Жаҳон | 16:08 / 09.02.2023
9148
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Европарламентда европаликларга ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

Фото: Picture Alliance

Брюсселдаги Европарламентда нутқ сўзлаган Украина президенти Россияни «энг антиевропа кучи» деб атади. Украиналиклар ғалабага қадар курашадилар, деб ваъда берди у.

Украина ва Европа Иттифоқи ҳозирда дунёдаги «энг антиевропа кучи» бўлган Россияга қарши биргаликда курашмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 9 февраль, пайшанба куни Европарламентда сўзлаган нутқида айтиб ўтди. У Россия агрессиясини қайтаришда қўллаб-қувватлагани учун европаликларга миннатдорчилик билдирди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, унинг мақсади Украинани Европа Иттифоқига ва шу тариқа «уйга» олиб киришдир. Европа ва унинг эркин ҳаёт тарзига диктатор томонидан таҳдид қилинмоқда, деди Зеленский Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакатга қарши уруш бошлаш қарорига ишора қилиб. Киев ғалабага қадар курашади, деб ваъда берди у. Украина президенти, шунингдек, унинг мамлакати Россия билан урушда ғалаба қозонганидан кейин Европа Иттифоқига қўшила олишига ишонч билдирди. 

Володимир Зеленский Европарламент олдида чиқиш қилар экан, Украинанинг унга ҳарбий самолётлар етказиб бериш ҳақидаги илтимосини такрорламади. 

Ўз навбатида, Европарламент президенти Роберта Метсола Украина Европа қадриятлари учун курашаётганини таъкидлади. «Миллатингизнинг келажаги Европа Иттифоқида», деди у Зеленскийга. Европа Иттифоқи давлатлари Украинага ўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қирувчи самолётлар билан таъминлаш масаласини тезда ўйлаб кўришлари керак, деди Метсола. Twitter’да у «Европа учун тарихий кун» ҳақида ёзди. Украина президентини Европарламент депутатлари узоқ қарсаклар билан қарши олдилар. 

Шу куни Володимир Зеленский Европа Иттифоқи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарларининг фавқулодда саммитида иштирок этади. Бу саммит кун тартибида Украина мавзуси устувор бўлади. Унинг иштирокчилари Украинадаги сўнгги воқеалар ва Киевни янада қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишлари кутилмоқда. Европа Иттифоқи етакчилари Украинага ҳарбий ёрдам, жумладан, унинг замонавий Ғарб қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича сўровларини ҳам муҳокама қилади. 

Россиянинг Украинага ҳужуми туфайли Европа Иттифоқи парламенти 23 ноябрь куни Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи ва террорчилик воситаларидан фойдаланадиган давлат деб эълон қилди. Тегишли қарорни 494 депутат қўллаб-қувватлади, 58 нафари қарши чиқди, 44 нафари бетараф қолди. 19 январь куни европалик депутатлар Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти, жумладан, Россия президенти Владимир Путин томонидан содир этилган Украинага қарши тажовуз жиноятини таъқиб қилиш учун махсус халқаро трибунал яратишга қарор қилишди. Унга 472 депутат овоз берди, 19 нафари қарши чиқди, 33 нафари бетараф қолди. 

Мавзуга оид