Германия

Германия номи дунё тилларига лотин тилидан тарқалган. Бу ном милоддан аввалги III асрда пайдо бўлган. Германия номи қадимги келт тилидаги «gair» - «қўшни» сўзидан келиб чиққан деб ҳисобланади. Олимлар «Германия» сўзи лотин тилига қадимги галл тилидан ўтган деб ҳисоблайди. Аммо герман қабилаларининг ўзлари бу номдан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ёзма манбаларда Germanus сўзини илк бор машҳур саркарда ва император Юлий Сезар ишлатган. У Галлия (ҳозирги Франция ва Швейцария ҳудудлари) шимоли-шарқидаги қабилаларни шу ном билан атаган.

Милодий 98 йилда римлик тарихчи Тацит Рим империяси чегараларидан ташқарида яшовчи герман қабилалари ҳаёти тасвирланган машҳур «Германия» (лотинчи номи De Origine et situ Germanorum) асарини ёзган.

Бу ном лотин тилидан кейинчалик Европанинг кўплаб тилларига, жумладан, 1520 йилда инглиз тилига ўтган. XVIII-XIX асрларда дунёнинг катта қисмини эгаллаган инглизлар эса бу номни ўз мустамлакаларига тарқатган.

Ҳозирда италян, албан, рус ва инглиз тилларида немислар юрти «герман» сўзи асосига қурилган номлар билан аталади.

Ўзбек ва бошқа Марказий Осиё тилларига «Германия» номи рус тилидан кириб келган. Унгача ўлка халқлари Олмония номидан кенг фойдаланган.

Allemagne, Олмония

Бу номни Германиянинг французча номланиши деса ҳам бўлади.

III-IХ асрларда германларнинг энг йирик қабила бирлашмаси номи аллеманн (немисча алле-барча, маннер-одамлар, яъни барча одамлар, барча қабилалар) деб аталган. Улар Рейннинг юқори оқимида яшаган ва кўплаб герман уруғларини бирлаштирган.

Аллеманнлар билан узоқ вақт давомида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар олиб борган франклар уларнинг юртини Allemagne деб атай бошлаган. Бу ном франклар орқали Пиреней яриморолига ҳам кириб борган. VIII асрда Пириней яриморолини эгаллаган араблар маҳаллий аҳолидан айнан шу номни ўзлаштирган ва бу ном араблар орқали бутун мусулмон оламига, хусусан, Марказий Осиёгача етиб келган.

Шундай қилиб, Олмония сўзи ўзбек тилига араб тилидан кириб келганди.

Дунёнинг Испания, Португалия (Пириней яриморолида жойлашган давлатлар) ва Франция томонидан эгалланган ҳудудларида Олмония номидан фойдаланилади. Масалан, Жанубий Америка ва Ғарбий Африка мамлакатларида.