Барбод бўлган «Барбаросса». Россия армияси муваффақиятсизлиги сабаблари
2022 йил 24 феврал куни Россия қўшинлари Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлади. Москва Украина суверенитетини бузган ҳолда мамлакатга тўрт йўналишда бостириб кирди ва буни «махсус ҳарбий амалиёт» деб атади. Кремлдагилар уруш уч кундаёқ тугаши, тинч аҳоли зарар кўрмаслигини даъво қилганди, бироқ амалда Россиянинг тезкор ғалаба режаси тарихдаги бошқа бир шундай режа — «Барбаросса» режаси каби барбод бўлди. Украиналиклар ўз ватанини мардонавор ҳимоя қилди ва рақибни оғир мағлубиятларга учратиб, чекинишга мажбур қилди. Дунёнинг «иккинчи армияси» деб қаралган Россия армияси муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари нималар эди?
Кўпчилик экспертлар Россия армияси муваффақиятсизлигига бир қанча сабаблар келтиради. Қуйида улардан энг асосий тўрттасига тўхталамиз.
Блицкриг — душманни менсимаслик
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирар экан, қаттиқ қаршиликка учрашини умуман кутмаган эди. Улар «уч кун ичида» Киевни эгаллаш ва у ерда ҳарбий парад ўтказишга тайёрланганди. Буни Киев яқинида ташлаб кетилган рус танкларидан топилган парад формаларидан ҳам билиш мумкин.
Қолаверса, ҳарбий қўмондонлик ҳам бунга шунчалик қаттиқ ишонгандики, режалар уч кун учун тузилганди. Яъни узоқ муддатли уруш учун логистика ва таъминот йўлга қўйилмаган, аскарлар уч кунлик озиқ-овқат, ёнилғи билан йўлга чиққанди (ҳатто бундан ҳам камроқ).
Бунда русларнинг ўз пропагандасига ўзлари ҳам ишониб қолгани асосий рол ўйнайди. Улар Украина халқи уларни қўлларида гул билан, халоскорлардек кутиб олишини кутганди. Чунки пропаганда тинмай шу гапни такрорлаб келди. Кремль реалликдан узилиб қолганди. Украинлар гул билан эмас, Javelin’лар билан кутиб олишганда табиийки, россияликлар шошиб қолади.
Россия қуролли кучлари бош штаби украиналиклар қаршилик кўрсатган тақдирда ҳам уларнинг қаршилигини осонлик билан синдиришига ишонади. Улар ҳатто ўз аскарларига ҳам Украинага ҳужум бошланиши ҳақида айтмаган. Россия генераллари украиналик аскарлар рус танкларини кўриши билан қочишига ишонган. Уларнинг ўзига ишончи жуда юқори эди.
Украина эса урушга яхши тайёргарлик кўрганди. Аскарлар Россия исталган паллада ҳужум қилиб қолишидан огоҳлантирилганди. Улар 2014 йилдан бери Россия билан катта уруш бошланишига тайёрланганди. Рақиб эса урушга тўлиқ тайёр эмасди.
Ҳаддан ортиқ марказлашув
Украина президенти девони собиқ маслаҳатчиси Алексей Арестович интервьюларидан бирида Россия армиясидаги камчиликлар ва ниҳоятда қаттиқ марказлашув ҳақида гапирган.
«Россия армияси — бу совет армияси. Совет армиясининг ҳужум концепцияси қандай? Душман орқа чизиғига ваҳима қўзғатувчи махсус кучлар ва десантчилар гуруҳи ташланади. Бу ҳукуматни ваҳимага солиш ва қочиб кетишга мажбур қилиш, бошқарув ва алоқа марказларини вайрон қилиш керак бўлган шок ва қўрқув тактикасидир. Шок ҳақиқатан ҳам бўлди.
Босқиннинг биринчи куни вертолётлар орқали десант ташлашга уриниш операциясини эсланг (Киев яқинидаги Гостомел аэродроми).
Иккинчи десант ташлаш операцияси Печерск районида (президент офиси ва бошқа ҳукумат бинолари жойлашган ҳудуд) бўлиши керак эди. Биз президент офисида қуролланиб, уларни кутдик, чунки улар тўғридан тўғри бошимиз устига тушиши мумкин эди. Бироқ Гостомелда «кичик» муаммо пайдо бўлди ва иккинчи гуруҳ ҳам ёрдам учун ўша ерга юборилди. Аммо айнан шундан сўнг дарҳол Россия армиясида катта муаммолар бошланди.
Бизда нимадан қўрқишини билмаганлар вазиятни сақлаб қолди. Улар рус танкларини хотиржам ўққа тутди, самолётларни уриб туширди. Агар биз Ғарб типидаги ислоҳотларни амалга оширишга улгурган, марказлашган давлат бўлганимизда, менимча, ютқазган бўлардик. Аммо биз севикли украинча «бардак»да қолдик ва ҳеч ким марказий ҳукуматнинг буйруғисиз жанг қилиш мумкин эмаслигини билмас эди ... Ва биз босқиннинг учинчи ёки бешинчи куни, аллақачон назоратни тиклаб, қўрқишдан тўхтаганимизда, барчаси жуда яхши кетаётганди», дейди Арестович.
Арестович руслар Киев томон юзлаб танклардан иборат колонна юборгани, аммо улар учун йўл йўқлигини ҳисобга олмаганини айтган.
«Россия танк колонналари 20-30 километр узунликда тизилиб, тўхтаб қолди. Чунки биз кўприкларни портлатиб юборгандик. Уларнинг понтон паромларини эса мунтазам равишда йўқ қилдик. Бу вақтда артиллериямиз ва партизанлар уларни ўққа тутиб турди.
Ва итоатсизлик байрами бошланди. Россия армияси тизими жуда марказлашган. Аскарлар каттароқ лавозимли қўмондоннинг темир иродаси бўлгандагина топшириқни бажаради. Кўприк тополмай тўхтаб қолганда эса, улар шунча аҳмоқлардек қочишга тушди. Буни кўриш ажойиб эди.
Энг қизиғи олти соатдан кейин худди шу жойга янги танк колоннаси келади. Бизнинг артиллериячилар яна уларни ўққа тутади ва йўқ қилади. Лекин улар яна келади. Шундай қилиб бир ойда беш-олти марта бу ҳолат такрорланади.
Русча жанг усули қандай? Сен чорраҳага кириб борасан, у ерда 60-90 та ёниб кетган зирҳли техникалар турибди, жасадлар ва уларнинг бўлаклари сочилиб ётибди. Сен эса барибир у ерга борасан ва ўша ерда турасан. Сенга ўқ ёмғирини ёғдиришади, лекин сен барибир тураверасан. Чунки Москвадаги штаб раҳбарияти шу ерга боришни буюрган ва улар аҳмоқлардек қайта-қайта шу ерга бораверишади. Улар ҳаддан ташқари марказлаштирилган», деган Арестович.
Бошқа ҳарбий экспертлар ҳам Арестовичнинг бу фикрларини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг таъкидлашича, Россия армияси чиндан ҳам жуда марказлаштирилган ва ҳарбий қўмондонлар мустақил қарор қабул қила олмайди. Чунки масъулият уларнинг зиммасига тушишини хоҳламайди. Россиялик командирлар вазиятдан келиб чиқиб эмас, тепадан келган буйруқ асосида ҳаракат қилади. Бу эса уларнинг фойдали ва муваффақиятли ҳаракат қилиш имконини пасайтиради.
Айнан шу сабаб ҳам Россия қўшинлари чекиниш керак бўлган жойларда чекинмади ва оғир мағлубиятларни қабул қилиб олди. Сабаби чекиниш кераклиги ҳақидаги хабар Москвадагилар томонидан яхши қаршиланмаслиги мумкин эди.
Армиядаги коррупция, масъулиятсизлик
Россия қўшинлари босқиннинг дастлабки кунларида Украинага жанговар пиёдалар таркиби билан эмас, танклар колоннаси билан кириб келди. Жангларда синалган рус танклари аскарларнинг урушга яхши тайёрланмагани, ёнилғи етишмовчилиги, йўл билан боғлиқ муаммолар, ҳарбий иерархия кучлилиги, зобитларнинг мустақил қарор қабул қила олмаслиги, украиналиклардан қаттиқ қаршилик кутилмагани каби омиллар сабаб жуда катта йўқотишларга учради.
Россия армияси логистика тизими қанчалик ёмон ташкил этилганини, босқиннинг бошида Киев томон йўлга чиққан танклар ёнилғи ва маҳсулотлар етишмаслиги сабаб ташлаб кетилганидан ҳам билиш мумкин. Россия генераллари логистика тизимини йўлга қўймасдан урушга кирганди. Бу улар учун аскарлар ҳаёти қанчалик қадрсизлигини ва натижага нисбатан ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмаганини кўрсатади.
Қолаверса, россияликлар Украинага олиб кирган кўпчилик танклар эскирган, таъмирталаб эди. Дастлабки илғор гуруҳлар йўқ қилингач, кейинги бўлинмалар эски танклар билан олдинги юрди. Уларнинг кўпчилиги йўлда бузилди ёки ёнилғиси тугади. Россиялик аскарлар техникани қадрламади ва уларни шунчаки ташлаб кетди.
