Жаҳон | 22:34 / 25.01.2023
12447
2 дақиқада ўқилади

Россия ЕОИИ доирасида углерод бирликлари учун умумий бозорни шакллантиришни таклиф қилди 

Умумий бозор доирасида иссиқхона газлари квотаси савдоси амалга оширилиши мумкин. 

Фото: eec.eaeunion.org

Россия Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари учун углерод бирликларининг умумий ихтиёрий бозорини яратиш тарафдори. Бу ҳақда Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ЕОИИ иқлим масалаларига бағишланган семинарда маълум қилди. 

Углерод бирлиги - маълум бир иқлим лойиҳасини амалга ошириш натижасида атмосферага чиқишининг олди олинган иссиқхона газлари ҳажми. У СО2 эквиваленти тоннасида ифодаланган иссиқхона газлари чиқишининг маълум квотаси, уларнинг миқдори устидан давлат ва бозор назорати инструменти ҳисобланади. 

Атмосферага катта миқдорда иссиқхона газларини чиқарадиган йирик корхоналар бундай чиқиндилар бўйича лимитга амал қилади ва махсус солиқ тўлайди. Улар квоталарининг ортиқча қисмини махсус углерод бозорларида – углерод бирликлари билан савдо қилувчи фонд биржаларида сотиши мумкин. Мос равишда, етишмаётган қисмини сотиб олиши мумкин.

«Биз углерод бирликларининг ихтиёрий бозорини шакллантириш бўйича амалий вазифаларни белгилашни таклиф қиламиз. Бунинг учун биз бир нечта масалани ҳал қилишимиз керак: умумий стандартларни келишиб олиш ва бу назоратни иттифоқ доирасида ихтиёрий шаклда жорий этишимиз лозим, бу бир. Иккинчидан, лойиҳаларни ким тасдиқлайди ва шунга мос равишда лойиҳаларни текширадиган ва тасдиқлайдиганлар учун аккредитация тизимини яратиш, шуларни ўзаро тан олиш масаласи бўйича келишиб олишимиз керак», деди у. 

Вазир, шунингдек, ЕОИИ давлатларига иқлим бўйича кун тартиби доирасида иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини бирлаштирувчи ҳужжат тайёрлашни кўриб чиқишни таклиф қилди. 

ЕОИИ ташкилотига ҳозирги кунда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо. Ўзбекистон кузатувчи мақомига эга. 

Мавзуга оид