Фронтдаги вазият: Россия Донецк областида ҳужумларни кучайтирмоқда
Бу орқали руслар бошқа йўналишда зарба беришга тайёрланаётган бўлиши мумкин.
Россия қўшинлари Донецк областида икки йўналишда – област марказидан шимолдаги Бахмутга ва жануби-ғарбдаги Вуҳледарга ҳужумларни кучайтирган. Бахмут атрофида улар Украина мудофаасининг чап қанотини бироз ортга суришга муваффақ бўлган. Вуҳледар (Угледар) атрофида эса уларнинг муваффақияти анча камтарроқ кўринади, аммо фронтнинг бу участкасида ҳужумлар тобора кучайиб бормоқда. BBC Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги вазиятни таҳлил қилди.
Вуҳледар ҳудудидаги вазият
Британия ҳарбий разведкаси ёзишича, Россия бўлинмалари Вуҳледар ҳудудидаги разведка ҳужумларини мувофиқлаштирилган юришга айлантирди. Тинч океани флотининг 155-денгиз пиёдалари бригадаси бўлинмалари фронт чизиғини Кашлагач дарёсидан бир неча юз метр ичкари суришга муваффақ бўлишган.
«ДХР» ҳукумати вакилларига кўра, Россия қўшини ушбу шаҳарга кира бошлаган ва унинг чеккаларида мустаҳкам ўрнашган.
Вуҳледар учун жанглар 2022 йил ноябрида бошланганди – ўшанда Россия жангга бошқа бўлинмалар билан кучайтирилган 155- ва 40-денгиз пиёдалари бригадаларини жангга ташлаганди. Бир неча уринишлардан кейин бу бригадалар Вуҳледардан жануброқда жойлашган Павловка посёлкасини эгаллашганди, Россия мудофаа вазирлиги ушбу аҳоли яшаш манзили эгаллангани ҳақида икки марта – 11 ва 20 ноябр кунларида ҳисобот берган, 3 декабр куни эса - бу посёлка Россия артиллерияси томонидан ўққа тутилгани хабар қилинди.
Шунингдек, Россия қисмлари ушбу посёлкани штурм қилиш чоғида, кейин уни назоратда сақлаб туриш учун жангларда улкан йўқотишларга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўшанда Вуҳледарни эгаллашнинг имкони бўлмаган - икки томондаги ҳарбий мухбирларнинг қайд этишича, бу аҳоли яшаш манзили тепаликда жойлашган, шу туфайли унга яқинлашиш ва кўтарилиш осон эмасди.
Қарийб икки ой ўтиб россияликлар Вуҳледарни эгаллаш учун ҳаракатларни тиклади, аммо ҳозирча барчаси Павловкада кузатилган сценарий бўйича кечмоқда.
Тинч океани флотининг 155-бригадасида шартнома асосида хизмат қилувчи денгиз пиёдаси «Медиазона» нашрига Вуҳледар атрофидаги жанглар тўғрисида сўзлаб берган – унинг айтишича, Россия қўшини шаҳар чеккасидаги турар жойларни штурм қилишга уринмоқда ва оғир йўқотишларга учрамоқда.
«Биз шунчаки у ерга киришга уринамиз, зарба қабул қиламиз ва кетамиз. Уч кундирки шундай бўлмоқда. Кўп техника йўқотилди, аммо бизга янгисини беришмоқда ва яна дачаларни эгаллашга юборишмоқда», деган у. Аскарнинг тахмин қилишича, бу вақт ичида камида 200-230 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
«Одамлар жанг қилишни истамаяпти, аммо ҳамма жойда Вуҳледарда жанг кетаётгани ҳақида жар солишган, шунинг учун биз ҳар қандай қурбонлик эвазига бўлса ҳам бу ерни олишимиз кераклигини айтишган», дея қўшимча қилади у. «Тўғрисини айтсам, бизда сафарбар қилинганларни унчалик қадрлашмайди, чунки уларни яна ёллаш мумкин, шартнома асосида жанг қиладиганларни эса йўқ. Энг аҳмоқона ҳужумларга асосан сафарбар қилинганлар юборилади», деган нашр суҳбатдоши.
Британия разведкаси тахмин қилишича, Россия қўмондонлиги Донецк областининг Украина назоратидаги қисмида юриш қилиш учун янги йўналиш очиш устида иш олиб бормоқда – бундан мақсад Украина армиясини айни вақтда шиддатли жанглар кечаётган Бахмутдан чалғитиш ҳисобланади.
Бахмут атрофидаги вазият
Сешанба куни Россия мудофаа вазирлиги Бахмутдан шимолроқдаги Блаҳодатное посёлкаси Россия қўшинлари назоратига ўтгани ҳақида маълум қилди, бу аҳоли яшаш манзили эгаллангани ҳақида «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин 28 январ куниёқ эълон қилганди.
РФ мудофаа вазирлиги сводкасида ушбу посёлкани армия авиацияси, ракета қўшинлари ва қўшинларнинг Жанубий гуруҳи артиллериясининг оператив-тактик кўмагида кўнгиллиларнинг штурмчи отрядлари» эгаллагани айтилган.
Украина қўмондонлиги ҳозирча Россия мудофаа вазирлигининг Блаҳодатное эгаллангани тўғрисидаги баёнотига муносабат билдирмаган.
Чоршанба куни Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) Россия қўмондонлиги Бахмутни штурм қилаётган «Вагнер» отрядларига мадад бериш учун бу йўналишга мунтазам армиянинг йирик бўлинмаларини ташлагани ҳақида хабар берди. Хусусан, десантчилар юборилган.
Россия қўмондонлигининг режаси тушунарли - улар шимол ва жанубдан зарба бериб, Бахмутни қуршов хавфи остида қолдириш ва Украина қисмларини шаҳардан чекинишга мажбур қилишни кўзлаган. Ҳозирча шаҳардаги Украина гарнизонига ғарбдан келадиган камида иккита трасса орқали (Красное ва Часив Яр) таъминот етказиб бериш имконияти мавжуд - украинлар шу йўллар орқали чекиниши ҳам мумкин.
ISW ҳисоботида келтирилишича, «Украина қўмондонлиги йўл қўйиб бўлмайдиган йўқотишлардан кўра чекинишни афзал кўриши мумкин», шунингдек шаҳар қуршаб олиниши муқаррар бўлиб қолса, қўшинлар олиб чиқилади.
Аммо шуни ҳам инобатга олиш керакки, Бахмутни айланиб ўтиш учун илгарилаётганида Россия армиясининг қанотлари тобора кенгайиб бормоқда. Ҳужумлар сусткашлик билан олиб борилаётган шароитда қанотлар тобора заифлашади ва кўпроқ ресурслар талаб қилади, бу эҳтиёж эса бошқа йўналишларни бўшаштириш ҳисобига қопланади.
Британия разведкаси ҳисоблашича, Россия Бахмут секторида локал муваффақиятларга эришишда давом этиши мумкин, аммо Россияда фронт чизиғини ёриб ўтиш учун кучлар етарли эмас.
Россиялик ҳарбийлар ўз хатоларидан сабоқ чиқармоқда
«Биз ҳозир жуда қийин ҳолатдамиз. Тушуниб турибмизки, Россия ҳар куни сабоқ олмоқда ва ўз стратегиясини ўзгартирмоқда. Ва мен ўйлайманки, биз улардан тезроқ ўрганишимиз керак», деган BBC мухбири Эндрю Ҳардинг билан суҳбатда ИИВ таркибидаги «Днипро-1» полкининг разведкачи бўлинмаси командири Дмитро Подворчанский.
У ва бошқа украин ҳарбийлари айтишича, эндиликда душман ўзининг ўқ-дори омборларини аввалгига қараганда яхшироқ ниқобламоқда ва хавфсиз жойлаштирмоқда, шунингдек украинларнинг таъминот йўлларига самаралироқ ҳужум қилмоқда.
2022 йил ёзида, Украина қуролли кучларида Американинг юқори аниқликда ракета зарбалари йўлловчи HIMARS тизими пайдо бўлганида, Россиянинг фронт чизиғи яқинидаги арсеналлари бирин-кетин портлаб кета бошлаганди. Натижада олдинги чизиқдаги россиялик артиллериячилар снаряд тақчиллигига учраган, бу ўз навбатида Россия армиясининг Донбассдаги юришлари тўхтаб қолиши сабабларидан бири бўлганди.
Россия қўмондонлиги хулосалар чиқарди: йирик омборлар фронт ичкарисига кўчирилди (шу билан бирга, бу чора ўқ-дориларнинг олдинги чизиққа етказилишини қийинлаштирди), шунингдек, «барча тухумлар бир саватчага жойланиши»га барҳам берилди. Қимматбаҳо HIMARS билан кичик омборларга зарба бериш эса фойдали эмас.
Ҳозирда Украинада Россия артиллерияси яна фаоллашди, кунлик артиллерия зарбалари сони ўсиб бормоқда, украин ҳарбийларининг сўзларини Полшадаги Rochan Consulting таҳлилий маркази раҳбари Конрад Музика ҳам тасдиқлайди. Унинг маълумотига кўра, 24 январ куни Украинанинг 111 та аҳоли яшаш манзилларига зарба йўлланган, бу эса 7 сентябрдан буён энг юқори кўрсаткичдир.
Ахборот майдонидаги картина
Россия томонидагилар ҳам, Украина томонидагилар ҳам Бахмут ва Вуҳледар атрофидаги жанглар иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги, ҳақиқий юриш эса бошқа жойда бошланиши кутилаётганини тахмин қилишмоқда.
Кучлар нисбати тахминан маълум эканига қарамай, Россия ва Украина бош штабларининг яқин вақтлар учун режалари бўйича объектив прогноз қилиш қийин.
Ҳозирча икки томонда ҳам расмийлар тарғиботчилар руҳиятни кўтариш ва жамиятни урушни давом эттиришга сафарбар қилишга қаратилган информацион картинани чизиш билан банд.
Украина нашрлари навбатдаги аҳоли яшаш манзили бой берилишига эътибор қаратмасдан, россиялик аскарларнинг жасадлари билан тўлган далалар ҳамда Украина қуролли кучларига ёрдам учун ҳаракатланаётган Ғарбнинг зирҳли техникалари колонналари акс этган видеоёзувларни тарқатишмоқда.
Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Washington Post нашрига берган интервюсида Россияда «Калибр» русумли узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар захираларининг фақат 9 фоизи қолгани, Украина ёзга бориб Қримни ҳам озод этиши мумкинлиги ҳақида гапирган.
Россия давлат нашрлари Украинадаги навбатдаги аҳоли яшаш манзилини эгаллаш чоғида Россия ҳарбийлари улкан йўқотишларга учраётгани ҳақидаги маълумотларни игнор қилади, аммо Россия қуроллари кучи ҳақида жуда кўп гапириб, «биз буни яна қила оламиз» йўсинида ҳаракатланади.
RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян шу кунларда Владимир Соловьевнинг телешоуси эфирида, гўёки Германия аҳолиси Украинага танклар етказиб берилишига қарши чиқишгани ҳақида айтиб, шундай жумлани ўртага ташлади: «Бу шуни англатадики, немис халқи яна фашистлар қўлига тушди! Биз немис халқини яна бу фашистлардан озод этишимиз керак эмасми?»
Мавзуга оид
21:55 / 08.10.2024
Украина бўйича иккинчи тинчлик саммити ноябр ойида ўтказилмайди
17:12 / 08.10.2024
Шимолий Корея Россияни қўллаш учун Украинага ҳарбийларини юбориши мумкин
14:38 / 08.10.2024
«Украинасиз бўлса — йўқ». Ҳаррис урушни якунлаш масаласида Путин билан бевосита музокара олиб бормаслигини айтди
12:20 / 08.10.2024