Жаҳон | 18:23 / 30.01.2023
27623
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған нима учун Конституцияга зид равишда президентликка учинчи марта номзодини қўйганини тушунтирди

Туркия президенти буни тизим ўзгаргани билан изоҳлади.

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 2014 ва 2018 йилларда икки марта сайлангани туфайли, мухолифат алянсининг навбатдаги президентлик сайловларида қатнаша олмаслиги ҳақидаги даъволарини рад этди. Бу ҳақда Hurriyet Daily News хабар берди.

«2018 йилги сайловдан сўнг Туркия янги ҳукумат тизимига ўтди. Бу эса тизимнинг қайта ишга туширилганини англатади. Соғлом фикр ва қонун бўйича 2018 йилда сайланган президент янги тизимнинг биринчи президенти ҳисобланади», деди Эрдўған Эгей денгизининг Денизли вилоятидаги митинг чоғида.

Аввалроқ Туркиянинг мухолифатдаги «Миллат иттифоқи» партияси Эрдўған май ойи ўрталарида президентликка номзодини қўя олмайди, чунки Конституцияга кўра, бир киши фақат икки марта президентликка сайланиши мумкинлигини айтган эди.

Эрдўған мухолифатни «асоссиз далиллар» учун танқид қилди.

«Хўш, номзод топа олмай, менинг номзодимга ҳужум қилишяпти. Мен тўрт ярим йилдан бери президентман. Бу вақтда қаерда эдингиз? Нега аввал бу гапларни айтмадингиз? 2017 йилдаги халқ овозлари билан Конституция ўзгарди, бу эса [менинг номзодим бўйича] иккиланишга ўрин қолдирмайди», деди у.

Эрдўған ўтган ҳафта Туркиядаги сайловлар муддатидан бир ой олдин, 14 май куни бўлишини маълум қилган эди. Ҳокимиятдаги партия буни июн ойидаги сайловлар ёзги таътил мавсумига, яъни одамлар саёҳат қиладиган даврга тўғри келиши билан изоҳлади.

Эрдўған Адолат ва тараққиёт партияси билан бир қаторда Миллатчи Ҳаракат партиясини ҳам ўз ичига олган ҳукмрон Халқ алянсидан ягона номзоддир. Ўз навбатида, Туркиянинг олти партияли мухолифат иттифоқи ҳали ўз номзодини кўрсатмаган.

Туркия 2018 йилда парламент бошқарувидан президентлик бошқарувига ўтган эди.

Мавзуга оид