Жаҳон | 20:57 / 11.11.2024
1888
2 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Россиянинг Украинага қарши тўлақонли уруши бошланганидан кейин Германия ҳукумати қуролли кучларни янада замонавий жиҳозлашга қарор қилган ва бундесварнинг 100 миллиард евролик махсус жамғармаси ташкил этилганди.

Фото: DPA

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок мудофаа учун кўпроқ пул сарфлаш керак деб ҳисобламоқда. Унинг сўзларига кўра, ЯИМнинг 2 фоизини ташкил этадиган маблағни Германия мудофаа харажатларига сарфлаш — етарли эмас.

Бербокнинг айтишича, мудофаа харажатларининг ошиши Доналд Трамп АҚШ президентлиги сайловларида ғалаба қозонганидан кейин трансатлантик муносабатлар учун кўприк вазифасини ўташи мумкин. Бундан ташқари, мудофаага йўналтириладиган пулларнинг оширилиши Германия хавфсизлиги манфаатларига жавоб беради ва НАТОнинг Европа таркибий қисмини мустаҳкамлайди.

Бербок, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлашдаги ҳал қилувчи босқич ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, Украинани қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ бюджет маблағлари керак. Шу билан бирга, у Европа мудофаа қувватини, хусусан, ўзининг ҳаво макони ҳимоясини оширишни талаб қилмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, вазифаларни бўлиб олиш ва Евроиттифоқ таркибига кирувчи давлатлар армиялари имкониятларини бирлаштириш керак.

«Ҳозир ўтиш даври бошланди», — дейди Бербок Трампнинг сайловлардаги ғалабаси ва Германияда ҳукумат коалициясининг парчаланишини назарда тутиб. У куз ва қишда Украинага янада кўпроқ ёрдам кўрсатиш учун Ғарбни бирлашишга чақирди.

Германия ТИВ раҳбарлари АҚШ администрацияси ушбу масалада Европанинг ишончли шериклигича қолишига умид билдирди.

Россиянинг Украинага қарши тўлақонли уруши бошланганидан кейин Германия ҳукумати қуролли кучларни янада замонавий жиҳозлашга қарор қилган ва бундесварнинг 100 миллиард евролик махсус жамғармаси яратилган эди.

Июл бошларида Германия 2025 йил учун мўлжалланган бюджетни тасдиқлади — унинг доирасида мудофаа харажатлари 53 миллиард долларни ташкил этади. 2028 йилга бориб, мамлакатнинг ушбу йўналишдаги харажатлари 80 миллиард еврогача ошишини тахмин қилмоқда.

Мавзуга оид