Жаҳон | 21:28 / 20.02.2023
41836
10 дақиқада ўқилади

Байденнинг Киевга «тарихий» ташрифи. Асосий маълумотлар

Байден уруш бошланганидан буён илк бор Украинага ташриф буюрди — бу Россия босқинига бир йил тўлиши арафасида рўй берди.

Фото: Украина президенти офиси / SIPA / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Жо Байден олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди ва президент Зеленский билан учрашди.

«Сизнинг ташрифингиз барча украинлар учун ўта муҳим бўлган қўллаб-қувватлов белгисидир», деди украинлар президенти. Володимир Зеленский ва Жо Байден урушнинг тўққиз йили давомида ҳалок бўлган аскарлар учун ўрнатилган ёдгорликни зиёрат қилди.

Америка президенти ташрифи ҳақида олдиндан маълум эмасди, қолаверса, Оқ уй бир неча бор бундай ташрифни амалга ошириш нореаллиги - уруш ичидаги мамлакатда президентнинг ташрифи хавфсиз кечишини таъминлаш имкон доирасидаги иш эмаслигини билдирганди.

Оқ уй баёнотига кўра, Байден 20-22 феврал кунлари Полшада бўлиб, президент Анжей Дуда билан учрашув ўтказиши режалаштирилганди.

Бунинг ўрнига Байден миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билан биргаликда Украина пойтахтида пайдо бўлди.

New York Times нашри маълумотига кўра, Байден Киевга поезд орқали Полшадан келган, бунгача ҳам Американинг бошқа юқори мартабали расмий шахслари шундай йўналишдан фойдаланганди.

Rolling Stone журнали Оқ уйдаги юқори мартабали мулозимга асосланиб ёзишича, Байденга бу сафар бўйича бир неча режа тақдим этилган. Улардан бирига кўра, Байден ва Зеленскийнинг учрашуви Полша ва Украина чегарасидаги махфий жойда ўтказилиши кўзда тутилганди. Бошқа ғояга кўра, учрашувни уруш бошидан буён бир неча бор Россия авиазарбаларига дучор бўлган, лекин мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда нисбатан тинч қолаётган Лвив шаҳрида ташкиллаштириш мумкин эди. Аммо Байден айнан Киевга боришга қарор қилган.

Associated Press агентлиги хабарига кўра, Салливан Оқ уй Байден Вашингтондан учиб кетиши арафасида икки ядровий давлат ўртасида тўғридан тўғри можарога олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳодисанинг олдини олиш учун Байденнинг Украинага ташрифи ҳақида огоҳлантирганини айтган. AP маълумотига кўра, Байден Киевда бўлиб турганида шаҳар устидаги ҳаво кенглиги Полша ҳудудида турган Америка разведкачи самолётлари томонидан кузатиб турилган.

Байден Киевга 20 феврал куни эрталаб соат 8 атрофида келган ва Украина пойтахтида беш соатдан ортиқроқ вақт ўтказган. Маҳаллий вақт билан соат 14:00 дан ўтиб (Тошкент вақти бўйича 17:00) Америка президенти Киевни тарк этгани маълум бўлди.

Байденни дастлаб Киев марказидаги Михайлив собори олдида пайқашди. У бу ерга Украина президенти Володимир Зеленский билан бирга келиб, урушда қурбон бўлган ҳарбийлар ёдгорлигига гулдаста қўйди.

АҚШ Давлат департаментининг рус тилида юритиладиган саҳифасида қайд этилишича, «АҚШда февралнинг ҳар учинчи душанбаси ҳар йили Президентлар куни сифатида нишонланади. Бугунги Президентлар куни эса чинакамига тарихий бўлди!»

«Киев бардош берди, Украина бардош берди, демократия бардош берди»

Байден Украина миллат сифатида бирлашгани ва ўз давлати ҳимояси учун оёққа турганидан ҳайратда қолганини айтган. «Киев қалбим тўридан жой эгаллаган», деган у. Президент бир йил муқаддам Россия қўшинлари Украинага босқин бошлаган «зулматли тун»ни ёдга олган ва ўшанда «дунё том маънода Киевнинг қулашига ва ҳатто Украина ҳам тамом бўлишига тайёр турган». «Аммо бир йил ўтиб ҳам Киев бардош берди. Украина бардош берди. Демократия ҳам», деди Байден.

«Украина мажбур бўлган тўлов ҳаддан ташқари юқори бўлди. Қурбонлар ҳам ниҳоятда кўп», деди америкаликлар президенти.

Байден Украинага 500 миллион доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини ваъда қилди. Бу ёрдам артиллерия ўқ-дорилари, танкка қарши тизимлар ва ҳаво кузатув радарларини ўз ичига олади. АҚШ президенти Россияга қарши янги санкцияларни ҳам анонс қилди.

Байден яна бир бор АҚШ Украинага «қанча керак бўлса шунча» ёрдам кўрсатажагини таъкидлади.

Фото: The White House

Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба Украина ва АҚШ президентлари Володимир Зеленский ва Жо Байденнинг Киевдаги мулоқоти максимал даражада ишончли руҳда ўтганини қайд этди. «Тарихий ташриф амалга оширилди. Шундай дейишим мумкин: икки президент ҳам мулоқотдан мамнун. Муҳит максимал даражада ишончли ва самимий», дея ёзди вазир фейсбукдаги саҳифасида.

