Дўппи ўрнига юлинаётган бош: аҳоли ва бизнесга қуёш панеллари мажбурий тарзда ўтказилмоқда
Кейинги кунларда деярли барча вилоятларда кичик бизнес вакиллари ва аҳолини, айниқса, бюджет соҳасида ишлаётганлар хонадонларига банк кредити эвазига қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлаш ҳоллари кўпайган.
Хусусан, ҳамкасбимларимдан бири Навоийдаги банк филиалларидан бири 25 миллион сўм эвазига панел ўрнатишга кредит олиши кераклиги, бунга уларни вилоят ҳокимлиги мажбурлаётганини ҳикоя қилган. Агар у розилик берса — ўрнатадиган фирма ҳам тайёр: бир кунда ўрнатиб ҳам кетишар экан.
Телеграмдаги алоқа ботимга келган яна бир мурожаатда шундай ёзилган:
«Банкирларни айтяпсиз, қуёш электр панелларини ўрнатиш учун бизни ҳам мажбурлашяпти. Ойлик маошим 4 млн, қайси пулга қўйишни билмай қолдим. Йўли бор, лекин тинч қўйишлари учун фақат пора бериш керак...»
Ҳамма оғзидан бол томиб мақтайдиган вилоят ҳокими ҳам ҳар ҳафта аппарат йиғилишларида «панел ўрнатмаганларни ишдан ол, светини ўчир», деб очиқчасига пўписа қиляпти экан.
Бир пайтлар «товуқ», «чорва», «парник»ка кредит олишга мажбурланганларнинг кўпчилиги бугун ҳеч қандай даромад олмасдан, бўйнигача қарзга ботиб ўтирибди. Халқнинг бир марта «оғзи куйган», энди ҳушёр тортмоқда.
Қолаверса, президент қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши бўйича вазифаларни фақат давлат ва бюджет ташкилотлари учун белгилаб берган эди. Аммо оддий фуқаролар ва бизнес вакилларига жойларда қуёш панелларини ўрнатишни вилоятлардаги мутасаддилар президент топшириғи, дея аҳолини мажбурлашаётгани аён бўлмоқда.
Одатдагидек, дўппи ўрнига бош юлинмоқда
Иқтисодчи Бакиров бу ҳолатга баҳо берар экан, «Энг эзгу ва рационал ташаббуслар ҳам худо қисган ҳокимларнинг қўли билан абсурдга айлантирилиши биринчи марта эмас», деб ёзди.
«Дўппи деса, бош юлиб келинадиган кампаниябозлик барча вилоятларда давом этмоқда, лекин доимгидек Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган Андижон вилояти шу масаладаям етакчи.
Тадбиркорлар қуёш панелларини ўрнатишга мажбурловда учта муаммони қайд этишмоқда:
Биринчидан, бизнес вакилларига уларнинг заруриятидан ортиқ панеллар ўрнатиш вазифаси топширилмоқда.
Иккинчидан, таклиф этилган панеллар қимматлаштирилган ва эркин танлов мавжуд эмас. Айниқса, кредит ҳисобига сотиб олишга мажбурланаётган панеллар каррасига қимматлаштирилган. Бу биламизки, қизил товуқдан тортиб қорамолгача бўлган масалаларда тажриба орттирган ўзбек ҳокимларининг севимли пул ишлаш усули.
Учинчидан, тадбиркорларнинг ҳисоби бор, улар шунинг учун ҳам тадбиркор. Каррасига қимматлаштирилган ва банк кредити ҳисобига сотиб олинаётган панеллар генерацияси эртага ҳатто бозор нархларига ўтсак ҳам, тарифлар уч баробар ошсаям, 10 йилда ўзини оқламайди. Бу қанақа афзаллик ва бу қанақа муқобиллик?» — деб ёзади Бакиров.
Президент нима деган эди?
Феврал ойи бошида водий вилоятларига сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида фаоллар билан учрашганда яшил энергетика мавзусида гап очган эди.
