КГБ ёки МРБ: АҚШга қочиб кетган совет хавфсизлик ходими икки томонлама жосус бўлганми?
1962 йилда Швейцарияда бўлиб турган совет делегацияси маслаҳатчиси МРБ жосуслари билан алоқа боғлайди. Уларга АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини айтади ва муҳим ҳужжатларни беради. Орадан икки йил ўтиб, маслаҳатчи яна Женевага келганда уни АҚШга жўнатиб юборишади. Аслида КГБ жосуси бўлган бу одамни АҚШда ҳам бахтли ҳаёт кутмаётган эди. У океан ортида икки томонлама жосусликда айбланиб, бир неча йил қамоқда сақланади.
Сталин вафотидан кейин унинг даврида содир этилган кўплаб жиноятлар ошкор қилинар экан, кўпчилик зиёлиларнинг коммунистик тузумдан кўнгли совий бошлайди.
Кечагина давлатнинг ёлғон тарғиботларига учиб қатағон қилинган одамлар ҳақида салбий фикрда бўлиб юрганлар «халқлар доҳийси» ўлгач миллионлаб инсонлар ноҳақ жазолангани ҳақида хабар топишади.
Шундан сўнг зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик билан бошқариладиган давлатдан турли йўллар билан чет давлатларга чиқиб кетиш ҳолатлари кўпаяди. Одамлар хорижга қочиш учун турли йўлларни танларди. Кимдир денгиздан сузиб қочса, яна кимдир саёҳатга бориб ортга қайтмасди.
Хорижга қочаётганлар орасида КГБ ходимлари ҳам бўлиб, улар асосан хорижга чиққанда Ғарб давлатларидан бошпана сўрарди. Юрий Носенко ҳам улардан бири эди.
1962 йилда Носенко Швейцариянинг Женева шаҳрида қуролланиш пойгасини тўхтатиш бўйича ўтказилган музокараларга совет делегацияси маслаҳатчиси ниқоби остида боради.
Шу ерда у МРБ жосуслари билан алоқага чиқади ва АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини маълум қилади.
Орадан 2 йил ўтгач, 1964 йилда яна иш юзасидан Швейцарияга борган Носенкони МРБ ходимлари АҚШга қочириб юборишади.
Носенконинг КГБда иш бошлаши
Юрий Носенко 1927 йилда Украинанинг Николаев шаҳрида туғилган. Унинг отаси 1939-1956 йилларда СССР кемасозлик вазири бўлган. Катта Носенко шахсан Сталин билан яхши муносабатда бўлган. Шу сабабли унга Бериянинг «тиши ўтмаган» ва қатағонлардан омон қолган.
Отасининг юқори лавозимларда ишлаши Юрийга аввал Нахимов номидаги ҳарбий-денгиз академиясида, сўнг Москвадаги халқаро муносабатлар университетида ўқиш имкониятини беради.
Москвадаги ушбу олийгоҳ ўша пайтларда СССР ташқи ишлар вазирлиги ва НКВД (КГБ у пайтда шу ташкилот таркибида эди) тасарруфида бўлиб, Носенко таҳсил олган йилларда унинг мақоми институт даражасида эди.
1950 йилда Носенко олийгоҳни тугатади ва 1953 йилдан бошлаб КГБда ишлай бошлайди. Сталин вафотидан кейин ошкор бўлган ишлар унга ҳам таъсир қилади ва имконияти бўлиши биланоқ Ғарбга қочиб кетишни режалаштиради.
Носенко КГБнинг иккинчи бош бошқармасида ишлаган. Унинг вазифаси америкалик жосусларга қарши курашиш ва хорижий давлатларда ўтказиладиган турли йиғинларда совет делегацияси аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш бўлган.
Шу сабабли Носенко совет делегациялари билан хорижий давлатларда ўтказиладиган турли халқаро конференцияларга тез-тез бориб турган.
1962 йил март ойида Швейцариянинг Женева шаҳрида қуролланиш пойгасини тўхтатиш бўйича халқаро конференция ўтказилади. Унда дунёнинг 17 та давлати ташқи ишлар вазирлари қатнашади.
