Жаҳон | 08:42 / 23.02.2023
10769
2 дақиқада ўқилади

БМТ Украинадаги урушда ядро қуролидан фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантирди

Россиянинг Украинага қарши урушида тактик ядро қуролидан фойдаланиш қабул қилиниши мумкин эмас, деди Антониу Гутерриш БМТ Бош Ассамблеясининг фавқулодда сессиясида.

Фото: Reuters

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг Украинага қарши урушида ядро қуролидан фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантирди. «Тактик ядро қуроли деб аталмиш қуроллардан фойдаланишни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Ундан чекиниш вақти келди», деди у 22 февраль, чоршанба куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг фавқулодда сессияси очилишида. «Ўтган йил давомида биз нафақат азоб-уқубат ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлдик. Бундан ҳам баттар бўлиши мумкинлиги тобора аён бўлмоқда», - деди Гутерриш.

Худди шундай баёнотни Бош Ассамблея раиси Чаба Кереши ҳам берди. У Россияни «қон тўкилишига чек қўйишга» чақирди.

Бундан ташқари, БМТ Бош котиби Украинанинг барча атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Европадаги энг йирик атом иншооти Запорижжя атом электр станцияси атрофида жанглар давом этмоқда, деди Гутерриш.

БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессияси Россиянинг қўшни давлатга ҳарбий бостириб кирганининг бир йиллиги арафасида бўлиб ўтмоқда. 23 февраль кунги тадбирда ўнлаб юқори мартабали сиёсат ва давлат арбоблари, жумладан, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия дипломатияси раҳбари Жеймс Клеверли сўзга чиқади. Кутилишича, йиғилиш иштирокчилари Москвани ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи резолюция қабул қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид