Қорақалпоғистондаги сув тошиши бўйича жиноят иши қўзғатилди
Тўрткўл туманида канал тошиши оқибатида уйлар ва экин майдонини сув босган.
Қорақалпоғистон прокуратураси Тўрткўл туманидаги «Калтаминор-1» хонадонлараро каналининг ўнг қирғоғидан сув чиқиб кетиши оқибатида уйлар ва экин майдонларини сув босгани ҳолати юзасидан қатор мансабдорларга жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, тошқин оқибатида шу ҳудудда яшовчи 7 кишининг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик иншоотларига зарар етган. Сув тошқини жараёнида жароҳатланган фуқаролар бўлмаган. ФВВ томонидан шу куни соат 07:00 га қадар сув тошқини бартараф этилиб, тўпланиб қолган сувдан ҳовли ер майдонлари тозаланган.
Ҳодиса жойига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ҳамда республика прокуратураси масъуллари етиб бориб, вазият жойида ўрганилиб, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳудудий сектор раҳбарлари ҳамда бошқа масъулларга тегишли топшириқлар берилган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тўрткўл туман прокуратураси томонидан «Пахта арна найман» ирригация тармоқлари бошқармаси ва Тўрткўл туман Ирригация бўлими мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 203-моддаси (Сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш юзасидан экспертиза тайинланган.
«Ҳозирда ҳодиса юз беришига сабабчи бўлган айбдорларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.
Бундан олдинроқ сув босишига канал ёқасидаги кемирувчилар уяси орқали ўпқон олиб, чиқиб кетгани сабаб сифатида кўрилаётганди.
Мавзуга оид
08:20 / 21.12.2024
Қорақалпоғистонда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
11:31 / 27.11.2024
Қорақалпоғистонда 3 бош Бухоро буғусини ўлдирган шахс 3,3 млрд сўмлик зарар етказди
17:03 / 16.11.2024