«Нима учун масъул раҳбарлар ўз ҳудудида етишмовчиликни қоплаш, «яшил энергия»ни жорий қилиш, тежамкорлик ҳақида ўйламаган?» — дея савол қўйган давлатимиз раҳбари.
Президент ўша йиғилишда водий вилоятларида 160 MWʼли қуёш панеллари ва 100 та микро ГЭСлар қурилиши ҳақида гапирган ва бу ишларни жойларда тўғри ташкил этиш, масалаларни ҳал қилиш учун вилоят ҳокимларининг 1-ўринбосарлари масъул бўлиши ва барча ишлардан озод қилиниши, уларга республика банк раҳбарлари бириктирилишини белгилаган эди.
Ижтимоий соҳа объектларида «қуёш энергияси»дан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилиши, унга 200 млн доллар маблағ берилиши ва бу компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатиши ҳамда «яшил энергия»ни бюджет корхонасига сотиши белгиланган эди. Бу соҳа даромадлилигини тадбиркорларга тушунтириб, уларни ҳам бу ишга жалб қилиш кераклиги таъкидланганди.
Йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилиши айтилганди. Биргина водий вилоятларида 1 408 та йирик корхона ўзининг электр эҳтиёжини 100 фоиз ўзи таъминлашга ўтказиш вилоят ҳокимлари, Энергетика вазирлиги ва тармоқ раҳбарлари учун устувор вазифа бўлиши кераклиги президент томонидан белгиланган эди.
Саноат корхоналарида қуёш панеллари ўрнатиш ва кичик станциялар қуриш учун халқаро молия ташкилотларидан 2 миллиард доллар жалб қилиш чоралари кўрилиши айтилган эди.
Нега банкирлар яна ғимирлаб қолишди?
Кам таъминланган оилаларга кредит эвазига товуқ, чорва моллари тарқатиш, парник қуриб бериш «операциялари»да гарчи маблағ давлат бюджетидан ажратилган бўлса-да, энг катта фойдани (ноқонуний фойдани, албатта!) банкирлар ва таъминотчи корхоналар кўргани ҳеч кимга сир эмас.
Чунки кредит эвазига парранда, чорва ва парник олувчилар ажратилган пулга ўзлари сифатлироғи ва арзонроғини эмас, айнан банкирлар кўрсатган таъминотчи корхоналардан сифатсизроғи ва қимматроғини олишга мажбур бўлишди.
Таъминотчи корхоналарда эса чорва ва парранда нархи бозордагидан 3 бараваргача қимматроқ, қуриладиган парник билан ҳам шу аҳвол. Сифатсиз, «мендан кетгунча эгасига етгунча» қурилган парниклар ҳақида ўнлаб мурожаатларни ўрганган инсон сифатида ёзяпман буни.
Қолаверса, ўшанда хизматни бажариб, товуқ, чорва, парникларни етказиб бериб, банкдан пулини ундиролмай юрган таъминотчилар ҳам бизга мурожаат қилишганди, бундай корхоналар ахтарилса ҳозир ҳам чиқса керак.
Ҳаммаси банкир ва таъминотчи корхоналар ўртасида тузиладиган «ўзаро манфаатли битим» билан боғлиқ. Банкка «улуш»ини берган таъминотчининг ошиғи олчи. Келишолмагани, тўғрироғи, пора бермагани пулини ололмай юради. Бу 100 фоиз коррупцион схема.
Қуёш панеллари билан ҳам айнан шундай бўляпти, деб қўрқмасдан айта оламан. Бир эзгу ташаббус баҳона, кимлардир мўмай даромад илинжида эшагини қамчиламоқда.
«Эшагидан тушови қиммат»
Саноат корхоналари ва бизнесни-ку қўятуринг, ўзи ҳозирги шароитда хонадонларга кредит эвазига қуёш панеллари ўрнатиш самаралими?
Масалан, Навоийда банклар хонадонларга энг камида 2,2 KWa қувват берадиган қуёш панеллари учун 25–27 миллион сўмлик кредит таклиф этишмоқда. Бундан ташқари унинг фоизлари ҳам бор.
