Ҳавонинг ифлослиги сабаб тошкентликлар йилига 503 та сигарета чеккандек бўляпти
Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлиги шаҳар аҳолисининг саломатлигига худди йилига 503 та сигарета чеккан каби салбий таъсир қилади. Ифлос ҳаво одамлар соғлигига энг кўп зарар келтирадиган 20 та йирик шаҳар орасида Ўзбекистон пойтахти 16-ўринни эгаллади.
Тошкентда ҳавонинг ифлослиги шаҳар аҳолисининг соғлигига худди йилига 503 дона сигарета чеккан каби таъсир қилади. Бу ҳақда House Fresh номли ҳаво сифати бўйича халқаро жамоатчилик лойиҳасининг ҳисоботида айтиб ўтилган.
Лойиҳа дунёда ҳаво сифати энг ёмон 20 та катта шаҳарга эътибор қаратиб, бу ерларда яшовчиларнинг саломатлигига ҳаво ифлослиги сабаб етадиган зарарни тамаки маҳсулотларини чекиш миқдорига таққослаган. Бунинг учун Berkeley Earth формуласидан фойдаланилган. Формула ҳаводаги PM2,5 зарраларининг саломатликка таъсирини чекилган сигареталар таъсири билан қиёслайди. Унга кўра, бир дона сигаретанинг зарари ҳаводаги PM2,5 нинг миқдори 22 мкг/м3 бўлишига тўғри келади.
Рейтингда биринчи ўрин (энг салбий кўрсаткич) Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрига тўғри келган. Бу ерда яшовчилар ҳавонинг ифлослиги сабаб йилига билвосита 1176 та сигарета чеккандек бўлади.
Тошкент 16-ўринда – Индонезия пойтахти Жакарта ва Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотанинг ўртасида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон пойтахти ҳаво сифатининг ёмонлиги бўйича IQAir рейтингида дунё шаҳарлари орасида тез-тез биринчи ўринга чиқиб туради.
“Ўзгидромет” бунинг сабаблари қаторида шаҳарда транспортларнинг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, дарахтларни кесиш, майсазорлар ва магистрал йўлларнинг кенг кўламда суғорилишининг йўқлигини санаб ўтган.
Метеорологлар шаҳарда автомобил йўлларига сув сепиш ва тозалаш, қурилиш объектларида чангни камайтириш, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш, шаҳарни кўкаламзорлаштиришга кўпроқ эътибор қаратишга чақириб келади.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024