«Путин Украина кучсиз, Ғарб эса парчаланган деб ўйларди... у биз биргаликда туриб бера олмаслигимизга ишонганди. У НАТО бирдамлигини сақлай олмаслигимизга умид қилганди. У мўлжаллагандики, биз бошқаларни Украина томонида туришга жалб эта олмаймиз. У ўйлагандики, биз барчасини томоша қилиб ўтирамиз. У энди бундай ўйламаслигини биламан. У шунчаки жуда қаттиқ адашди. Унинг босқинчилик уруши муваффақиятсизликка учради», деди Жо Байден учрашув якунларига кўра Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида.

«Бу АҚШ ва Украина муносабатлари тарихидаги энг муҳим ташриф бўлди», деди бунга жавобан Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, бу ташриф натижалари жанг майдонида акс этади. Зеленский шунингдек Байден билан узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар етказиш масаласини муҳокама этганини таъкидлади. Украина президенти унинг мамлакати тез орада АҚШ ва дунёнинг қолган мамлакатлари кўмаги билан «тарихий ютуқларга эришиши» ҳақида фикр билдирди.

«Мен биламан, бу Украина учун жуда муҳим қўллаб-қувватлаш пакети бўлади... бу Россия тажовузида ҳеч қандай имкон йўқлиги ҳақида аниқ сигнал вазифасини ўтайди. Украина сиздан миннатдор, жаноб президент», деган Зеленский.

Украинадан ташқарида Байден ташрифи ҳақида нималар дейишди?

Ҳозирча Кремл томонидан ҳеч қандай расмий муносабат билдирилмади. Аммо МДҲ давлатлари институти директори ўринбосари Владимир Жарихин ТАСС агентлигига берган интервьюсида АҚШ президентининг Киевга Россия президенти мурожаатномасидан олдинги кунда келиши олдиндан ўйланган ҳаракат бўлганини айтди.

Фото: Evan Vucci / AP / Scanpix / LETA

«Бу Байден томонидан кишининг жиғига тегадиган қадам. Менимча, у муносабатларни янада кескинлаштирмоқчи. Ва мен ўйлайманки, унинг бугунги ҳаракати Россия президенти мурожаатномасида инобатга олинади. Бу Россия томонидан билвосита жавоб бўлишига қаратилган ҳаракат. У бу билан Путинга чақириқ юборди. Ўйлайманки, у жавоб олади», деган у.

РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам жим турмади.

«Олдиндан хавфсизлик кафолатларини олган Байден ниҳоят Киевга келди. У жуда кўп қурол-яроғ ваъда қилди ва ўлгунича неонацистик режимга содиқликка қасамёд қилди. Ва албатта, янги қуроллар ва жасур халқ билан келадиган ғалаба ҳақида ўзаро афсунлар бўлди. Ва шуни таъкидлаш керакки, Ғарб ҳақиқатан ҳам Киевга қурол ва пулларни мунтазам равишда етказиб беради. НАТО давлатлари ҳарбий-саноат мажмуасига пул ишлаш ва бутун дунё бўйлаб террорчиларга сотиш учун қурол ўғирлаш имконини берадиган даражадаги катта миқдорда», дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Россиялик (аммо қувғунда яшовчи) сиёсатшунос Аббас Галлямовнинг тахмин қилишича, бу ташриф «Путинда жавоб бериш учун ҳеч нарса йўқлигини англаган ҳолатдаги ставкани кўтариш ҳам, онгли равишда бундай жавоб учун провокация қилиш ҳам» бўлиши мумкин.

«Тасаввур қилайлик, Путин ғазабланиб Киев бўйлаб зарба беришга буйруқ беради. Бундай вазиятда армия бундай буйруқни бажаришдан бош тортиши мумкин - ахир у ердагилар бу энди «махсус ҳарбий амалиёт» эмас, тўлақонли уруш бўлишини тушунишади. Ва россиялик ҳарбийлар бунга тайёр экани умуман факт эмас. Буйруқдан бош тортиш эса - амалда давлат тўнтаришига уриниш бўларди», дея ёзади Галлямов ўз телеграм-каналида.

Бат университетининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперти ва НАТОнинг собиқ таҳлилчиси, доктор Патрик Берининг ҳисоблашича, Байден билан учрашувнинг асосий натижаси НАТО бўйича иттифоқчиларнинг Украинани бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани ҳақидаги баёноти бўлди.

У BBC учун берган интервьюсида шундай деган: «Бу Владимир Путинга биз чекинмоқчи эмасмиз ва шунинг учун сиз бу урушда биздан устун келишга уриниш ҳақидаги асосий хаёлларингизни шубҳа остида қолдиришингизга тўғри келади, қабилидаги сигнал бўлди».

«Вақт ҳақида гапирадиган бўлсак, катта эҳтимол билан улар президентни босқиннинг бир йиллигига юборишни исташмаган, чунки шу куни Россия томонидан бомбардимон хавфи юқори бўлади. Бу анча вақтдан буён режалаштирилган, бундай ташрифлар албатта пухта режалаштиришни талаб этади ва эҳтимол бу масала Зеленскийнинг декабр ойидаги АҚШга сафари вақтида ҳам муҳокама қилинган», дея қайд этган Барри.

Мавзуга оид