Ўзбекистон | 13:11 / 25.02.2023
6939
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон трансафғон темирйўли қурилишини тезлаштиришга келишиб олди

Покистон делегациясининг ташрифи давомида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Покистон молия вазири Исҳоқ Дор билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Мулоқот чоғида транспорт ва логистика, ўзаро товар айланмаси, сармоявий ва саноат кооперацияси, банк иши каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

2022 йилда 240 миллион долларга етган Ўзбекистон-Покистон ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни амалда жорий этиш ва транспорт йўлакларини диверсификация қилишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинишини қўллаб-қувватладилар.

Учрашувда трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бундан ташқари, келишилган чора-тадбирлар қаторида мултимодал юк ташиш ҳажмини ошириш, маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига биргаликда экспорт қилиш мақсадида ҳар икки давлат ҳудудларида терминаллар яратиш масалалари ҳам ўрин олди.

Шунингдек, банклараро алоқаларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Марказий банклар ўртасида SWAP операциялари механизмини жорий этиш, икки мамлакат молия институтлари ўртасида вакиллик банк муносабатларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўришга келишилди.

Мавзуга оид