Носенко конференцияга совет делегацияси маслаҳатчиси ниқоби остида боради. Ўшанда Носенко Женева шаҳрида бўлиб турган АҚШлик дипломат билан яширинча учрашади ва ундан МРБ жосуслари билан алоқага чиқиш учун ёрдам сўрайди.
Бир неча кундан сўнг Носенко МРБ жосуслари билан учрашиб, уларга АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини билдиради. Носенко гапининг исботи сифатида уларга бир қанча махфий ҳужжатларни беради.
Носенко МРБ ходимларига берган маълумотлар орасида КГБ АҚШнинг Москвадаги элчихонасига 42 та эшитиш мосламаси ўрнатгани ҳақидаги махфий ҳужжат ҳам бор эди.
Текшириб кўришганда Носенко тақдим этган маълумотлар тўғри экани тасдиқланади. МРБ ходимлари Носенко билан ҳамкорлик қилишга рози бўлишади ва қулай вазият бўлиши билан уни АҚШга жўнатиб юборишга ваъда беришади.
Шундан сўнг Носенко Москвага қайтади ва МРБнинг СССРдаги жосусларига махфий маълумотларни беришда давом этади.
1964 йил январ ойида Носенкони яна Швейцарияга жўнатишади. У Женевада МРБ жосуслари билан бир неча марта учрашиб, АҚШга қочиш масаласини муҳокама қилади. 1964 йил 4 феврал куни улар Носенкони АҚШга жўнатиб юборишади. Унинг оиласи Москвада қолади.
Носенкога ўлим жазоси берилиши
СССРдаги муҳим тармоқлардан бирини узоқ йиллар бошқарган собиқ вазирнинг ўғли – КГБ ходимининг АҚШга қочиб кетиши советлар давлатида жуда нохушлик билан кутиб олинади.
Ҳодисадан Хрушчев хабар топгач (Хрушчев Носенко қочганидан 9 ой ўтиб СССР раҳбарлигидан кетказилган) у собиқ КГБ жосуси ҳақидаги барча маълумотларни йўқ қилиш ҳақида буйруқ беради.
Қолаверса, Носенконинг қочиши КГБ учун ҳам катта муаммоларни келтириб чиқаради. Ўшанда у МРБга тақдим этган маълумотлар туфайли КГБ дунё бўйлаб ишлаётган 300-400 нафар жосусларини ортга қайтаришга мажбур бўлади.
СССРда Носенкога нисбатан ватанга хиёнат қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Қўл остидаги ходимга нисбатан «ҳушёр бўлмагани учун» унинг КГБдаги бошлиғи ишдан ҳайдалади. Носенко билан ёнма-ён ишлаган бир қанча ходимларнинг лавозимлари пасайтирилади.
СССР олий суди Носенкони барча унвонлар ва мукофотлардан маҳрум қилади. Мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиб, ўзига олий жазо – сиртдан ўлим жазоси беради.
МРБ шубҳалари ва уй қамоғи
Носенко АҚШга етиб борганидан сўнг океан ортига қочган бошқа КГБ жосусларидан фарқли ўлароқ уни жиддий сўроқ қилишади. МРБ Носенкони икки томонга (МРБ ва КГБга) бирдай ишлаган жосус деб гумон қилади. Носенко уларга икки томонлама жосус эмаслигини исботлаши учун 5 йил керак бўлади.
Носенконинг АҚШда сўроқ қилинишига жиддий сабаб бор эди. 1963 йил 22 ноябр куни АҚШ президенти Жон Кеннедига суиқасд уюштирилади ва у ҳалок бўлади.
Кеннедига суиқасд қилганликда гумон қилинган шахс Ли Харви Освалд исм-шарифли кимса эди. Кеннеди вафот этганидан икки кун ўтиб, 1963 йил 24 ноябр куни қўлга олиш чоғида Освалд отиб ўлдирилади.
