Украинада урушнинг 805-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия қўшини Украина энергетика объектлари бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма зарбалар йўллади.
  • Украинларнинг Луҳанскдаги нефт базасига йўллаган зарбаси оқибатида беш киши жароҳатланди.
  • EUobserver: ЕИ санкцияларининг янги пакетида Европадаги сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари Россия томонидан молиялаштирилишига тақиқни ҳам ўз ичига олади.
  • Полшалик чегарачилар армиядан қочган россиялик ҳарбий ушлангани ҳақида хабар беришди.
  • Corriere della Sera: НАТО декларациясига Украинага қўшин юборишдан бош тортиш тўғрисида банд киритиш режалаштирилмоқда.
  • Литва бош вазири ҳарбий хизматдан бўйин товлаган украинларга вақтинча яшаш учун рухсатнома бериш рад этилиши мумкинлигини маълум қилди.
  • Олий рада иккинчи ўқишда маҳбусларга Украина армиясида хизмат қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Кун кадри. Луҳанскдаги нефт базада ёнғин

Украин қўшини 8 майга ўтар кечаси Луҳанскдаги нефт базага зарба йўллади. Россия ФВВ хабарига кўра, ёнғин Москва вақти билан соат 10:00 га келиб ўчирилган. Ўзини ўзи эълон қилган ЛХР расмийлари нефт база бўйлаб зарба вақтида турар жойлар, газ қувури ва электр узатиш линияси шикастлангани, корхонанинг беш нафар ходими яралангани ҳақида хабар берган. РФ Тергов қўмитаси «Донецк ва Луҳанск халқ республикалари тинч аҳолисига нисбатан навбатдаги жиноят» текширилишини маълум қилган. Луҳанск областининг Украина назоратидаги қисми ҳарбий маъмурияти раҳбари ҳисобланган Артём Лисогорнинг маълум қилишича, нефт базадаги ёнғин оқибатида «шаҳарда ва унинг атрофида ёнилғи тақчиллиги юзага келган». Лисогор ўз телеграм-каналида ЛХРдагилар ёнилғи етказиб бериш бўйича логистик муаммони ҳал қилиш йўлларини топа олмаётгани, Луҳанскда бўлган захиралар россиялик ҳарбийларга бериб юборилганини айтган.