Жаҳон | 04:20 / 04.02.2023
14115
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда йўталга қарши сироп таркибига заҳарли моддалар қандай тушиб қолгани аниқланди

Бу мамлакатда йўталга қарши сиропдан 200 дан ортиқ бола нобуд бўлган эди.

Фото: Reuters

Индонезия полицияси заҳарли кимёвий моддалар қандай қилиб йўталга қарши сироплар таркибида ишлатилгани бўйича ўтказилган тергов натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди. Ушбу сиропларни истеъмол қилиш оқибатида мамлакатда 200 нафардан ортиқ бола жон берган эди.

Тергов натижаларига кўра, саноат учун мўлжалланган заҳарли кимёвий моддалар фармацевтика компанияларига алдов йўли билан сотилган, оқибатда, улар йўталга қарши сиропларда ишлатилган.

Расмийларнинг таъкидлашича, баъзи сироплар таркибида аниқланган ўта заҳарли этиленгликол (ЭГ) ва диэтиленгликол (ДЭГ) моддалари болаларда буйракларнинг ўткир шикастланишига олиб келган. Ушбу икки модда одатда антифризлар, тормоз суюқликлари ва бошқа саноат маҳсулотларида ишлатилади.

Полициянинг юқори мартабали ходими Пайпит Рисманто журналистларга маълум қилишича, CV Samudera Chemical компанияси ЭГ ва ДЭГ моддаларини Dow Chemical компаниясининг пропиленгликол моддаси сифатида маҳаллий фармацевтика компанияларига етказиб берган.

Полиция Samudera компанияси ва унинг дистрибютори Anugrah Perdana Gemilang компанияси мансабдорлари ҳибсга олинганини маълум қилди. Тергов давом этар экан, янги гумондорлар аниқланиши ва ҳибсга олиниши мумкин, деди Пайпит.

Аввалроқ, индонезиялик 25 оила фарзандининг ўлими туфайли моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиб, судга мурожаат этган эди. Суд уларнинг давлат идоралари ва фармацевтика компанияларига қарши даъво аризаларини кўриб чиқишни бошлади.

Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунёнинг уч мамлакатида (Гамбия, Индонезия, Ўзбекистон) тарқалиб, болалар ўлимига олиб келган хавфли дориларнинг рўйхатини тақдим қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид