17:13 / 16.02.2023
13390

Германия Туркияга «Росатом» учун ускуналар юборишга қарши чиқди

«Росатом» Туркия жанубида «Оққуй» атом электр станциясини қурмоқда. Немис регулятори Siemens’га электр жиҳозлари Россия қўлига тушишидан ташвишланиб, уларни экспорт қилишга ҳозирча рухсат бермади, деб ёзади «Коммерсант».

Германия ҳукумати Siemens Energy компаниясига Туркиядаги «Росатом» томонидан қурилаётган «Оққуй» атом электр станцияси учун электр жиҳозларини етказиб беришга рухсатнома тақдим этмади, деб хабар берди «Коммерсант» газетаси 16 февраль, пайшанба куни манбаларга таяниб. 

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Германия Иқтисодиёт ва экспорт назорати бўйича федерал идораси Siemens’га, гарчи у маълум бир объект учун ишлаб чиқарилган бўлса ҳам, ускуна Россия қўлига тушишидан ташвишланиб, тўлиқ коммутаторни етказиб бериш, шу жумладан ҳужжатлар экспорти учун барча зарур рухсатномаларни бермаган.

Ҳозирда Туркия ҳукумати Германия билан қурилаётган атом электр станциясига ускуналар етказиб беришга қандай шароитларда рухсат берилишини аниқлаш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. «Росатом»нинг лойиҳа компанияси - «Оққуй Нуклеар» «Коммерсант»га ускуналар етказиб беришни тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай расмий хабар олмаганини маълум қилди ва Siemens Energy ўз шартнома мажбуриятларини бажараётганини қўшимча қилди. Германия ҳукумати ҳамда Siemens Energy бу ҳақда изоҳ бермади.

Аввалроқ Венгрия Германия «Росатом» томонидан қурилаётган «Пакш-2» атом электр станцияси учун Siemens ускуналарини етказиб беришни блоклаб қўйганини маълум қилганди. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто 14 февраль куни Германиянинг ҳаракатларини «суверенитетга ҳужум» сифатида баҳолашини айтди. 

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг, Ғарб давлатлари аллақачон Россия Федерациясига қарши тўққизта санкциялар пакетини жорий қилди, аммо жазо чекловлари Россия ядро саноатига ҳали таъсир қилмаяпти. 

Февраль ойида Украина президенти Володимир Зеленский яна Европа Иттифоқини Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлган Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олгани учун масъул бўлган «Росатом»га қарши санкциялар жорий этишга чақирди. Bloomberg маълумотларига кўра, «Росатом»га нисбатан чекловлар ҳозирда ЕИда муҳокама қилинаётган санкцияларнинг ўнинчи пакетига киритилмаган. Венгрия ва Болгария бундай санкцияларга қарши. 

Top