Президент: Салоҳиятни лойиҳага, лойиҳани иш ўринларига айлантириш керак
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Тадбир бошида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Қарши туманидаги «Омад старт», Қарши шаҳридаги «Китоб ип йигирув», Деҳқонобод туманидаги «Бахт текстил», Шаҳрисабз шаҳридаги «Оқсарой текстил» ва «Пит-стоп» корхоналари ҳамда мебель фабрикаси вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Давлати раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни расман ишга туширди.
Йиғилишда, аввало, вилоятда энергия таъминотини яхшилаш чоралари кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда вилоятда электр истеъмоли 6,9 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, 310 миллион киловатт тақчиллик бўлиши кутилмоқда. Шу боис, алоҳида қарор қабул қилиниб, бу тақчилликни ортиғи билан қоплаш бўйича ишлар бошланди.
Хусусан, Нишон ва Чироқчи туманларида 3 та қуёш электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган. Давлат идоралари, корхона ва хонадонларда 76 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш имконияти бор. Электр тармоқларини янгилаб, энергия истеъмоли юқори қурилмалар алмаштирилади. Шунингдек, йилига 2,2 миллиард киловатт сарфлайдиган Қарши магистрал каналининг насос станцияларида 6 частотали бошқариш воситаси ўрнатилади.
Бу орқали шу йилда 50 миллион киловатт, келгуси йилдан бошлаб йилига 175 миллион киловатт электр иқтисод қилинади.
Йиғилишдаги асосий масала саноатни ривожлантириш, тадбиркорлик ва касаначиликни қўллаб-қувватлашга оид бўлди.
Сўнгги беш йилда Қашқадарёга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган. Тадбиркорлар сони 2,5 баравар кўпайиб, қўшимча 325 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати паст бўлган 8 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, вилоятдаги улуши 36 фоизга етган.
2023 йилда вилоятга 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиб, 440 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш белгиланган.
Давлат раҳбари бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Хусусан, вилоятда 80 та маҳаллада 6 минг зиёд аҳоли касаначилик билан шуғулланади. Ўзбекистон Президентининг имзоланган қарори кенг имкониятлар яратади. Жумладан, тадбиркорларга ҳар бир жалб қилинган касаначи учун, 2 миллион сўмгача имтиёзли револьвер кредит ва 1 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Касаначиларга ўзини ўзи банд қилиб, солиқ тўламасдан шуғулланишга рухсат этилади. Касаначиликка жалб қилинган эҳтиёжманд фуқарога ижтимоий нафақа 6 ой давомида тўлаб берилади. Асбоб-ускуна ва хомашё сотиб олишга 9 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади. Касаначиларни жалб қилган тадбиркор ва кластерлар учун фойда ва айланма солиғи, давлат мулки ижараси 2 баравар камаяди.
Булар орқали Қашқадарёда яна 150 та маҳаллада қўшимча 20 минг аҳолини касаначи қилиш мумкинлиги қайд этилди.
Маҳаллалардаги бандлик ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда кластерлар фаол бўлиши кераклиги таъкидланди.
Деҳқонобод, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида сув таъминотини яхшилаб, 10 минг аҳолини банд қилиш, Миришкордаги 5 минг гектарли табиий кўлда балиқ етиштиришни кўпайтириш вазифалари айтиб ўтилди.
Саноат зоналарида бўш турган майдонларда 50 та лойиҳани амалга ошириб, 2 мингта иш ўрни яратиш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, жойлардаги «ўсиш нуқталари»га тадбиркорларни жалб қилиб, қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
«Ҳар бир туманда салоҳиятни лойиҳага, лойиҳани иш ўринларига айлантириш керак», - деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилганидек, Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Яккабоғ туманлари туризм салоҳиятининг ярми ҳам ишга солинмаган. Бунинг учун «Шаҳрисабз – Қарши – Самарқанд» йўналишига электр поезди қўйиб, йўловчи оқимини ошириш вазифаси қўйилди. Бу туризм, савдо ва сервис ривожига қўшимча туртки бўлади.
Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари, оқсоқоллар, зиёлилар, тадбиркорлар ўз таклифларини билдирди.
Шунинг билан президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сафари ниҳоясига етди.
Мавзуга оид
18:04 / 06.11.2024
Тахтиқорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
18:06 / 17.10.2024
Қашқадарёда судя ёрдамчиси ўзини ишдан бўшатган суд раиси устидан шу судга даъво киритди
13:07 / 09.07.2024
Қашқадарёда маст ҳайдовчи ЙҲХ инспекторини пичоқлаб қочди. Инспектор вафот этган
14:03 / 11.06.2024