Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШнинг Украинага ёрдам пакети узоқ масофали GLSDB снарядларини ўз ичига олади
АҚШ томонидан эълон қилинган Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакети GPS тизими томонидан бошқариладиган ва 150 километргача бўлган масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb, таржимаси - ерда жойлаштирилувчи кичик диаметрдаги бомбалар) аниқ снарядларни ўз ичига олади.
Улар M270 MLRS ва M142 HIMARS ерусти ракета тизимларидан учирилади. Бу ўқ-дорилар Украина Қуролли кучларига «кенгроқ масофани эгаллашга, шунингдек, ўз мамлакатини ҳимоя қилиш ва Россия томонидан босиб олинган суверен ҳудудларини қайтариб олиш бўйича операцияларни амалга оширишга имкон беради», деди АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби, бригада генерали Пат Райдер Вашингтондаги брифинг.
Шу билан бирга, янги пакетга 300 километр масофага учадиган ва Украина узоқ вақтдан бери АҚШдан сўраб келаётган ATACMS ракеталари киритилмаган.
Америка Қўшма Штатлари Украина учун 2,2 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда, у биринчи марта узоқ масофали ракеталарни ўз ичига олади, деб хабар берганди Reuters агентлиги 1 февраль куни ўз номини ошкор этмаган икки америкалик расмийга таяниб.
Ракеталардан ташқари, у Patriot ҳаво мудофаа тизимларини қўллаб-қувватлаш ускуналарини, аниқ бошқариладиган ўқ-дориларни ва Javelin танкка қарши ракета тизимларини ўз ичига олади.
Январь ойида The New York Times газетаси АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинани Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги нишонларга зарба бериш воситалари билан таъминлаш масаласи бўйича ўз позициясини аста-секин юмшатиб бораётгани ҳақида хабар берган эди.