Ўзбекистон | 20:09 / 09.02.2023
15163
3 дақиқада ўқилади

Деярли ҳар дақиқа битта поезд. Интервал қисқарган метрода вазият яхши томонга ўзгармоқда

Сўнгги 1 ой ичида Тошкент жамоат транспортига қаратилаётган эътибор ўз самарасини бера бошлаган. Метрополитенга қўшимча поезд ва вагонлар қўйилиши тиғиз вақтларда поездлар интервали 1 дақиқагача бўлишини таъминламоқда. ОТМлардаги дарс вақтлари ўзгартирилганини ҳам ижобий ўзгаришга сабаблардан бири деса бўлади.

“Тошкент метрополитени” таркибида 64 та поезд бор, шунинг 27 ёки 28 таси айнан Чилонзор йўналишида ҳаракатланади. Чилонзор туманида аҳоли зич жойлашгани, бир қанча ОТМнинг шу ҳудуддалиги учун ҳам бу бекатда йўловчилар оқими катта, тирбандлик эса доимий.

Метродаги вазиятни ўрганиш учун жамоамиз билан эрталаб соат 8:30дан “Чилонзор” метро бекатида бўлдик. Ҳақиқатан станциядан фойдаланувчилар сони кўп, ҳамма ишга ёки ўқишга шошган.

“Поездлар вақти-вақти билан келади, лекин одам кўплиги учун тиқилинчлар бўлаверади. Мана ҳозир ҳам қолиб кетдик, энди кейингисини кутамиз”, – дейди йўловчилардан бири.

“Ҳозирги кунда метро хизмати яхшиланган, ҳар дақиқада битта поезд келади. У билан ҳар бир бекатга 2 дақиқада етиб олиш мумкин”, – дейди бошқа бир йўловчи.

“Қишда поездлар секин келади, ҳаво илиб қолса, тезроқ келади. Поездлар ҳозир ҳар 2 дақиқада келяпти. Лекин барибир тиқилинчлар бор. Иложи бўлса, бошидаги 2 та вагонни аёллар учун ажратишса яхши бўлар эди”, – деди талаба қизлардан бири.

“Тошкент метрополитени” ДУК матбуот котиби Тўйчи Мирзаевнинг Kun.uz'га айтишича, метрополитендан фойдаланаётган йўловчилар сони кескин ортиб, ҳозирда кунига 600-620 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу эса йўловчилар орасида тирбандликларни келтириб чиқармоқда. Муаммоларни максимал равишда камайтириш, интервалларни қисқартириш учун шу йил 9 январдан метро яқинида жойлашган 31 та ОТМдаги дарслар кечроқ бошланадиган бўлди.

“Илгари ишга ҳамда ўқишга борувчилар бир вақтда чиқишар эди, бу эса йўловчилар орасида тирбандликни юзага келтириб, Сергелидан келаётган ҳаракат таркибига “Олмазор” ва “Чилонзор” метро бекатларидан йўловчиларимизнинг чиқиши мушкул бўлар эди. Бунда бекатдаги 20-30 фоиз йўловчи чиқа олар эди, холос. Ҳозир эса бу кўрсаткич 70-80 фоизга кўтарилди.

Шунингдек, йўналишларда вақт интерваллари ҳам бир қанча қисқартирилди. Чилонзор йўналишида эрталабки тирбанд вақтларда оралиқ интервал 1,5–2 дақиқа, Ўзбекистон йўналишида 3-4 дақиқа, Юнусобод йўналишида 6-7 дақиқа, ерусти ҳалқа йўналишида эса 8-10 дақиқа қилиб қўйилди”, – дейди метрополитен матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, тирбандликни бартараф этиш мақсадида бундан аввалроқ Олмазор метро бекатидан бошлаб бўш бўлган захира поездлари ҳам чиқарилиб, Ўзбекистон йўналишига 5 вагонли 4 та поезд қўйилганди.

Ҳозирда 4 вагонли таркиблар сонини 12 тага етказиш, 2023 йилнинг сўнггигача 14 та янги ҳаракат таркибини олиб келиш режалаштирилган.

Тўйчи Мирзаевнинг айтишича, юқоридаги ишларни амалга ошириш орқали барча муаммолар босқичма-босқич бартараф этиб борилади.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид