Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қора меҳнатни кўриб қаттиқ ўқишга ўзимга ваъда берганман» – тиббиёт физиги ҳикояси
Бекзод Абдурайимов яқинда Италиянинг Триест университетида тиббиёт физикаси бўйича икки йиллик таълимни якунлаб қайтди. Бунгача Москвада бир муддат таълим олган, Жанубий Кореяда амалиёт ўтаган суҳбатдошимиз оғир меҳнат танловидан фақат яхши таълим олиш орқали қутулиш мумкин деб ҳисоблаган.
18 ёшда ўзига берилган ваъда
У Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида катта бўлган. Онаси ўқитувчиликдан, отаси маҳалла идорасидаги ишидан сўнг пенсияга чиққач ҳам, ҳар доим фарзандларини ўқишга рағбатлантиришган. Пенсия пулларини болаларининг таълимига сарфлашган.
«Мактабни тугатиб лицейга ўқишга кирганман. Ўртаҳол оила бўлганимиз учун даромадимиз у даражада кўп эмасди. Шунинг учун лицейда иккинчи курсни тугатгач, ёзги таътилда Қозоғистонга ишлагани борганман. Ўшанда 18 ёш эдим. Қурилиш ишлари бўлгани учун меҳнати жуда оғир эди. 2010 йил, ҳали техникалар жуда ривожланмаган, баланд қаватларга оғир юкларни кўтариб олиб чиқишимизга тўғри келган.
Ўша вақти ўзимга ўзим «албатта, ўқийман», дея ваъда берган эдим. Лицейни тугатгач, кетма-кет икки марта Техника университетининг нефт-газ йўналишига ҳужжат топшириб, кира олмадим. У пайтлари кириш баллари баланд, имтиҳонда таниш-билиш, Х-вариант, шпаргалка деган нарсалар модада эди», — дейди у.

«Репититор-абитуриент»
Бекзоднинг физикадан билими яхши эди. Шунинг учун репетитор ўқитувчиси унга дарс ўтишда ёрдамчиликни таклиф қилган. Икки йил ОТМдан йиқилиб, ўқувчи тайёрлашга ёрдамлашган.
«Ўқитувчим «Ўрганишнинг энг яхши усули — кимгадир ўргатиш», деб айтарди. Дарс бошлангунча мавзуни тушунмай қолган ўқувчилар синфхонага эртароқ келишар ва мен уларнинг ишлай олмай қолган масалалари бўлса, ишлаб тушунтириб берардим, сўнг ўқитувчи келиб ўзи янги мавзу ўтарди. Кейинроқ 5-6 нафар ўқувчили гуруҳларга ўзим ҳам дарс ўтдим. Бу орада Санкт-Петербургга ўқишга ҳужжат топширдим, бироқ контракт асосида кирганим учун ўқимаганман.
Лицейни тугатганимнинг учинчи йили Андижон давлат университети физика факультетига контрактга ўқишга кирдим. Талабалик йилларим ҳам репетиторлик қилдим. Ўзимни моддий томондан анча таъминлардим, лекин барибир контрактимга уйдагилардан ёрдам олганман. Ўқиш давомида талабалар ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларида қатнашиб, физика фанидан республикада иккинчи ўринни олганман», — дея ҳикоя қилади Бекзод Абдурайимов.

