Жаҳон | 19:17 / 13.02.2023
18213
2 дақиқада ўқилади

Туркияда қурувчи-пудратчилар оммавий ҳибсга олинмоқда

Зилзила оқибатида вайрон бўлган биноларнинг қурувчи-пудратчилари ҳибсга олинмоқда.

Фото: AP

Туркиядаги зилзила оқибатида юз берган кенг миқёсдаги вайронгарчиликлар юзасидан бошланган тергов ҳаракатлари бўйича кўплаб қурувчи-пудратчилар ҳибсга олинмоқда. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Жумладан, Малатия шаҳри прокуратураси Қаҳрамонмараш шаҳрида содир бўлган зилзила оқибатида кенг кўламли вайронагарчиликлар бўйича тергов доирасида 31 кишининг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Прокуратура томонидан аҳоли ўртасида кўплаб қурбонларга олиб келган турар жой ва бошқа объектлар қурилишидаги қонунбузарликлар юзасидан кенг кўламли текширув ишлари бошланган.

Шунингдек, Мерсин вилояти, Одиёмон туманидаги Бесни шаҳрида зилзила оқибатида вайрон бўлган 6 та уйнинг пудратчи ташкилоти раҳбари Шукру Ишитмен ҳибсга олинган. Сўнгги маълумотларга кўра, бу вайроналар остида 123 нафар одам ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, Ғозиантеп шаҳридаги зилзилада вайрон бўлган 25 та уй-жой қурувчи-пудратчиларига қарши очилган жиноий иш бўйича 9 киши ушланган. Суд уларнинг 5 нафарини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Қайд қилинишича, пудратчи ташкилотларнинг раҳбарлари ва кўплаб ходимлари қидирувга берилган.

13 феврал ҳолатига Туркияда юз берган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 31 мингдан, жароҳатланганлар сони 100 мингдан ошди. Вайрон бўлган шаҳарларда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид