ўтказилмоқда. Мухолифатдаги Германия Христиан-демократик иттифоқи етакчиларидан бири Йоҳанн Вадерфул Олаф Шолц ҳукуматининг «рад этиш» сиёсатини танқид қилди. «Шолц нимани кутмоқда?» - дея савол қўйган у.

Полша ТИВ раҳбари Збигнев Рау ҳам Германия ҳукуматини қатъиятсизлик учун танқид қилган.

«Россия тажовузини қайтариш учун Украинани қуроллантириш қарорини қабул қилиш қийин машғулот эмас. Украинлар қони - ҳақиқий. Бу Leopard’лар етказиб беришдаги қатъиятсизлик тўлови. Биз ҳаракатга киришишимиз керак. Ҳозироқ», дея ёзган у.

Шанба куни Германиянинг кундалик нашри Spiegel немис ҳукуматидаги манбасига асосланган ҳолда мамлакат мудофаа вазирлиги бир неча ой олдин ўз ихтиёридаги турли моделларга мансуб барча Leopard’лари рўйхатини тузгани ҳақида хабар берди.

Бу рўйхатда Украинага етказилиши мумкин бўлган танклар ҳам қайд этилган.

Нашр журналистлар қўлга киритган ҳужжатга асосланиб, бундесвер ихтиёрида турли моделларга мансуб бўлган 212 дона хизматга яроқли Leopard танклари борлигини хабар қилган. 2022 йил ёзидаги ҳолатга кўра, яна юзта атрофидаги танк таъмирлаш жараёнида.

Spiegel маълумотларига кўра, Германия мудофаа вазирлиги ҳозирда аскарларни тайёрлашда қўлланадиган, манёврлар чоғида шартли душманни акс эттирадиган Leopard-2A5 русумли 19 дона танкни Украинага юбориш учун мос келади деб ҳисоблайди.

Аммо Spiegel нашрида аниқлик киритишларича, гап фақат ҳозирда Германияда бўлган Leopard танклари ҳақида бормоқда. Улар билан биргаликда бошқа мамлакатлар, масалан, Полша ихтиёридаги Leopard’лар ҳам Украинага жўнатилиши мумкин. Берлин ушбу танкларини Украинага жўнатишни маъқуллаш орқали кўп вақтдан буён Киевга Leopard’ларини етказиб беришни исташи ва бунга тайёр эканини айтиб келаётган европалик ҳамкор давлатлар учун расман яшил чироқ ёқади.

Газета таҳририятига рўйхат келиб тушиши иттифоқчилар орасида эътироз ортиб бораётганига қарамай, ҳозирча Украинага танклар етказиб беришга розилик бермай келаётган канцлер Олаф Шолцга босим омили сифатида талқин этилмоқда.

Буни аввалроқ собиқ мудофаа вазири Кристина Ламбрехт Leopard’ларни инвентаризация қилишга қарши бўлгани ҳақида хабар берган Business Insider манбаси ҳам тасдиқлайди.

Нашр манбалари айтишича, қатор можаролар ва Германия қуролли кучлари модернизациясини уддалай олмагани туфайли ўзига билдирилган танқидлар ортидан истеъфо берган Ламбрехт танкларни инвентаризация қилмасликка буйруқ берган, чунки бу жараён Шолцга ортиқча босим ўтказади ва Германия танкларни Украинага етказишга тайёрлиги сифатида талқин қилиниши мумкин деб ҳисоблаган.

Мавзуга оид