Ўзбекистон | 21:34 / 08.02.2023
23046
10 дақиқада ўқилади

Яшил энергияга 1 миллиард доллар, бош режасиз қурилишга мораторий – президент пойтахт айланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 феврал куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Президент ташриф давомида кўплаб муҳим масалаларда топшириқлар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳоли ишлаб чиқарган энергия давлат томонидан сотиб олинади

Президент қайта тикланувчи энергия салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигини айтди. Тошкент шаҳрида камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлиги қайд этилди. Бу ишлар билан кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари ва тадбиркорлик биноларининг том қисми, саноат зоналари ҳудуди, автотураргоҳлар ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин.

Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик талабни 4 баравар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Президент электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, панел ўрнатган тадбиркорлар ишлаб чиқарган электрни давлат кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчилар ҳам электр энергиясини давлатга сотиши мумкин бўлади.

Аҳоли ўз хонадонида панел ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловати 1 минг сўмдан сотиб олинади (ҳозирги тариф 295 сўм). Ҳар ойда ҳисоб-китоб қилиб, маблағлар хонадон эгасининг пластик картасига ўтказиб берилади.

Яшил энергия учун 1 миллиард доллар

Тошкент шаҳрини энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш мақсадида президент томонидан қуйидаги қўшимча вазифалар белгилаб берилди:

* саноат зоналари ва йирик корхоналарда қуёш панеллари ўрнатиш орқали 400 миллион киловатт соат электр чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлаш;

* ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига 75 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаришни таъминлаш;

* Юқори Чирчиқ туманида 500 мегаваттли йирик қуёш электр станциясини қуриш;

* пойтахтдаги саноат корхоналарида электр йўқотишларини 1 фоизга камайтириш ва энергия самарадорлигини 3 фоизга ошириш;

* 1 минг 817 та кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимини тўлиқ янгилаш;

* 300 километр магистрал иссиқлик тармоқларини янгилаб, йўқотишларни 5 фоизга камайтириш.

Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилиши айтилди.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм

Президент иштирокидаги йиғилишда 2023 йилда пойтахтда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Янги иш ўринларини яратиш бўйича вазифаларни бажаришда тадбиркорларга таяниш, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги айтилди. Жумладан, бу йили Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм кредит йўналтирилади, оилавий тадбиркорлик учун 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Мутасаддиларга йил якунига қадар:

– 14 та йирик савдо комплексини ишга тушириш, шунингдек 12 мингта савдо-сервис объектлари ташкил этишни таъминлаш;

- 57 та меҳмонхона, 3,5 мингта умумий овқатланиш ва маҳаллаларда 7 мингта савдо-сервис объектларини ишга туширишга кўмаклашиш вазифаси топширилди.

«Open budget» учун 573 миллиард сўм

Маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш учун Тошкент шаҳрига 1,4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Шунингдек, «Очиқ бюджет» доирасида маҳаллалар инфратузилмасига 573 миллиард сўм ажратилади.

Президент маҳаллаларни ободонлаштириш, тармоқлар, йўллар, сув иншоотларини таъмирлаш ишларига яна қўшимча маблағ ажратилишини таъкидлади. Шу сабаб пойтахтдаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан қўшимча 1 миллиард сўмдан, жами яна 584 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.

Жамоат транспорти

«Биз пойтахт аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бундай хайрли ишларимизни жадал давом эттирамиз», деди президент.

Йиғилишда пойтахт жамоат транспорти соҳасида олиб борилаётган ва режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтилди: «Мана, бугун янги метро станцияларини бориб кўрдик. Янги линияда жами 7 та станция ишга тушганидан кейин метрода кунлик йўловчилар сони 1 миллионга чиқади», деди Шавкат Мирзиёев.

Қўйлиқдан Сергелига 15 дақиқада

Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенидаги олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди.

2020 йил августда Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Ўша йил декабрда Сергели йўналиши ишга тушди. Айни дамда мазкур икки йўналишни боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилган.

Президент ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди, Нуронийлар ва фаоллар билан суҳбатда лойиҳа аҳамияти ҳақида гапирди: «Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда 600 мингдан ошди. Режамиз – 1 миллион йўловчи. Агар ўз вақтида буни бошламаганимизда, шаҳар транспортида коллапс бўлиши мумкин эди. Энди муқобил энергетикани ҳам ўрганмасак бўлмайди», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди. Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 40 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин.

Умуман, ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан ошади, бекатлар сони 50 та бўлади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 650 минггача етади. 245 та янги иш ўрни яратилади.

Шаҳарда тирбандликни қисқартириш, одамларнинг узоғини яқин қилишга қаратилган бу ишлар давом эттирилиши таъкидланди. Жумладан:

– 1 апрелга қадар қўшимча мингта автобус олиб келинади;

– 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади;

– йил якунигача 233 та чорраҳадаги светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш тизими жорий этилади;

– 20 та оқим юқори кўчаларда хусусий шериклик асосида жами 10 минг ўринли паркоматлар ташкил қилинади;

– Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил қилиниб, тайёр бизнес сифатида аукционга чиқарилади.

Бош режасиз янги қурилиш бўлмайди

Президент қурилишга рухсат берганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилиб, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши таъкидлади.

2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади. «Тошкент яшил белбоғи» лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилади.

«Махсустранс» фаолияти ислоҳ қилинади

Йиғилишда пойтахтда чиқинди билан ишлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Тошкент шаҳрида йилига 700 минг тонна чиқинди ҳосил бўлади, аммо бугунги кунда уларнинг атиги 18 фоизи қайта ишланаётгани, бундан ташқари, чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича қилинаётган ишлар ҳам мутлақо қониқарсизлиги таъкидланди.

«Махсустранс» фаолиятини ислоҳ қилиш, унинг молиявий аҳволини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга шаҳар чиқиндисини қайта ишлашни камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Йиғилиш якунида шаҳар раҳбарияти ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи тингланди.

Трансформатор заводига ташриф

Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги «Aysel Energy» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

Қиш анча совуқ келгани электр энергияси тизимидаги муаммоларни яққол юзага чиқарди. Хусусан, айрим эски трансформаторлар юкланишни кўтара олмай, электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Президент соҳа мутасаддиларига электр тармоқларини янгилаш, зарур жиҳозлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди. Бу ташриф ўша вазифалар ижроси, келгусида энергетик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг бир қисми экани таъкидланди.

«Aysel Energy» йилига 10 минг дона йирик электр ускуналари ишлаб чиқариш қувватига эга. Туркия технологияси ўрнатилган корхонада маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етган. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи ва ўрнатиш харажати кам. Бу эскирган трансформаторларни нафақат пойтахтда, балки бутун республикада янгилаш имконини беради.

Мутасаддилар бу йил мамлакатимизда 3 минг 200 та трансформатор, 12 минг километр кабелларга зарурат борлиги ҳақида ахборот берди. Давлатимиз раҳбари импорт таҳлилидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий маҳсулотларга буюртмаларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Одамлар билан учрашув

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Эзгулик маҳалласида бўлиб, одамлар билан мулоқот қилди. Бу маҳаллада 26 та кўп қаватли уй бўлиб, 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

Президент маҳалла вакилларидан ҳол-аҳвол сўради. Нуронийлар ўтган совуқ кунларда халқимиз ва давлат идоралари хизматчиларининг бирлиги билан қийинчилик ортда қолганини айтишди.

«Бу бизга сабоқ бўлиши керак. Энергетикада 3-4 карра кўпроқ захира яратишимиз зарур. Шунинг учун қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга эътибор беряпмиз. У – муқобил, ишончли ва экологик тоза», деди президент.

Мавзуга оид