12:28 / 09.02.2023
8145

Ўзбекистон ва Қозоғистон маҳкумларни топшириш бўйича келишиб олди

Фото: Zakon.kz

9 февраль куни Қозоғистон парламенти Сенати депутатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилди, деб хабар берди Zakon.kz. 

Ҳужжатни Қозоғистон бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев тақдим этди. Унга кўра, ҳужжатда маҳкумни топшириш ва буни рад этиш учун асослар кўрсатилган. 

- Маҳкумга қуйидаги ҳолларда топширилади: агар у икки давлатдан бирининг фуқароси бўлса, унинг қилмиши ҳар икки давлатда ҳам жиноят деб ҳисобланса, жазони ўташга камида бир йил қолган бўлса ва ҳар икки давлат бундай жараёнга рози бўлса, - деди Асет Чиндалиев.

Айни пайтда, унинг сўзларига кўра, агар ҳаракатлар мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига путур етказса, миллий қонунчиликка зид бўлса, маҳкумнинг молиявий мажбуриятлари бўлса, суд ёки тергов давом этса, ушбу жараён рад этилади. 

- Маҳкумлар ўз хоҳиши билан бошқа тарафга тақдим этилади, чунки шартноманинг асосий шартларидан бири маҳкум ўз мамлакатида жазони ўташ нияти тўғрисида ариза тақдим этиши шарт - деди Қозоғистон бош прокурори ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистондаги озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида Ўзбекистоннинг 486 нафар фуқароси жазо ўтамоқда – бу Қозоғистонда шундай жазога тортилган хорижий фуқароларнинг ярмини ташкил этади. 

Ўзбекистонда Қозоғистоннинг 20 нафар фуқароси озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтамоқда.

18 январь куни Қозоғистон парламенти депутатлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллади.

Top