Қозоғистонда ҳижома тақиқланди
Чақалоқнинг юзини кесиб, ҳижома қилингани ҳақидаги видеолавҳа тарқалгач, Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай амалиётга рухсат йўқлигини маълум қилди.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги туғилган чақалоқ юзини ўткир тиғ билан кесиб, ҳижома қилиб «даволаган» муассасада текширув ўтказди.
Қайд қилинишича, вазирлик буни «ноқонуний тиббий фаолият» деб баҳолаган. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
«Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ушбу видеога кўра, Атирау вилояти прокуратураси текшириш ўтказди. Текширув аллақачон якунланган. Биз бу ноқонуний тиббий фаолият эканини аниқладик», дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик хулосасига кўра, ҳижомани лицензияга эга бўлмаган ҳамшира бажарган. Даволаш маскани бўйича тўпланган материаллар прокуратурага юборилган. Унинг фаолиятини тақиқлаш учун судга даъво киритилиши режалаштирмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг қўшимча қилишича, тиббий фаолиятнинг барча турлари лицензияланган бўлиши керак.
«Анъанавий терапияни ҳам лицензиялаш кўзда тутилган, жумладан, игнатерапия, фитотерапия ва бошқалар. Ҳижома бу рўйхатда йўқ, шунинг учун биз уни ноқонуний фаолият деб баҳолаймиз. Ҳижома тақиқланган», деди Тиббиёт ва фармацевтика назорати қўмитаси раиси Лаура Ахметниязова.
Ҳижома — тери юзасини кесиб, қон оқизиш амалиёти. У Ислом динида суннат амали ҳисобланади, аммо муҳим чекловлари ҳам бор.
Аввалроқ, Қозоғистонда чақалоқ юзини кесиб, ҳижома қилингани ҳақидаги видеолавҳа кўплаб баҳс-мунозараларга, ҳуқуқ ҳимоячилари, тиббиёт ходимлари ва олимлар эътирозига сабаб бўлди. Шундан кейин қозоғистонликлар болаларни ҳижома қилишни тақиқлаш ҳақидаги петиция учун имзо тўплашни бошлаган эди.
Мавзуга оид
18:39 / 15.02.2024
Қозоғистон Ўзбекистондан тарихий мерос буюмларини қайтаради
18:33 / 14.02.2024
Қозоғистондаги ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари жабрланди
10:15 / 12.02.2024
Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
19:30 / 10.02.2024