2001 йил, Ҳиндистон, 13,8-20 минг қурбон

2001 йилнинг 26 январи, соат 03:16 да Ҳиндистон жануби-шарқидаги Гужарат штатида 7,6 балли ер қимирлаши содир бўлди. Ерости тўлқинлари нафақат Ҳиндистон, балки қўшни Непал, Покистон, Хитой каби давлатларда ҳам сезилди.
Зилзила турли ҳисоб-китобларга кўра, 13,8 мингдан 20 минг нафаргача инсоннинг ёстиғини қуритди, 170 минг киши жароҳатланди. Мазкур зилзила мамлакатда ярим аср давомидаги энг кучлиси дея тан олинди.
2003 йил, Эрон, 26 271 қурбон

2003 йилнинг 26 декабри, соат 01:26 да 6,6 магнитуда кучига эга зилзила Эроннинг жануби-шарқидаги Кермон музофоти, Бам шаҳрини тўлиқ вайрон қилиб ташлади. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 26 271 киши ҳалок бўлди, 30 мингдан ортиғи жароҳат олди. Зилзила оқибатларини бартараф этишда 44 давлат вакиллари иштирок этди.
2004 йил, Индонезия, 225-300 минг қурбон

2004 йилнинг 26 декабри, соат 00:58 да содир бўлган зилзила янги асрнинг энг катта талафотли табиий офати бўлди. Ҳинд океанида, Суматра оролидан 160 км нари ва 30 км чуқурликдаги эпимарказида 9,1-9,3 магнитуда куч билан қўзғалди. Зилзиланинг ўзи ҳам, пайдо бўлган цунами ҳам шу қадар кучли бўлдики, пайдо бўлган тўлқинлар баландлиги 10 метргача кўтарилди.
1200 км масофадаги тектоник плиталар силжиб кетди. Офат оқибатида Индонезия, Таиланд, Шри-Ланка, Ҳиндистон каби 14 давлат ва 2,2 млн аҳоли зарар кўрди. Нобуд бўлганлар сони бўйича турлича маълумотлар келтирилади. Аммо 225 мингдан 300 минггача инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги маълумотлар тасдиғини топган. Бу зилзила Таиландга 5 млрд, Индонезияга 4,5 млрд, Ҳиндистонга 1,6 млрд, Мальдив оролларига1,3 млрд доллар иқтисодий зарар ҳам етказган.






















