Нидерландия санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга миллионлаб микрочиплар етказиб бермоқда – ОАВ
Нидерландиянинг иккита компанияси уруш давом этаётган паллада Россияга миллионлаб чипларни етказган бўлиши мумкин.
Россия санкцияларга қарамай, Нидерландия компанияларидан микрочиплар сотиб олишда давом этмоқда. Буни NOS агентлиги ўтказган журналистик суриштирув натижалари тасдиқлади.
«Кескин санкцияларга қарамай, Нидерландия компанияларининг микрочиплари ҳали ҳам Россияга етказилмоқда. Гап Украина босқини бошланган вақтдан декабргача бўлган даврда етказилган миллионлаб дона микрочиплар ҳақида кетмоқда», деб ёзди газета.
Очиқ савдо маълумотлари ва махфий ҳужжатларни ўрганиб, шунингдек, ушбу операцияларда иштирок этаётган компания вакиллари ва экспертлар билан суҳбатдан сўнг, журналистлар етказиб бериш қандай амалга оширилганини аниқладилар.
Ушбу схема Хитой компанияларининг кичик гуруҳи орқали амалга оширилмоқда, улар чипларни Нидерландиядан сотиб олиб, кейин Россияга қайта сотмоқда.
«Санкциялар кучайтирилганига қарамай, сўнгги ойларда экспортда пасайиш кузатилмади», дейилади мақолада.
Айтилишича, Россия Нидерландиянинг иккита йирик - NXP ва Nexperia компанияларидан чип олмоқда. NXP чиплари яқинда Украинадаги жанг майдонидан топилган.
Ушбу компания вакиллари ўз мижозларини синчковлик билан текшириб кўраётганини ва ўз маҳсулотлари қандай қилиб руслар қўлига тушиб қолганини билмаслигини таъкидлаган.
Аввалроқ, нефт эмбаргосига қарамай, Россия ўз нефт маҳсулотларини Европага етказиб бераётгани, бунда ташувчилар санкциялардаги бўшлиқдан фойдаланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Туркия ва БАА ҳам Россияга санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашмоқда.