Жаҳон | 09:20
880
4 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия асирлигидан 157 нафар украинлик қайтарилди

Украина президентининг сўзларига кўра, Киевга 157 нафар ҳарбий хизматчи, миллий гвардиячилар, чегарачилар ва тинч аҳолидан иборат шахслар топширилди. РФ Мудофаа вазирлиги ҳам алмашинувни тасдиқлади. Асирликдан қайтган РФ ҳарбийлари Беларус ҳудудида.

Россия асирлигидан 157 нафар украин фуқаросини — Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари, миллий гвардиячилар, чегарачилар, шунингдек тинч аҳолини қайтаришга муваффақ бўлинди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский пайшанба, 5 феврал куни Telegram орқали хабар қилди. Унинг айтишича, уларнинг аксарияти 2022 йилдан бери асирликда бўлган. “Асирликдан одамларимизни озод қилиш учун ишни давом эттирамиз”, — деди давлат раҳбари.

Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича штаб маълум қилишича, озод этилганлар — 150 нафар ҳарбий ва 7 нафар тинч аҳолидан иборат. Уларнинг ярмидан кўпи Мариупол мудофааси вақтида асирга тушган. Шунингдек, ноқонуний равишда ҳукм қилинган украинлар ҳам уйига қайтарилгани айтилди. “Українськi Новини” нашрига кўра, асирликдан қайтганларнинг энг ёши — 23 ёш, у Мариупол мудофаасидан сўнг РФ суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Энг каттаси — 63 ёш, дея аниқлик киритилди.

Ўз навбатида, РФ Мудофаа вазирлиги ҳам “157 га 157” формуласи бўйича алмашинув амалга ошганини тасдиқлади. ТАСС агентлиги аниқлаштиришича, алмашинув доирасида Курск вилоятидан уч нафар тинч аҳоли ҳам қайтарилган. Унинг маълумотига кўра, асирликдан қайтган РФ ҳарбий хизматчилари ҳозир Беларус ҳудудида.

Аввалроқ, 5 феврал куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф Украина ва Россия 314 нафар асирни алмашишга келишганини хабар қилган эди. У X ижтимоий тармоғида бу “сўнгги беш ойдаги биринчи” шундай алмашинув эканини таъкидлаган. Келишувлар АҚШ, Украина ва Россия делегациялари иштирокида Абу-Дабида ўтган музокараларнинг иккинчи раундида эришилган.

“Ҳали кўп иш қилиш керак, аммо бундай қадамлар доимий дипломатик мулоқот аниқ натижа беришини ва Украинадаги урушни тўхтатиш саъй-ҳаракатларини олдинга суришини кўрсатади”, — деб ёзди Уиткофф. Унинг айтишича, муҳокамалар давом этади ва “яқин ҳафталарда янада илгарилаш кутилмоқда”.

Абу-Дабидаги музокараларда АҚШ томонидан Уиткоффнинг ўзи, Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл қатнашмоқда. Украина делегациясига Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустем Умеров раҳбарлик қилди. Россия томонидан эса делегацияга РФ Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси раҳбари адмирал Игор Костюков бошчилик қилди.

4 феврал куни маслаҳатлашувларнинг биринчи кунидан кейин, Axios нашри билан суҳбатда исми ошкор этилмаган украин расмийси муҳокамаларни самарали деб атаган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса ҳал этилмаган масалалар рўйхати “сезиларли қисқаргани”, музокара иштирокчилари “ҳақиқий илгарилашга” эришганини айтди. Бироқ “энг қийин масалалар” ҳали қолганини ҳам қўшимча қилди. Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар 5 феврал куни ҳам давом этган.

БАА пойтахтида, жумладан, иқтисодий масалалар, ҳудудлар мақоми ва ўт очишни тўхтатиш механизмлари муҳокама қилинди. Украина жамоаси АҚШ томони билан алоҳида икки томонлама учрашув ўтказишни режалаштирганди.

Уч томонлама музокаралар билан бир вақтда, 5 феврал куни Абу-Дабида Россия—АҚШ иқтисодий ҳамкорлик гуруҳининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. РФ президентининг махсус вакили, РФПИ раҳбари Кирилл Дмитриев: “Россия—АҚШ муносабатларини иқтисодий йўналишда тиклаш бўйича фаол иш кетяпти”, деб маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ делегацияси билан музокаралар “ижобий” кечмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский 4 феврал кечқурун Украина томони Россия билан ҳарбий асирларнинг янги алмашинуви бўйича келишганини айтган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид