Дастлабки режа амалга ошмагач, Россия армияси захирадан яна бир неча минг кишилик қўшинни ҳаракатга келтиради – ва март ойи ўрталарида Киев йўналишида яна бир юриш қилишга ҳаракат қилинади.

Украина қуролли кучлари бош штаби BBC Украина хизматига россияликлар нимани режа қилгани, улар қандай йўналишлар бўйича ҳаракатлангани ва якунда Украина армияси бу ҳужумларни қандай қайтаргани ҳамда Киев атрофида Россиянинг зарбдор гуруҳи қисман йўқ қилингани ҳақидаги батафсил таҳлилий шарҳни тақдим этган.

19 та батальон тактик гуруҳлари

2022 йил февралида Россия Беларусга қўшинлар олиб келиб жойлаштирилганини «қўшма машғулотлар» билан изоҳлаганди.
Фото: GETTY IMAGES

Бош штаб маълумотларига кўра, 24 феврал тонгида Чернобил орқали Киевга юриш Россия армиясининг тўққизта батальон тактик гуруҳлари орқали бошланган. Яна 10 та БТГ Гомел областида, Беларус-Украина чегараси яқинида захирада қолдирилган.

Россия армиясида битта батальон тактик гуруҳда 600-800 нафар жангчи, 10 ёки ундан кўпроқ танк, 40 тагача БМП (жанговар пиёда машинаси) ва бошқа турдаги транспортлар бўлади.

Аммо, кўплаб ҳарбий шарҳловчилар баҳоларига кўра, кенг кўламли босқин аввалида Россия батальон тактик гуруҳлари кучайтирилган ва уларнинг сафида минг нафаргача жангчи бўлган.

Украина бош штаби россияликларнинг Чернобил томондан Днипронинг ўнг соҳилига қилинган юришига «Полесский» деб ном берган.

РФ армияси Днипронинг сўл соҳилидан ҳам Киев томон ҳаракатланган – Черниҳивдан Броварига (Киев атрофидаги яна бир шаҳарча).

Киев областида тўпланган кучлар (жами 19 та батальон такти гуруҳлари, яъни 20 мингга яқин ҳарбий) ва Гостомел десант амалиётида иштирок этган кучлар сонига қараб, Россия қўмондонлиги айнан Полесский йўналишига катта умид боғлаганини кўриш мумкин.

Тадқиқот: Россия Украинани 10 кунда босиб олишни режалаштирганди. Бу нега амалга ошмаган?