Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япония разведкаси Украинада россиялик 20 нафар генерал ҳалок бўлганини аниқлади
Бу рақамлар «ақл бовар қилмас даражада юқори» деб баҳоланди.
Украина босқини бошланганидан бери россиялик 20 дан ортиқ генерал ҳалок бўлди, деб ёзди Nikkei газетаси Япония разведкаси маълумотларига таяниб. Бу ҳисоб-китоблар японлар томонидан АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда тўпланган маълумотларга асосланади.
Япония қуруқликдаги мудофаа кучларининг собиқ бош штаб бошлиғи, истеъфодаги генерал Киёфуми Ивата бу рақамларни «ақл бовар қилмас даражада юқори» деб атади. Унинг сўзларига кўра, масалан, АҚШ армиясида бундай юқори мартабали офицерлар деярли ҳалок бўлмайди.
Ивата ўлдирилган генераллар сонининг ғайриоддий кўплигини Украина армияси технология жиҳатидан Россия армиясидан сезиларли даражада устун экани ва юқори мартабали офицерлар манзилини муваффақиятли аниқлаши билан изоҳлади. Шунингдек, генералларнинг ўлимига уларни жанг майдонига юбориш амалиёти ҳам сабаб бўлган.
Япония разведкасининг юқори мартабали ходими Nikkei нашрига берган интервюсида Луганск ва Донецк вилоятларида яшовчилар Украина Қуролли кучларига маълумот етказган бўлиши мумкинлигини айтди.
2022 йил август ойида Британия разведкаси Украинадаги жангларда камида 10 нафар россиялик генерал ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Баёнотда айтилишича, «Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши чоғида ёмон ишлаши Россия ҳарбий раҳбариятига қимматга тушди». Феврал ойи бошида The New York Times газетаси Ғарб расмийларининг ҳисоб-китобларига таяниб, Россия армиясида жами 200 минг киши ҳалок бўлган ва ярадор бўлганини хабар қилган эди. Россия расмийлари Украинадаги урушда ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар сони ҳақида маълумот бермай келмоқда.