ОТМлар жойлашувининг Тошкентдаги тирбандликка таъсири ўрганилди
Талабаларнинг ўқиш соатларидаги қатнови йўллардаги ўта тирбандлик ҳолатини 33 фоизга кўпайтириши маълум қилинди. Тадқиқот муаллифлари олийгоҳларни шаҳар ташқарисига кўчириш заруратини истисно қилмаган.
Олий таълим муассасаларининг жойлашуви шаҳарлар ҳолатига, тирбандлик муаммосига қандай таъсир қилиши ҳақида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертларининг таҳлиллари эълон қилинди.
Мутахассислар Тошкент шаҳри йўлларининг тирбандлик даражасини йўллардаги ўртача тезлик, тирбандлик мавжуд йўллар узунлиги ва ижтимоий сўров натижалари асосида таҳлил қилган.
Тадқиқот натижасида аниқланишича:
- Тошкент шаҳрида тирбандлик юқори бўлган йўлларнинг жами узунлиги 120 кмдан ортиқ. Бу – Тошкент шаҳридан Гулистон шаҳригача бўлган масофа (119 км)дан ҳам кўп.
- Республикадаги ОТМларнинг 43 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, жами талабаларнинг 34 фоизи (354 минг) пойтахтда таҳсил олади.
- Сўровнома иштирокчиларининг 47 фоизи айнан ўқишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи учта асосий сабабдан бири сифатида қайд этди.
- Талабаларнинг ўқиш соатларидаги қатнови ўта тирбанд йўллар узунлигининг 8,5 кмдан 11,3 кмгача ошишига сабаб бўлади.
- Ўқиш даврида тирбандлик ортиши сабаб бир йилда атмосферага қўшимча 507 тонна CО2 ажралиб чиқади. Бу қўшимча 19 031 туп дарахт экиш ёки 53 гектар яшил ҳудуд барпо этиш дегани.
Тирбанд йўллар узунлиги QGIS дастури орқали, Quick Map Service маълумотлари асосида аниқланган. Тирбандлик харитасида автомобил соатига 10 кмдан кам тезликда ҳаракатланса – тўқ қизил, соатига 10-25 км оралиқдаги тезликда ҳаракатланса – қизил, соатига 25-45 км оралиқдаги тезликда ҳаракатланса – сариқ ва соатига 45 кмдан юқори тезликда ҳаракатланса – яшил рангда ифодаланган. Шуни инобатга олиб, фақат қизил ва тўқ қизил рангли йўллар таҳлил қилинган.
ПМТИга кўра, йўллардаги юкламани камайтириш учун олийгоҳларни пойтахтдан ташқарига чиқариш – дунёда бор амалиёт. Масалан, 2012 йилда Москвада 2020 йилгача пойтахтдаги 5та йирик университетнинг Москва ҳалқа йўли ташқарисида ўқув биноларини қуриш режалаштирилган. Дунё миқёсида ҳам QS World University Ranking рейтингидаги 25 та энг нуфузли олий таълим муассасасининг 9 таси пойтахтда жойлашган. Қолган 16таси пойтахтдан ташқарида қурилган.
Мутахассислар, шунингдек, айрим тармоқ мутахассисларини тайёрловчи ОТМларни ўша тармоққа ихтисослашган ҳудудларга жойлаштириш фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашини айтишмоқда.
“Шу билан бирга, олий таълим муассасалари атрофида хизмат кўрсатиш объектлари кўпайиши ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига мултипликатив таъсир қилиб, ҳудудлараро табақалашув даражасини қисқартиради”, – дейилади институт мутахассислари тавсиясида.
Мавзуга оид
13:07
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
09:10 / 15.11.2024