Оддий арифметика
Ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик: 25 млн сўм бугунги кунда 1 KW-соат учун хонадонларга белгиланган тариф — 295 сўмдан ҳисобланса 84 минг 745 KW бўлади. Бир ойда 100 KW электр энергия ишлатсангиз — бу сумма 847 ой (70 йил)га етади. 200 KW ишлатсангиз 423 ой (35 йил)га етади.
Аниқ кўриниб турибдики, кредитга ўрнатилган қуёш панелларининг ҳеч қачон пули чиқмайди ва ўзини оқламайди. Ҳаттоки электр энергияси нархи эркинлаштирилиб, нарх икки баробарга оширилган тақдирда ҳам.
Тўғри, қуёш панеллари керак. Яшил энергетикага секин-аста ўтишимиз шарт. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Лекин бу тарзда, ҳайбаракаллачилик ва фуқаролар ҳақини ўзлаштириш мақсадида шошилинч ва мажбурловчи ҳаракатлар билан одамларни бездириб қўйилмаяптими? Ундан кўра йирик қуёш ва шамол электр станцияларини қуришни кўпайтириш, соҳага инвесторларни кўпроқ жалб қилиш афзал эмасми?
Аввало шахсий намуна бўлсин
Самараси мавҳум бўлган буюм учун кредит олишга нега яна айнан маоши у ойдан бу ойга зўрға етадиган бюджет соҳаси ходимлари мажбурланмоқда? Модомики, шу ишлар мана шундай мажбурлов тарзида амалга оширилиши керак бўлса ҳам бунинг самаралироқ, барчага бирдек фойдаси тегадиган йўли бор-ку?
Йиллик ўртача электр энергияси истеъмоли 5000 KW-соатдан ошган хонадонлардан бошлаш керак эмасми? Электр энергиясини «ичаётган» хонадонлар ҳақидаги маълумотлар электр таъминоти корхоналарида бор. Арзон ва субсидияланган электр энергиясидан бойлар тараллабедод қилиб фойдаланишмоқда. Ҳожатхонасигача кондиционер ўрнатиб... деймиз-у, аммо буни амалга оширишга ҳам коррупция деган бало албатта халақит беради.
Чунки юқорида ботга келган мурожаатда айтилганидек, мажбурий талабдан пора эвазига қутулиб қолса бўлади. Бойларда эса пул кўп, уларни бу нарсага мажбурлаб бўлмайди.
Ёки аҳолини кредит олинглар деб мажбурлаётган банкларни тўлиқ электр тармоғидан узиб, қуёш панелларига ўтказиш керак. Ана шунда энергетикамизга ҳам фойда кўпроқ бўлар эди. Қуёш ботганидан сўнг банк ишчилари ҳам одамга ўхшаб, уйига бориб оиласи даврасида дам олар эди, ярим кечагача ишда ўтирмасдан.
Ёки яна битта чора: ўша мажбурловлар устида турган ҳоким, “замҳоким”, бошқарма бошлиқлари аввал ўзлари хонадонларини тўлиқ қуёш панелига ўтказиб, уйини электр тармоғидан узиб ташлаб, халққа шахсий намуна бўлиб кўрсатсин. «Пичоқ»ни аввал одам ўзига «уриши», оғримаса бировга «уриши» керак-ку?
Очко олишга ўрганган ҳокимлар бу ишлари билан ҳам президентнинг «кўзига чўп суқаётганлари»ни, машмашалар ортидан «отиладиган ҳар қандай тош» айнан президентга бориб тегишини наҳот ўйламайдилар?
Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Мавзуга оид
15:36 / 12.12.2024
Кредит олиш васвасаси. Аҳолининг қарз юки шиддат билан ошмоқда
13:10 / 11.12.2024
Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди
14:00 / 15.11.2024
2025 йилдан Ўзбекистонга айрим қуёш панеллари импорти чекланади
12:01 / 09.11.2024