Жаҳон | 11:17 / 17.02.2023
7654
2 дақиқада ўқилади

Кулеба: Ҳозирча ҳеч бир давлат Украинага қирувчи самолётлар ваъда қилгани йўқ

Киевни биринчи навбатда АҚШ, Британия, Франция ва Германия қирувчи самолётлари қизиқтиради, дея маълум қилди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

Фото: AFP

Украина ҳозирча ҳеч бир давлатдан жанговар самолётлар етказиб бериш бўйича кафолат олмаган. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Германиянинг Funke медиа-гуруҳи ва Франциянинг Ouest-France газетасига 16 февраль, пайшанба куни берган интервьюсида айтиб ўтди. 

«Шу пайтгача ҳеч бир давлат қирувчи самолётлар етказиб бериш мажбуриятини олмаган. Аммо Буюк Британия каби баъзи ҳукуматлар украиналик учувчиларни Ғарб қирувчиларига ўргатишини эълон қилган, бошқалари эса тез орада буни амалга оширади», - деди Кулеба. 

Унга кўра, қирувчилар душман ракеталарини уриб тушириш орқали Украина ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаши мумкин эди. Бундан ташқари, улар «қарши ҳужум учун» муҳим аҳамиятга эга. «Биринчи навбатда, бизни АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия қирувчи самолётлари қизиқтиради», деди вазир ҳамда бу давлатлар «энг юқори ишлаб чиқариш қувватлари ва энг йирик самолёт паркларига» эга эканлигини таъкидлади. 

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг фикрича, ҳозирда Украинадаги урушни дипломатик йўллар билан тугатишга эришиб бўлмайди. «Менга дипломатик ташаббуслар орқали тинчликка эришмоқчи бўлганлар ёқади, чунки мен ўзим дипломатман. Лекин бундай ташаббус қандай амалга ошиши мумкин? Тинчлик баҳоси Россиянинг босиб олинган ҳудудларда қолиши бўлиши керакми?» - деди Кулеба. 

«Россия билан ҳар қандай музокаралар бошида қуйидагилар бўлиши керак: Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тикланиши. Буни муҳокама қилиб бўлмайди», - деди у. Кулебанинг сўзларига кўра, тинчлик ва дипломатия тарафдорларининг кўпчилиги «аслида фақат Украина Россиядан мағлуб бўлишини хоҳлайди».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид