Жаҳон | 08:26 / 22.02.2023
10234
2 дақиқада ўқилади

Германия разведкаси: Россия яна 1 млн кишини сафарбар қилиши мумкин

Россиянинг сафарбарлик салоҳияти миллионга яқин ҳарбий хизматчиларни ташкил этади, деди Германия Федерал разведка хизмати раҳбари. Кремль урушга янги кучларни юборишни зарур деб топиши мумкин, дея тан олди у.

Фото: РИА Новости

Россия Украинага қарши уруш учун яна бир миллионга яқин аскарини сафарбар қилиши мумкин. Бу ҳақда Германия Федерал разведка хизмати (BND) раҳбари Бруно Кал 22 февраль, чоршанба куни чоп этилган Redaktionsnetzwerk Deutschland медиа-гуруҳига берган интервьюсида айтиб ўтди. 2022 йилнинг кузида 300 000 га яқин одам сафарбар қилинган, уларнинг баъзилари ҳали ҳам тайёргарликдан ўтмоқда, баъзилари аллақачон жанг майдонига юборилган, деди Кал. «Россиянинг кейинги сафарбарлик салоҳияти, агар Кремль зарур деб ҳисобласа, миллион кишигача бўлган захирадир», — деди BND раҳбари.

Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путин музокараларга тайёр эмас, деб ҳисоблайди Германия разведка хизмати раҳбари. Ҳозирча Путин жанг майдонида қарор қабул қилишга ва имкон қадар кўпроқ ютуқларни амалга оширишга интилмоқда, шунда у келажакда тинчликни ўз шартларига кўра илгари сура олади, деди Кал.

Уруш кўп жиҳатдан Москва, Киев ва Ғарбда ишонилганидан бутунлай бошқача бўлиб чиқди, дея қўшимча қилди BND раҳбари. Унинг сўзларига кўра, дастлаб Россия оз сонли «аниқ ҳарбий, бироз рамзий ва намойишкорона ҳаракатлар» билан қўшни давлат устидан назорат ўрнатиши мумкинлигига ишонган. Бироқ, бунинг иложи бўлмади, бу Украина томонига сезиларли вазиятда устунлик берди, деди Кал. Кўп ўтмай, рус армияси ўзининг сон устунлигидан ҳаракатда фойдаланишга муваффақ бўлди, деди у.

Мавзуга оид