Ўзбекистон | 22:02 / 20.02.2023
6979
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти Миср цивилизацияси миллий музейи билан танишди

Расмий ташриф билан Қоҳирада бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср цивилизацияси миллий музейига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳозирда Қоҳиранинг таркибига кирган қадимий Фустат шаҳрида жойлашган музей Мисрнинг бой тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар тўпламига эга. Бу ерда қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган 50 мингдан ортиқ ашёлар, жумладан, фиръавнлар мумиёлари, ҳукмдорлар тахтлари ва ҳайкаллари, заргарлик буюмлари, шунингдек, уй-рўзғор ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмага қўйилган.

Давлат раҳбари экспозициянинг Қадимги, Ўрта ва Янги ҳукмдорлик, юнон, Ўрта аср ва ислом даврларига оид қатор хронологик ва тематик бўлимлари билан танишди.

Президент Миср заминида бир-бирини алмашлаб келган турли цивилизацияларнинг ёдгорликларини катта қизиқиш билан кўздан кечирар экан, тарих ва маданият бирдек буюк меросга эга халқларимизни яқинлаштиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлади.

Миср томони вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига музейга ташриф учун миннатдорлик билдириб, халқларимизни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар кўплиги, бу дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Шу маънода, икки мамлакат музейлари ва тарихчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросимизни биргаликда ўрганиш, ўзаро кўргазмалар, маданият кунларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент музейнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирди.

Мавзуга оид