Жаҳон | 15:38 / 12.09.2024
6348
2 дақиқада ўқилади

Ўқишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкин? Олимлар жавоб берди

Маълумотни яхшироқ эслаб қолиш учун фақат такрорлаш шарт эмас. Бундан ҳам самаралироқ усул бор.

Фото: Getty Images

Маълумотни яхшироқ эслаб қолиш ва ўрганишга ёрдам берадиган асосий усул фақат такрорлашдан иборат эмас. Иллинойс университетида ўтказилган тадқиқотга кўра, бунинг учун хилма-хил техникалардан фойдаланган маъқул. Олимлар бундай ёндашув ҳам болаларга, ҳам пенсионерларга ёрдам беришини таъкидлади.

Мутахассислар янги маълумотни қандай қилиб яхшироқ эслаб қолиш мумкинлигини синаб кўришди. Уларнинг таъкидлашича, ёш улғайган сари ишчи хотира кўпинча ёмонлашади. Шунинг учун тадқиқотда 60 ёшдан 87 ёшгача бўлган 90 нафар кўнгилли иштирок этди.

Дастлаб, иштирокчиларнинг хотира қобилияти таҳлил қилинди. Уларга маълум ҳарфларга оид турли мантиқий ва мантиқсиз жумлаларни ўқиш вазифаси берилди. Алифбони тўғри тартибда эслай олган одамларнинг хотираси кучлироқ экани аниқланди.

Шундан сўнг кўнгиллиларга тўрт ҳафта давомида хотирани яхшилаш учун турли хил когнитив вазифалар берилди. Улардан бир гуруҳи фақат битта машқни бажарди.

Яна бир гуруҳ эса турли вазифаларни бажарди, учинчи гуруҳга ушбу икки техникани аралаштириб бажариш вазифаси юклатилди. Шунингдек, назорат гуруҳи ҳам ташкил этилди. Тажрибадан маълум бўлишича, хилма-хил топшириқлар энг тез прогресс олиб келди. Бироқ энг яхши натижаларни аралаш техникани қўллаган гуруҳ иштирокчилари кўрсатди, фақат уларга кўпроқ вақт керак бўлди.

Олимларнинг таъкидлашича, юқори натижаларга эришган профессионал спортчилар, ўтмишда хилма-хил спорт турлари билан шуғулланган бўлиши мумкин. Худди шундай ҳолат Нобел мукофоти совриндорлари орасида ҳам кузатилади. Ўз асосий соҳасидан ташқарида фаолият юритадиган олимларнинг мукофот олиш эҳтимоли кўпроқ. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бунда янги иш хилма-хил ёндашувнинг фойдаси катта эканини кўрсатади.

Мавзуга оид