Йиллар давомида армияга сарфланган пуллар аслида армияга сарфланмагани маълум бўлди. Мудофаа вазирлиги масъуллари ва генералларининг чет давлатлардаги вилла ва мол-мулклари айнан шу маблағлар ҳисобига олинган эди. Россия асосан замонавий қуролларни эмас, СССР давридан қолган қуролларни ишлатди. Чунки янги қуроллар деярли яратилмаганди. Уларни ишлаб чиқиш учун ажратилган пуллар генераллар бойиши учун ишлатилганди. Бироқ уруш пайтида буни муҳокама қилишнинг иложи йўқ эди.
Россия кузга келиб, ўз учувчи мосламаларига эмас, Эроннинг камикадзе дронларига боғланиб қолди.
Шундай қилиб, Россия боши берк кўчага кириб қолди, армиядаги коррупция даражаси аниқ бўлди, аммо уруш кетаётган бир пайтда армияга қарши қандайдир текширувлар бошлаш яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин эди.
Шундай бўлса-да, бошқа жанговар гуруҳлар раҳбарлари РФ мудофаа вазирлигини танқид қилди. Масалан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси эгаси Евгений Пригожин. Улар шахсан Сергей Шойгуни танқид қилишга журъат қилмаган бўлса ҳам, Бош штаб бошлиғи Герасимовга «ташланди».
Ҳозирга келиб Россия жанговар гуруҳлари ўртасида келишмовчиликлар янада авж олган.
Украина жасорати ва Ғарб ёрдами
Россия армияси ҳар қанча камчиликларга эга бўлмасин, улар техника ва сон жиҳатдан устун эди. Шунингдек, рус қўшинлари Грузия, Сурия, «ДХР», «ЛХР», Марказий Африка Pеспубликасидаги жанглар орқали анча чиниққан эди. Деярли ҳеч ким Россия ғалабасига шубҳа қилмасди.
Аммо Россиянинг режаларини бузган энг катта ва биринчи ҳаракат — бу украиналикларнинг кутилмаган қаттиқ қаршилиги бўлди. Украина ҳарбийларининг катта қисми ўз позицияларини ташлаб қочмади. Улар мардонавор жанг қилди, кўплаб рус танкларига қарши битта танк билан курашди. Йўлларни тўсиб қўйиб, кўприкларни портлатди. Украиналик учувчилар советлар даврига мансуб МИГ-29 самолётлари билан манёврлар амалга оширди.
Украина халқи ҳам ўз армиясини қўллаб-қувватлади. «Молотов коктейллари» орқали ўнлаб рус танклари зарарсизлантирилди. Украиналиклар руслари қўлларида гул билан эмас, граната билан кутиб олди. Босқиннинг дастлабки кунларида чет элга кетган украиналиклар курашиш учун яна ватанига қайтиб келди.
Украинлар жасорати самарали бўлишини таъминлаган омил — бу Ғарб ёрдами эди. Ғарб давлатлари етказиб берган Javelin ва Nlaw русумли танкка қарши ракеталари, армияси танклари билан машҳур бўлган Россия қўшинига жиддий зарар етказди. HIMARS тизимлари эса асосан артиллерия кучларига таянаётган Россия қўшинининг ўқ-дори омборларини йўқ қилди ва уларда ўқ-дори етишмовчилиги юзага келтирди.
Бу муаммони 23 февралда «Вагнер» раҳбари Пригожиннинг ўзига тегишли каналларда эълон қилган постидан ҳам билиш мумкин. Унда Пригожин мудофаа вазирлиги ўқ-дорилар етказиб бермаётгани учун унинг жангчилари Бахмут остонасида ҳалок бўлаётгани ёзилган ва «Вагнер» жангчилари жасадлари акс этган фото қўшиб қўйилган. Бундан олдин ҳам «Вагнер» жангчилари Герасимовни ўқ-дори етказиб бермасликда айблаганди.
Ғарбнинг Украинага ўзини ҳимоя қилиши учун етказиб берган қуроллари урушда бурилиш ясади. Украина қарши ҳужумга ўтиб, Харкив областининг катта қисми ва Херсонни қайтариб олди.
2023 йил бошига келиб Ғарб ниҳоят Украинага танклар етказиб бериш борасида қарор қабул қилди. Эндиликда Украинада янги куч билан қарши ҳужумга ўтиш имконияти пайдо бўлади.
Россия армиясида эса ҳали ҳам муаммолар етарлича, масалан, сафарбарлик ўтказилса-да, фронтдаги тирик кучлар етишмовчилиги билан боғлиқ вазият ҳали ҳам яхши эмас.
Муҳаммадқодир Собиров
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024