Қозоғистонда Элбоши тўғрисидаги қонун бекор қилинди
Биринчи президент Нурсултон Назарбоев ва унинг қариндошлари бир қанча имтиёзлардан маҳрум этилди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида»ги Конституциявий қонун ўз кучини йўқотгани тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Янги қонун билан Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари бир қатор имтиёзлардан маҳрум этилди.
Жумладан, энди Назарбоев оиласи бюджет ҳисобидан алоҳида таъминланмайди. Шунингдек, ходимлар билан таъминланган офисга эга бўлмайди. Бундан ташқари, давлат қўриқлаш хизматининг махсус отрядидан маҳрум этилади. Назарбоевнинг қариндошлари жиноий таъқибдан иммунитет ҳуқуқини ҳам йўқотади.
Лекин Назарбоев қонунда кўзда тутилган баъзи имтиёзларни сақлаб қолади. Жумладан, парламент палаталарининг қўшма мажлисларида қатнашиши мумкин. У квартира, дача, қўриқлаш хизмати ва ҳайдовчиси бўлган автомашина билан таъминланади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил январида мамлакатдаги қонли тартибсизликлар бостирилганидан кейин конституцияни ислоҳ қилишни таклиф этди.
2022 йил 5 июн куни бўлиб ўтган референдумда овоз берувчиларнинг 77 фоиздан ортиғи конституцияга киритиладиган тузатишларни, жумладан, биринчи президент Нурсултон Назарбоевни «Элбоши» – «Миллат отаси» конституциявий мақомидан маҳрум этишни маъқуллаган эди.
Бундан ташқари, Тўқаев Назарбоев ва унинг яқинларини нуфузли давлат лавозимларидан маҳрум қилди. Шунингдек, Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрининг аввалги Остона номи қайтарилди.
Мавзуга оид
18:42 / 30.08.2024
Назарбоевнинг собиқ келини одам ўғирлашда айбланиб, 12 йилга қамалди
22:01 / 16.08.2024
Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдиули қамоқдан озод қилинади
19:01 / 12.08.2024
Назарбоевнинг жияни давлатга 1,6 млрд доллар қийматли мулкларни қайтарди
18:39 / 15.02.2024