Аввал Москва, сўнг Сеул
Бакалавр босқичини тугатгач, Бекзод Ўзбекистон Миллий университетига магистратурага кирди. Илмий раҳбари Фанлар академияси қошидаги Ядро-физика институтида ишларди. У киши сабаб биринчи курсни тугатиб ўша институтда маълум муддат ишлади.
«Иккинчи курс пайтимда Москва давлат университетида тиббиёт физикаси бўйича ўқиб келиш учун танлов эълон қилинган. Шу имкониятдан фойдаланиб, 2 ой Москва давлат университетида тиббиёт физикаси бўйича ўқидим ва шу йўналишга қизиқиб қолдим. Магистратурани ҳам тугатиб Андижонга қайтдим. Андижонда Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий марказининг филиалига ишга кириб, бир ярим йил вақт ишладим. Бу орада ўз соҳам бўйича Жанубий Кореяда бир ой малака ошириб келиш имкони бўлди», — дея талабалик йилларини эслайди у.
Италиядаги грант асосида ўқиш
Шунча ўқиганига қарамасдан, негадир Бекзод ўз билимимдан қониқмасди. У Андижонда яшар, пойтахтда шу соҳада ишлаётганлар анча тажрибали экани, у ҳам ўз устида ишлашим кераклигини сезарди. Шу сабабли у хорижда ўқиб келишга аҳд қилди.
«Италиянинг Триест университетида Назарий физика халқаро маркази мавжуд бўлиб, унда асосан, математика ва физика каби фанларни ўргатилади. Бу марказ Триест университети билан биргаликда тиббиёт физикаси йўналишида кадрлар тайёрлайди. Ўқиш шартнома асосида, лекин Халқаро атом энергияси агентлиги ўзига аъзо давлатлар талабаларига ажратадиган грант дастурлари бор. Мен ҳам шу ташкилот танловидан ўтиб, Италияда тиббиёт физикаси бўйича грант асосида ўқишга муваффақ бўлдим.
Университетда биринчи йили нур терапияси ҳамда ядро тиббиёти йўналиши ва унга алоқадор соҳалар бўйича фақат назарий билим берилади. Иккинчи йили эса университет талабалари мамлакатнинг барча шаҳарларидаги тиббиёт марказларида амалиёт қилади. Мен Анкона шаҳридаги шифохонада амалиёт ўтадим. Ўқиш давомида дарслар интенсивлиги ва имтиҳонлар кўплиги учун қўшимча ишлашга имконим бўлмаган. Асосий мақсадим ўқиш бўлгани учун ҳам ишлашга ҳаракат қилмадим», — дейди у.

«Москвага мигрант бўлиб бормоқчи эмасдим...»
«Мактаб ва лицейда ўқиб юрган вақтларим Россияда ишлаб келганлар Кремлда ёки Москванинг чиройли жойларида тушган расмларни кўрсатишарди. Ўшанда ният қилгандим, мен ҳам шу жойларни бориб кўраман, фақат меҳнат мигранти бўлиб эмас, ўқишга ёки саёҳатга бораман дердим. Москвага ҳам бордим, Сеулни ҳам, Европани ҳам айландим.
Талаба пайтим хорижда ўқийдиган талабаларнинг эркин кийимларда дарсга боришлари, яшил майсалар устида ўтириб дарс қилишни орзу қилганман. Бу орзуларим ҳам амалга ошди.
Ўқишни тугатиб қайтганимга бир ойдан ошди. Бир нечта жойдан иш таклифларини олдим. Ҳозирча иш жойим аниқ эмас ва нима қилмоқчи эканим сир бўлиб қола қолсин. Лекин агар бу ерда ўзимга мос ишга жойлаша олмасам, тадқиқотчи сифатида яна хорижга кетиш ҳам вариантларимдан биттаси», — дея келгусидаги режаларидан сўзлади у.

Тиббиёт физикаси қандай соҳа?
Тиббиёт физикаси соҳаси Ўзбекистонда ҳозирда ривожланиш асносида. Лекин бу соҳа айни пайтда Ўзбекистонда кўпайиб бораётган онкологик касалликларни даволаш, диагностикасида жуда муҳим.
«Тиббиёт физиклари онкологик касалликлар диагностика аппаратларининг ишлаш қоидалари, сервис кўрсатиш, нур терапиясидаги аппаратлар ишлаши, даволанаётган инсонларга қанча нур кераклигини ҳисоб-китоб қилиш каби ишларни бажаришади. Ўзбекистонда ҳам бу соҳада мендан олдин ўқиган ва ҳозир ўқиётганлар бор. Яқин йилларда бу йўналишда ҳам кадрлар кўпайса керак», — дейди Бекзод Абдурайимов.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
10:10 / 18.06.2026
Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
11:00 / 10.06.2026