Освалд 1959-1962 йиллар давомида СССРда яшаган ва ишлаган эди. У ўша пайтда СССР фуқаролигини олиш учун ариза берган, бироқ советлар рад этишганди.
АҚШ фуқароси сифатида Освалд СССРда ҳар доим кузатувда бўлади. Шу пайтда КГБ ходимлари у билан бир неча марта суҳбатлашишади. Освалд СССРда бўлганида у учрашган КГБ жосуслари орасида Носенко ҳам бор эди.
Кейинчалик Освалд АҚШга қайтгач океан ортида ишлаётган КГБ жосуслари билан ҳам алоқада бўлиб юради. Освалд АҚШдаги КГБ жосуси билан сўнгги марта Кеннедини ўлдиришидан икки ой аввал мулоқотда бўлгани аниқланади.
Носенко АҚШга етиб борганида Кеннедининг ўлдирилиши бўйича тергов давом этаётганди. Шу сабабли уни ҳам МРБда сўроқ қилишади. Носенкодан Кеннедининг ўлдирилишида КГБнинг роли бўлганми-йўқми шу ҳақда сўрашади. У ўзи билган маълумотларни ошкор қилади.
Ўша пайтда АҚШда Кеннедини КГБ ўлдиртиргани кенг муҳокама бўлаётганди. Носенко сўроқ давомида бу тахминни рад этади.
Носенкога кўра Освалдга Кеннедини ўлдириш КГБ томонидан буюрилмаган. Унда руҳий муаммолар бўлгани учун КГБ Освалдга ишонмаган ва у билан ҳамкорлик қилишни рад этган.
Бироқ Носенконинг маълумотларидаги айрим тафсилотлар АҚШга қочиб кетган яна бир КГБ жосуси Анатолий Голицин берган маълумотлардан бироз фарқ қилади. Ана шу ҳолат МРБда шубҳа уйғотади ва америкаликлар Носенко икки томонлама жосуслик ўйинларини ўйнаяпти деган гумонга боришади.
Оқибатда 1965 йил августда Носенкони қамоққа тиқишади ва МРБ ходимлари уни икки йил сўроқ қилишади. Шу зайлда собиқ КГБ жосуси 1967 йил октябр ойигача якка кишилик камерада ўтиради.
1968 йилга бориб Носенко МРБга ўзининг икки томонлама жосус эмаслигини исботлайди ва уни озод қилишади. Америкаликлар Носенкодан узр сўраб, унга 137 минг доллар товон пули тўлаб беришади.
Бироз ўтиб уни МРБга маслаҳатчи сифатида ишга олишади ва Носенко вазифада анча йил ишлаб нафақага чиқади.
Кейинчалик Носенко ҳақида умуман хабар чиқмай қўяди. Ҳатто СССР тарқаб кетгандан кейин ҳам унинг тақдири номаълумлигича қолади. 2008 йилда ОАВда Юрий Носенконинг вафот этгани ҳақида хабарлар берилади.
Носенко ҳақида фильм
1986 йилда америкалик ва британиялик киноижодкорлар ҳамкорлигида Носенконинг ҳаёти ҳақида фильм суратга олинади. Фильм «Юрий Носенко: икки томонлама жосус» деб номланади.
Фильмда Носенко ролини таниқли актёр Олег Рудник, бош роллардан яна бирини Ҳолливуднинг таниқли актёри Томми Ли Жонс ўйнаган эди.
Олег Рудник кейинчалик АҚШга қочиб ўтган яна бир КГБ жосуси Анатолий Голицин ҳақида ишланган фильмда ҳам асосий қаҳрамон ролини ижро этган.
Фильмни Ҳолливуднинг таниқли режиссёри Мик Жексон суратга олади. (Бу режиссёр кўплаб фильмлар билан бирга Кевин Костнер ва Уитни Хьюстон бош ролларни ижро этган «Тансоқчи» фильмини суратга олган).
Фильмда Носенконинг АҚШга қочиб кетиши ва океан ортида ўтказган ҳаёти тасвирланган. Фильм кинотанқидчилар томонидан илиқ кутиб олинган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.